Ҳафталик нархлар: гўшт яна қимматлашди, сабзавотлар эса арзонлашмоқда
Vaqt.uz Марказий банк маълумотлари асосида энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотларини ҳафталик нархларидаги ўзгаришларни мунтазам таҳлил қилиб боради.

Марказий банкнинг “narxtahlil.uz” платформасида эълон қилинган ҳафталик маълумотларга кўра, озиқ-овқат маҳсулотларида турлича ўзгаришлар кузатилди.
Мол гўшти нархи ўтган ҳафтада йил бошидан буён биринчи марта арзонлашган бўлишига қарамай, бу ҳафта нарх яна ошди. Мол гўштининг энг юқори нархи Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятига, энг арзон нарх эса Қорақалпоғистонга тўғри келмоқда.
Шунингдек, мавсумий омиллар сабзавотлар бозорига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Мевалар сегментида ҳолат турлича бўлиб, айрим маҳсулотларда пасайиш давом этган бўлса, бошқаларида нисбатан барқарорлик сақланиб қолди.
Vaqt.uz 17-24 июндаги энг муҳим 15 хил озиқ-овқат маҳсулотлари нархини таҳлил қилди.
Асосий маҳсулотлар
Ҳафта давомида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи нисбатан барқарор бўлди. Хусусан, пахта ёғи нархи 20 минг 247 сўмга етиб, 0,2 фоизга ошди. Кунгабоқар ёғи эса 21 минг 465 сўмга ёки 0,1 фоизга тушди. Лекин амалда нархи ўзгармаган. Бу маҳсулот нархи кетма-кет иккинчи ҳафта арзонламоқда.
Ун маҳсулотлари сегментида ҳам нархлар сезиларли даражада ўзгармади. Биринчи нав ун нархи ўтган ҳафтадаги 6 минг 241 сўмдан 6 минг 248 сўмга кўтарилган. Олий нав ун эса 0,4 фоизга ошиб, 9 минг 391 сўмни ташкил қилди. Ун маҳсулотлари нархлари ўтган ҳафтада сезиларли даражада арзонлаган эди.
Гўшт маҳсулотлари нархи яна ошди. Масалан, ўтган ҳафта мол гўшти нархи йил бошидан буён биринчи марта 0,1 фоизга пасайган эди. Бу ҳафта эса аксинча 0,2 фоизга қимматлашди. Натижада мол гўштининг ўртача нархи 122 минг 775 сўмни ташкил қилди. Қўй гўшти нархи ўтган ҳафтада 0,2 фоизга тушган бўлса, бу ҳафта унинг нархи ўзгаришсиз қолди. Яъни, 1 кг қўй гўшти нархи 133 минг 487 сўмни ташкил этди.
Ўтган ҳафта улгуржи бозорда ҳам қўй гўшти нархлари пасайгани кузатилган эди. Бу ҳафтада эса чакана бозорда юқори нарх босими сақланиб қолмоқда. Моль гўшти бозорида эса улгуржи сегмент нисбатан барқарор бўлса-да, чакана савдода нархлар аста-секин ўсишда давом этмоқда. Бу ҳолат чакана ва улгуржи бозор ўртасидаги тафовут сақланиб қолаётганидан далолат беради.
Шакар ва гуруч каби кундалик истеъмол маҳсулотлари нархида эса сезиларли ўзгариш кузатилмади. Бироқ тухум нархи 0,8 фоизга арзонлади. Товуқ гўшти нархи 0,3 фоизга ошиб, 32 минг 015 сўмни ташкил қилди. Ўтган ҳафтада унинг нархи 0,5 фоизга тушган эди. Бу эса ушбу маҳсулотларда нархлар турлича шакллангани кўрсатади.
Сут маҳсулотлари нархи 0,2 фоизга ошиб, 7 минг 783 сўмни ташкил этди. Бу маҳсулот нархи ўтган ҳафтада 0,4 фоизга арзонлаган эди. Шакар нархи эса 13 минг 162 сўмга кўтарилиб, 0,1 фоизлик ўсишни қайд этди. Лекин чакана бозордаги нарх ўзгармаган. Шунингдек, гуруч нархи кетма-кет учинчи ҳафта ошиб, бу ҳафтада унинг нархи 14 минг 447 сўмга етди.
Mahsulot | 17.06.2026 | 24.06.2026 | O'zgarish (%) |
Paxta yog‘i (1 litr) | 20 210 | 20 247 | +0,2% |
Kungaboqar yog‘i | 21 441 | 21 465 | +0,1% |
Un (1-nav) | 6 241 | 6 248 | +0,1% |
Mol go‘shti (1 kg) | 122 547 | 122 775 | +0,2% |
Qo‘y go‘shti (1 kg) | 133 447 | 133 487 | 0,0% |
Tuxum | 11 566 | 11 478 | -0,8% |
Сабзавотлар
Сабзавот бозорида мавсумий арзонлашув тенденцияси давом этмоқда. Ўтган ҳафтада булғор қалампири 9,3 фоизга арзонлашган бўлса, бу ҳафта ҳам унинг нархи кескин тушиб, яна 6,7 фоизга пасайди. Шунингдек, бу ҳафта бақлажон нархи 11,9 фоизга тушиб, 6 минг 896 сўмни ташкил этди. Бақлажон нархи мавсумий сабзавот бўлгани учун кескин пасайишда давом этмоқда.
