«CapCut»нинг таҳрир воситалари «Gemini»га интеграция қилинмоқда
Энди фойдаланувчилар «Gemini»нинг ўзида расм ва видеоларни тўғридан-тўғри таҳрир қилиш имконига эга бўлади.
© CapCut / X«Digital Trends» маълум қилишича, интеграция орқали «CapCut»нинг кенгайтирилган монтаж ва ижодий воситалари «Gemini» платформасига қўшилади.
«Тез орада CapCut таҳрирлаш воситаларидан фойдаланиб, иловаларни алмаштирмасдан Gemini ичида расм ва видеоларни бевосита таҳрирлаш мумкин», — дейилади Х ижтимоий тармоғидаги эълонда.
Маълум қилинишича, фойдаланувчилар «Gemini» орқали ғоя ишлаб чиқиши, сценарий тайёрлаши, тасвир ёки видео яратиши ҳамда шу ернинг ўзида контентни «CapCut» воситалари билан таҳрир қилиши мумкин бўлади. Бу эса ҳозирги каби бир иловадан иккинчисига ўтиш эҳтиёжини камайтиради.
«CapCut» вакилларининг фикри
«CapCut» вакиллари келажакдаги ижодий жараёнлар янада интерактив, интуитив ва сунъий интеллект билан чамбарчас интеграциялашган бўлишини таъкидлади. Компания фикрича, контент ишлаб чиқариш босқичларини бир жойга жамлаш фойдаланувчилар учун катта вақт тежайди.
Айни пайтда кўплаб контент яратувчилар «Gemini»дан ғоя ва матнлар учун, «CapCut»дан эса монтаж учун фойдаланади. Янги интеграция ушбу жараённи бирлаштириб, тўлиқ иш оқимини ягона муҳитга олиб кириши кутилмоқда.
Нашр қайд этишича, «Google» ва «CapCut» ўртасидаги ҳамкорлик аввалдан сезила бошлаган эди. Масалан, «Google Photos» хизмати орқали фотоларни тўғридан-тўғри «CapCut»га экспорт қилиш имконияти аллақачон мавжуд. Шунингдек, «CapCut» платформасида «Gemini» билан ишлашга мос махсус шаблон ва қўлланмалар ҳам пайдо бўлган.


