Logo

Эмомали Раҳмон ўзбекча мактаблар масаласини кўтарди

Bugun 08:301 daqiqa

Мамлакат президенти Турсунзодага қилган ташрифи чоғида масъулларга ўзбекзабон аҳоли учун янги ўқув муассасаларини барпо этиш ва уларни дарсликлар билан таъминлаш бўйича топшириқ берди.

Эмомали Раҳмон ўзбекча мактаблар масаласини кўтарди

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Турсунзода шаҳрига қилган ишчи ташрифи чоғида ўзбекзабон аҳоли учун янги мактаблар қуришни буюрди.

«Ховар» нашрига кўра, Тожикистон раҳбари республика ва шаҳар таълим соҳасидаги масъулларга Турсунзодадаги ўзбекзабон аҳоли учун таълим ўзбек тилида олиб бориладиган муассасалар ташкил этиш вазифасини юклаган.

Шунингдек, ушбу мактабларни ўзбек тилидаги дарсликлар ҳамда бошқа зарур ўқув материаллари билан таъминлаш бўйича кўрсатма берилган.

Турсунзодада таълим кенгаймоқда

Президент ўқитувчиларни замонавий фанларни ривожлантириш, янги техника ва технологиялардан самарали фойдаланиш, табиий ва аниқ фанлар, математика ҳамда хорижий тилларни чуқур ўргатишга чақирган.

Турсунзода шаҳрида ҳозир 132 та умумтаълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларда 78 863 нафардан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда.

Шаҳарда Тожикистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига тайёргарлик доирасида 24 та таълим муассасасини қуриш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар умумий сиғими 8185 ўқувчига мўлжалланган 19 та ўқув биноси фойдаланишга топширилган.

Teglar

Mavzuga oid