Давлат харидларида 7,2 млрд сўмлик қонунбузилишлар аниқланди

Bugun 12:252 daqiqa

Энг йирик қонунбузилишлар Фарғона, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларидаги давлат ташкилотлари ҳиссасига тўғри келган.

Давлат харидларида 7,2 млрд сўмлик қонунбузилишлар аниқланди © stock

Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан давлат харидлари соҳасида ўтказилган ўрганишлар давомида 7,2 миллиард сўмдан ортиқ қийматга эга тендер ва танлов савдоларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Қўмита маълумотига кўра, ҳолатлар мониторинглар ҳамда келиб тушган мурожаатлар асосида текширилган.

Аниқланишича, бир қатор буюртмачи ташкилотлар ва танлов иштирокчилари томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси талабларига риоя қилинмаган. Хусусан, савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар кузатилган.

Энг йирик ҳолатлар Фарғона ва Сурхондарёда

Тошкент шаҳрида «Маъно» МЧЖ томонидан ўтказилган қарийб 988 миллион сўмлик савдо текширувга тушган.

Сурхондарё вилоятида эса бир нечта таълим муассасалари билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилди. Жумладан, Шўрчи туманидаги 125-сонли «Нурли маскан» таълим муассасасининг 1,1 миллиард сўмлик, кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 371 миллион сўмлик ҳамда 68-сонли мактаб-интернатнинг 226 миллион сўмлик харидлари ўрганилди.

Фарғона вилоятидаги Қува туман Ободонлаштириш бошқармасига тегишли икки тендерда эса 2,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Қатор ташкилотларга чора кўрилди

Шунингдек, Сирдарё вилояти Гулистон туман Ободонлаштириш бошқармасининг 1 миллиард сўмлик, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар спорт мактаб-интернатига тегишли 364 миллион сўмлик ҳамда Андижон вилояти Балиқчи тумани 2-сон техникумининг 800 миллион сўмлик давлат харидлари ҳам текширувга тушган.

Қўмита ҳудудий бошқармалари махсус комиссиялари томонидан ушбу ташкилотларга нисбатан ишлар қўзғатилган. Натижада қонунбузилишларни бартараф этиш, айрим ҳолатларда молиявий жарималар қўллаш ва материалларни ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли идораларга юбориш чоралари кўрилган.

Давлат харидларида назорат кучайтирилади

Рақобат қўмитаси давлат харидлари соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш ва тадбиркорлар учун тенг рақобат муҳитини яратиш устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади.

Қўмитага кўра, бундай қонунбузилишларнинг олдини олиш давлат маблағларининг шаффоф ва самарали сарфланишига хизмат қилади. Шу билан бирга, келгусида шундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича буюртмачи ташкилотларга мажбурий кўрсатмалар берилган.

Teglar

Mavzuga oid

Давлат харидларида 7,2 млрд сўмлик қонунбузилишлар аниқланди | Vaqt.uz