Гелий таъминоти узилиши: чип индустриясида глобал хавфлар кучаймоқда

Bugun 17:564 daqiqa

Гелий яримўтказгичлар ишлаб чиқаришда муҳим хомашё бўлиб, унинг етишмаслиги логистика, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш жараёнларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Гелий таъминоти узилиши: чип индустриясида глобал хавфлар кучаймоқда

Яқин Шарқдаги можаро фонида гелий танқислиги технологик сектордаги глобал таъминот занжирларига таъсир қила бошлади. Чип ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг етказиб берувчилари хомашёнинг муқобил манбаларини шошилинч излашга мажбур бўлмоқда, деб хабар бермоқда «Reuters» соҳа вакилларига таяниб.

Агентлик суҳбатдошлари огоҳлантиришича, узоққа чўзилган узилишлар ҳолатида гелий танқислиги электроникадан тортиб автомобилсозликкача бўлган кенг тармоқларга таъсир кўрсатиши мумкин.

Хомашё танқислиги

«Reuters» ёзишича, табиий газни қайта ишлашнинг қўшимча маҳсулоти ҳисобланган гелий микросхемалар ишлаб чиқаришнинг бир нечта муҳим босқичларида, жумладан совитиш, оқишларни аниқлаш ва юқори аниқликдаги жараёнларда қўлланилади.

Яқин Шарқдаги можаро ушбу хомашё танқислигига олиб келганини Швейцариянинг яримўтказгичлар учун компонентлар ишлаб чиқарувчи «VAT» компаниясининг Хитойдаги савдо раҳбари Жерри Жан «Reuters»га маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, уруш нафақат унинг компаниясида, балки бозорнинг бошқа иштирокчиларида ҳам чип ишлаб чиқаришга таъсир кўрсатмоқда. Қўшимча босимни логистикадаги кечикишлар кучайтирмоқда. Компания, жумладан, АҚШдан ҳам муқобил таъминот манбаларини изламоқда.

«Reuters» қайд этишича, узилишлар нафақат гелий таъминотига, балки чип ишлаб чиқарувчиларнинг бошқа таъминот занжирларига ҳам таъсир қилмоқда. Хусусан, Швециянинг «Mycronic» компаниясига қарашли «MRSI» бўлинмасининг стратегик маркетинг директори Жоу Лимин агентликка маълум қилишича, Исроилдан етказиб бериладиган айрим турдаги хомашёлар ҳам кечикишларга учраган. У аниқ қайси хомашё эканини очиқламаган, бироқ бу узилишлар компонентлар етказиб бериш муддатларини узайтириб, охир-оқибат мижозларга таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган, етказиб берувчилар буюртмаларни бажариш муддатини узайтиришга мажбур бўлмоқда.

Гелий нархлари ҳақида нима маълум?

«Яқин Шарқдаги инқироз бошланганидан март ўрталаригача гелийнинг спот нархлари икки бараварга ошди, чунки харидорлар таъминотни таъминлаб олишга ҳаракат қилган», – деди «Kornbluth Helium Consulting» президенти Фил Корнблут.

Гелий бозори кўпчилик хомашё бозорларидан фарқ қилади: асосий таъминот шаффоф спот бозор орқали эмас, балки узоқ муддатли шартномалар орқали амалга оширилади. Бу эса таклиф қисқарган тақдирда ҳам нарх сигналлари секин шаклланишини англатади, деб тушунтиради агентлик.

Бундай шаффофликнинг етишмаслиги нарх шаклланишини қийинлаштиради. Бироқ 12-март ҳолатига кўра, Қатардаги энг йирик суюлтирилган табиий газ заводи иши тўхтатилгандан сўнг «AKAP Energy» тадқиқот компанияси раҳбари Аниш Кападиа гелий спот нархлари тахминан 50 фоизга ошганини айтган.

Унинг таъкидлашича, таъминот узилишлари узоқ давом этса, нархлар кескин ошиши ва аввалги танқисликлар давридаги энг юқори кўрсаткичларга – ҳар минг куб фут учун 2 минг доллардан ортиқ даражага яқинлашиши мумкин.

«IndexBox» бош директори Александр Романенко эса 30 кунлик узилишлар гелий нархларини 10–20 фоизга ошириши, 60–90 кун давом этган ҳолатда эса ўсиш 25–50 фоизга етиши мумкинлигини қайд этди.

Гелий қаерларда ишлатилади?

Гелий таъминоти географик жиҳатдан кучли даражада жамланган: АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, жаҳон ҳажмининг қарийб учдан бир қисмини Қатар таъминлайди. Қатар суюлтирилган табиий газ бозорида ҳам муҳим ўрин тутади: 2025-йилда мамлакат тахминан 190 млн куб метрлик жаҳон таклифидан 63 млн куб метрга яқин гелий ишлаб чиқарган.

2026-йил феврал ҳолатига кўра, АҚШда гелий истеъмолининг энг катта қисми «аналитик, муҳандислик ва илмий қўлланмалар» ҳиссасига тўғри келади (22 фоиз). Яна тахминан 17 фоиз гелий яримўтказгичлар, оптик тола ва назорат қилинадиган муҳит талаб этувчи бошқа жараёнларда ишлатилади. Яна 17 фоиз гелий кўтарувчи газ сифатида, масалан, ҳаво шарлари, метеозондлар ва дирижаблларда қўлланилади.

Салмоқли улуш тиббиётга тўғри келади, асосан МРТ (15 фоиз). Қолган қисми аэрокосмик соҳа (9 фоиз), пайвандлаш (8 фоиз), дайвинг ва оқишларни аниқлаш (ҳар бири 5 фоиз)га тўғри келади, бошқа қўлланмалар эса тахминан 2 фоизни ташкил этади.

Қисқа муддатли гелий танқислиги хавфи ҳақида 25-март куни Франциянинг саноат газлари бўйича йирик гуруҳи «Air Liquide» вакили ҳам огоҳлантирган.

Таҳлилчилар нима демоқда?

«Гелий танқислиги шароитида компанияларда тезкор ечимлар деярли йўқ – ишлаб чиқаришни секинлаштириш ва энг муҳим маҳсулотларга устуворлик беришдан бошқа чора қолмаяпти», – деди «Tidal Wave Solutions» консалтинг компанияси катта ҳамкори Кэмерон Жонсон.

«Reuters» унинг сўзларини келтириб, «гелий танқислиги жиддий муаммо», эканини ва кўпчилик вазият тез орада ҳал бўлишига умид қилаётганини таъкидлайди. Унинг фикрича, узоқ давом этган гелий танқислиги микросхемалар ишлаб чиқаришининг қисқаришига олиб келиши ва электроникадан тортиб автомобилсозликкача бўлган кенг соҳаларга таъсир кўрсатиши мумкин.

«Гелий етишмаслиги фонида компаниялар ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартириши ёки ҳатто чиплар ишлаб чиқаришни тўхтатиши мумкин. Агар бу рўй берса, оқибатлар электроника, автомобиллар ва ҳатто смартфонларгача таъсир қилади», – деди Жонсон.

Teglar

Mavzuga oid