
Эрон, АҚШ ва Исроил дўст бўлади: Шаҳзода Эрон келажагига оид баёнот эълон қилди
Эроннинг қувғиндаги шаҳзодаси Ризо Паҳлавий халқаро ҳамжамиятни Эрон халқини қўллаб-қувватлашга чақирмоқда.

Эронда ҳокимият ўзгарган тақдирда мамлакат ташқи сиёсати ва хавфсизлик стратегияси тубдан янгиланади. Бу ҳақда Эроннинг қувғиндаги валиаҳд шаҳзода Ризо Паҳлавий Х ижтимоий тармоғидаги мурожаатида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, янги Эрон ҳарбий ядровий дастурни тўхтатади, минтақадаги кескинликни юмшатишга ҳаракат қилади ва халқаро ҳамкорликка очиқ бўлади.
Паҳлавий ҳозирги ҳокимият даврида Эроннинг халқаро қиёфаси терроризм, экстремизм ва иқтисодий қашшоқлик билан боғланиб қолганини айтди. Унинг фикрича, «озод Эрон» аксинча, барқарорликни таъминловчи ва масъулиятли ҳамкор сифатида қабул қилинади.
Хавфсизлик сиёсати доирасида Паҳлавий Эроннинг ҳарбий ядровий дастури тўлиқ тўхтатилишини ва турли қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлашдан воз кечилишини ваъда қилди. Унинг сўзларига кўра, янги ҳокимият терроризм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик ҳамда экстремизмга қарши курашда минтақавий ва глобал шериклар билан ҳамкорлик қилади.
Ташқи сиёсатда эса Америка Қўшма Штатлари билан муносабатларни нормаллаштириш муҳим мақсад сифатида қайд этилди. Паҳлавий, шунингдек, Исроил давлатини расман тан олишни ва мавжуд минтақавий келишувларни кенгайтиришни режалаштираётганини билдирди.
Иқтисодий соҳада Паҳлавий Эронни дунёдаги энг йирик ўзлаштирилмаган бозорлардан бири деб атади. У мамлакат савдо, инвестиция ва инновациялар учун очиқ бўлишини, шунингдек, ишончли глобал энергия етказиб берувчига айланишини айтди.
Шаҳзода халқаро ҳамжамиятни Эрон халқини қўллаб-қувватлашга чақириб, озод Эрон тинчлик, фаровонлик ва ҳамкорлик манбаига айланишини таъкидлади.





