«ChatGPT» болаларга зарар етказиши мумкинми? АҚШнинг бир нечта штати «OpenAI»ни судга берди
АҚШнинг саккизта штати «OpenAI» компаниясини «ChatGPT» хавфсизлиги борасида истеъмолчиларни чалғитишда ҳамда болаларга зарар етказиши мумкин бўлган хизматларни тақдим этишда айбламоқда. Компания эса ўз навбатида ҳимоя механизмларини такомиллаштиришда давом этишини маълум қилган.

АҚШнинг саккизта штати сунъий интеллект йўналишида етакчи бўлган «OpenAI» компаниясига қарши суд ишларини бошлади. Даъво аризаларида қайд этилишича, «ChatGPT» чат-боти айрим фойдаланувчиларга ҳаёт учун хавфли тиббий маслаҳатлар бериши, уларнинг нотўғри қарашларини янада кучайтириши, ҳатто ўз жонига қасд қилиш ёки атрофдагиларга зарар етказишга ундаши мумкин.
Штатларнинг бош прокурорлари компанияни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузишда ва «ChatGPT» хавфсизлиги борасида жамоатчиликни алдашда айбламоқда. Улар «OpenAI»дан маҳсулотнинг ишлаш тартибини тубдан ўзгартиришни, хавфсизлик чораларини кучайтиришни ва йўл қўйилган қонунбузарликлар учун молиявий товон тўлашни талаб қилмоқда.
«Reuters» агентлигининг хабарига кўра, мазкур жараён АҚШда сунъий интеллект компаниясига қарши штатлар миқёсида олиб борилаётган энг йирик ва ўзаро мувофиқлаштирилган ҳуқуқий ҳаракатлардан биридир.
Қайси штатлар «OpenAI»ни судга берди?
2026 йилнинг 14 октябрида Айова, Канзас, Аризона, Арканзас, Айдахо, Монтана, Небраска ва Ғарбий Виржиния штатлари «OpenAI» устидан судга шикоят қилди.
Ушбу штатларнинг бош прокурорлари даъво аризаларини ўз ҳудудларидаги судларга мустақил равишда киритган. Айрим аризаларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунлари бузилгани, бошқаларида эса ёш фойдаланувчиларни ҳимоялашга доир талаблар четлаб ўтилгани иддао қилинган.
Хусусан, Айова штати бош прокурори Бренна Бёрд компанияни истеъмолчиларни фирибгарликдан ҳимоя қилиш қонунини бузганликда айблади. Унинг аризасида «ChatGPT»нинг хавфсизлиги ҳақидаги баландпарвоз баёнотлар билан унинг амалдаги ишлаш жараёни ўртасида катта тафовут борлиги таъкидланган.
Аризона бош прокурори Крис Мейс эса компаниянинг маҳсулот дизайни ва маркетинг сиёсатини кескин танқид қилган. Даъвога кўра, чат-бот фойдаланувчиларга доимо маъқулловчи оҳангда жавоб қайтаришга мойил, у инсоний ҳамдардликни сохталаштиради ва фойдаланувчиларни платформада иложи борича кўпроқ вақт ўтказишга ундайди.
Небраска бош прокурори Майк Ҳилгерс истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунларидан ташқари, ёшларга мўлжалланган онлайн хизматлар дизайнига оид қоидалар ҳам бузилганини даъво қилмоқда.
«ChatGPT» нимада айбланмоқда?
Штатлар томонидан киритилган даъволарда бир нечта жиддий масалалар кўтарилган.
Биринчидан, чат-бот баъзи ҳолатларда ҳаёт учун хавфли бўлган тиббий маслаҳатлар бериши мумкинлиги айтилмоқда. Даъвогарларнинг фикрича, фойдаланувчилар «ChatGPT» жавобларига тўлиқ ишониб, бунинг ортидан нотўғри ва зарарли хулосаларга келиши мумкин.
Иккинчидан, чат-бот айрим фойдаланувчиларнинг асоссиз шубҳалари ёки хато қарашларини янада кучайтириши, руҳий жиҳатдан нозик ҳолатдаги инсонлар билан мулоқотда хатарли жавоблар қайтариши мумкинлиги таъкидланган.
Учинчидан, штатлар «ChatGPT» айрим суҳбатларда инсонларни ўз жонига қасд қилишга, бошқаларга зарар етказишга ёки зўравонлик ҳаракатларини режалаштиришга ундовчи жавоблар берганини иддао қилмоқда. Айрим аризаларда ҳатто оммавий қуролли ҳужумларни режалаштиришга ёрдам бериши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам тилга олинган.
Тўртинчидан, Аризона штати даъвосида чат-бот айрим вояга етмаган фойдаланувчиларни ўз шахсий маълумотларини улашишга ундаши, баъзида эса бу маълумотларни ота-онаси, яқинлари ёки тегишли идоралардан сир сақлашга ундовчи жавоблар бериши мумкинлиги қайд этилган.
Штатлар ушбу ҳолатларни «OpenAI» хавфсизликка доир хатарларни етарлича очиқламаганлиги ва истеъмолчиларда маҳсулот хавфсизлиги борасида сохта тасаввур уйғотганлигига асос қилиб кўрсатмоқда.
Нега чат-ботнинг одамга ўхшаб мулоқот қилиши баҳс-мунозара уйғотмоқда?
Даъвогарлар «OpenAI»нинг маҳсулот дизайни билан боғлиқ яна бир нозик жиҳатга эътибор қаратмоқда: «ChatGPT» фойдаланувчига ўта хушмуомала, ҳамдард ва унинг фикрларини сўзсиз қўллаб-қувватлайдиган яқин суҳбатдошдек кўринади.
