Дунёда миллиардерлар сони рекорд даражага етди
Уларнинг умумий бойлиги 12,8 фоизга ошиб, 15,1 трлн долларни ташкил этди.
© Forbes2025-йил якунига кўра, дунёдаги миллиардерлар сони рекорд даражага — 3 795 нафарга етди. Бу ҳақда «Altrata» ҳисоботида маълум қилинди.
8,2 фоизлик ўсиш сўнгги беш йилдаги энг юқори кўрсаткич бўлди. Бунга фонд бозорларининг ўсиши, пул-кредит сиёсатидаги рағбатлантириш чоралари ва сунъий интеллект соҳасига инвестициялар оқимининг кучайиши натижасида ўта бой инсонлар бойлигининг жадал ошиши сабаб бўлган.
Маълумотларга кўра, бир йил давомида миллиардерлар сафига 287 нафар янги шахс қўшилган. Сўнгги 10 йилда уларнинг сони қарийб 60 фоизга ошган. 2025-йилда миллиардерларнинг умумий бойлиги рекорд даражага — 15,1 трлн долларга етган. Бу 2024-йилга нисбатан 12,8 фоизга кўп.
Миллиардернинг ўртача бойлиги 4 млрд долларни ташкил этади. Медиана кўрсаткич эса 2 млрд долларга яқин. Бу энг бойлар гуруҳидаги «супермиллиардерлар» бойлигининг жуда катта экани ва маблағлар бир текис тақсимланмаганини кўрсатади. «Супермиллиардерлар» қаторига бойлиги 50 млрд доллардан ортиқ бўлган 29 киши киради. Бугунги кунда бу кичик гуруҳ миллиардерларга тегишли барча активларнинг 27 фоизини назорат қилади. 2017-йилда бу кўрсаткич 7 фоизни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг энг бой аёли номи эълон қилинганди. «Forbes» рейтингига кўра, мамлакатдаги энг бадавлат аёлларнинг жами бойлиги бир йил ичида 25,75 миллиард доллардан 18,95 миллиард долларгача қисқарган.





