Эскроу битимларининг асосий қисми автомобил савдосига тўғри келмоқда
Ўзбекистонда эскроу ҳисобварақлари орқали тузилаётган битимлар сони жадал ўсмоқда. Бир ойдан кўпроқ вақт ичида 40 мингдан зиёд шартнома расмийлаштирилган.
© Getty ImagеsЎзбекистонда эскроу ҳисобварақлари орқали кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдиси бўйича битимлар фаоллиги юқори даражага чиқди. 1 апрелдан 7 майгача бўлган даврда ушбу тизим орқали 40 мингдан ортиқ шартнома расмийлаштирилган.
Марказий банк маълумотларига кўра, ҳисобот даврида жами 40 767 та битим қайд этилган. Шундан 23 804 таси транспорт воситалари, 16 963 таси эса кўчмас мулк олди-сотдиси ҳиссасига тўғри келган.
Тошкент етакчи
Ҳудудлар кесимида энг юқори фаоллик Тошкент шаҳрида кузатилган. Пойтахтда эскроу орқали 11 679 та битим амалга оширилган. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти — 3 940 та ва Самарқанд вилояти — 3 614 та битим билан қайд этилган.
Бошқа ҳудудларда ҳам сезиларли фаоллик кузатилди. Жумладан, Тошкент вилоятида 2 683 та, Бухоро вилоятида 2 178 та, Қашқадарё вилоятида 2 134 та ва Хоразм вилоятида 1 927 та шартнома расмийлаштирилган. Қорақалпоғистонда 1 714 та, Сурхондарё вилоятида 1 746 та ва Навоий вилоятида 1 177 та битим қайд этилган.
«Эскроу механизми олди-сотди жараёнларида ҳисоб-китобларнинг хавфсизлиги, шаффофлиги ва ишончлилигини таъминлашга хизмат қилмоқда», — дейилади хабарда.