Аризаларда бу хусусият айниқса ўсмирлар ва руҳий жиҳатдан таъсирчан инсонлар учун жиддий хавф туғдириши мумкинлиги таъкидланган. Даъвогарларнинг фикрича, бундай илиқ мулоқот услуби фойдаланувчиларнинг чат-ботга кўр-кўрона ишонишига ва унинг жавобларини танқидий таҳлил қилмаслигига олиб келади.
Аризона бош прокурори баёнотида компания чат-ботни атайлаб фойдаланувчиларни платформада узоқроқ ушлаб туришга мўлжаллаб ишлаб чиққан, деган айблов ҳам бор.
Штатлар «OpenAI»дан нимани талаб қилмоқда?
Суд ишларидаги талаблар ҳар бир штатнинг ички қонунчилиги ва даъвосига қараб турлича. Умуман олганда, штатлар компаниядан қуйидагиларни талаб қилмоқда:
· «ChatGPT»нинг хавфсизлиги ва фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш тизимига жиддий ўзгартиришлар киритиш;
· Истеъмолчиларни маҳсулотнинг имкониятлари ва ундаги хавф-хатарлар борасида чалғитмаслик;
· Тегишли штат қонунлари бузилгани ўз исботини топса, фуқаролик-ҳуқуқий жарималар ва бошқа турдаги молиявий жазоларни қўллаш;
· Даъволарда кўрсатилган зарарлар учун муносиб компенсация тўлаш.
Айрим аризаларда эса ўзини ўзи такомиллаштира оладиган сунъий интеллект моделларини улар инсоний қадриятларга тўла мос келмагунича ишлаб чиқишни чеклаш талаби ҳам илгари сурилган.
«OpenAI» айбловларга қандай муносабат билдирди?
«OpenAI» вакилларининг таъкидлашича, «ChatGPT» да болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида махсус ҳимоя механизмлари жорий этилган ва моделни такомиллаштириш ишлари доимий равишда давом эттирилмоқда.
«Associated Press» хабарига кўра, компания ўз баёнотида «нотўғри йўналишга кириб қолган моделлар» устида доимий тадқиқотлар олиб бораётганини маълум қилган.
«OpenAI» компанияси айрим AI моделларининг хавфсизлик билан боғлиқ хатти-ҳаракатларини ўрганаётганини билдирган.
Компания маълумотларига кўра, мустақил ташқи экспертлар ҳам унинг сиёсати ва «ChatGPT»нинг хулқ-атворини мунтазам ўрганиб боради. «OpenAI» штатлар билан ҳамкорлик қилишга ва нафақат битта компания, балки бутун бошли AI саноати учун хизмат қиладиган ягона амалий қоидаларни ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирган.
Шунга қарамай, «OpenAI» қўйилаётган айбловларнинг барчасини ҳам тан олаётгани йўқ. Компания ўзида мавжуд ҳимоя чораларини етарли деб ҳисобласа, штатлар уларни талабга жавоб бермайди демоқда.
Ўсмирлар «ChatGPT»дан қанчалик кўп фойдаланади?
«OpenAI» берган маълумотга кўра, «ChatGPT»дан фойдаланувчи ўсмирларнинг қарийб 90 фоизи ушбу хизматдан фақат таълим олиш, маълумот излаш, янги кўникмаларни шакллантириш ёки ўз унумдорлигини ошириш мақсадида фойдаланади. Компания ўсмирлар чат-ботда ўртача ҳисобда кунига 15 дақиқадан камроқ вақт сарфлашини ҳам маълум қилган.
«OpenAI» «ChatGPT»дан фақат 13 ёшдан бошлаб фойдаланиш рухсат этилганини, 18 ёшга тўлмаганлар учун эса ота-она ёки васийнинг розилиги талаб қилинишини эслатиб ўтди. Қолаверса, компания 2026 йилнинг август ойида ўсмирлар учун янада кучайтирилган ҳимоя чораларига эга бўлган алоҳида версияни ҳам тақдим этган.
Бироқ бу рақамлар компаниянинг ички статистикасига асосланган. «Associated Press» хабарида «Common Sense Media» ташкилотининг ёшлар билан боғлиқ AI тадқиқотлари раҳбари Лора Зиммерман ушбу статистиканинг ҳаққонийлигига шубҳа билдиргани қайд этилган. Унинг сўзларига кўра, чат-бот фойдаланувчининг ҳақиқий ёшини ҳар доим ҳам тўғри аниқлай олмайди; ташкилот томонидан ўтказилган мустақил синовларда ҳам бундай ҳолатлар тез-тез кузатилган.
Бу «OpenAI»га қарши очилган илк суд иши эмас
Бундан аввал ҳам «OpenAI» ва унинг маҳсулоти фаолияти билан боғлиқ суд ишлари бўлган.
«Reuters» маълумотларига кўра, Флорида штати бош прокурори ҳам 2026 йилнинг июн ойида компанияга қарши худди шундай мазмундаги даъво аризасини киритган. Унда ҳам «ChatGPT» айрим фойдаланувчиларга зарар етказиши, хавфли маслаҳатлар бериши ва болаларни етарли даражада ҳимоя қилмаслигига доир айбловлар ўрин олган.
Бундан ташқари, айрим фуқаролар томонидан ҳам компанияга қарши хусусий суд даъволари очилган. Уларнинг орасида «ChatGPT» зўравонлик ҳаракатларини режалаштиришга ёрдам бергани ёки шахсий маълумотлар билан ишлашда тегишли розилик олиш талабларини бузгани ҳақидаги шикоятлар ҳам бор.