Помидор нархи ҳам кетма-кет бешинчи ҳафта тушмоқда. Ҳафта давомида помидор нархи 13,4 фоизга арзонлаб, 5 минг 798 сўмни ташкил қилди. Таққослаш учун, ўтган ҳафта ушбу маҳсулот нархи 14,7 фоизга пасайган эди.
Бодринг нархи ҳам арзонлашишда давом этмоқда. Унинг ўртача нархи 5 минг 439 сўмни ташкил этиб, бир ҳафта ичида 6,2 фоизга пасайган. Ўтган ҳафтада бодринг 5 минг 801 сўмдан сотилган эди. Картошка маҳсулотида ҳам нархлар пасайиши давом этмоқда. Картошка нархи 5,1 фоизга арзонлаб 4 минг 775 сўмга тушди.
Сабзи ва карам нархларида эса аксинча ўсиш кузатилди. Хусусан, сабзи нархи 6,8 фоизга ошиб, 4 минг 267 сўмга етди. Бу маҳсулот кетма-кет иккинчи ҳафта бошқа маҳсулотларга қараганда энг кескин ошган маҳсулот бўлди. 1 кг нархи карам нархи эса 3 минг 717 сўмга етиб, ўтган ҳафтага нисбатан 3,9 фоизга қимматлашди.
Шунингдек, пиёз нархи ҳам 2,1 фоизга ошиб, 2 минг 379 сўмни ташкил қилди. Бироқ бу маҳсулот ўтган ҳафтада 2 минг 345 сўмдан 2 минг 330 сўмга пасайган эди. Пиёз нархи бошқа сабзавотларга нисбатан юқори ўсиш тенденциясини сақлаб келмоқда.
Айрим сабзавотлар нархининг ошиши янги ҳосил ҳали бозорга тўлиқ чиқмагани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Аксинча, помидор, бодринг ва булғор қалампири каби маҳсулотларда янги ҳосил таклифининг кўпайиши нархларнинг сезиларли пасайишига олиб келмоқда.
Mahsulot | 17.06.2026 | 24.06.2026 | O'zgarish (%) |
Kartoshka (1 kg) | 5 034 | 4 775 | -5,1% |
Piyoz (1 kg) | 2 330 | 2 379 | +2,1% |
Sabzi (1 kg) | 3 995 | 4 267 | +6,8% |
Pomidor (1 kg) | 6 699 | 5 798 | -13,4% |
Bodring (1 kg) | 5 801 | 5 439 | -6,2% |
Мевалар
Мевалар сегментида эса аксарият маҳсулотлар нархининг пасайгани кузатилди. Энг катта пасайиш узум нархида қайд этилиб, бир ҳафта ичида 13,2 фоизга арзонлашди. Натижада 1кг узумнинг ўртача нархи 16 минг 615 сўмни ташкил қилди. Ушбу маҳсулот нархи икки ҳафтадан буён пасаймоқда.
Олма ва нок маҳсулотлари нархларида ҳам пасайиш тенденцияси сақланиб қолмоқда. Хусусан, олма нархи ҳафта давомида 4,2 фоизга арзонлашиб, 14 минг 237 сўмга тушди.
Шунингдек, нок нархи ҳам пасайишда давом этмоқда. Унинг 1 кг нархи 20 минг 246 сўмни ташкил қилди. Бу нарх ўтган ҳафтага нисбатан 1,7 фоизга арзонлаган.
Лимон нархи эса аксинча ошиб бормоқда. Ўтган ҳафта маҳсулот 0,5 фоизга қимматлашган бўлса, бу ҳафта ҳам ўсиш сақланиб, 0,9 фоизни ташкил этди. Натижада 1 кг лимон нархи 49 минг 509 сўмга етди.
Бу эса мевалар бозорида нархлар пасайиш тенденцияси кузатилаётган бўлса-да, лимон нархи аксинча кескин ошмоқда.
Mahsulot | 17.06.2026 | 24.06.2026 | O'zgarish (%) |
Olma | 14 864 | 14 237 | -4,2% |
Nok | 20 600 | 20 246 | -1,7% |
Limon | 49 047 | 49 509 | +0,9% |
Uzum | 19 134 | 16 615 | -13,2% |
Ҳафта давомида озиқ-овқат бозорида турлича тенденция кузатилди. Хусусан, мол гўшти нархи яна қимматлашган бўлса, қўй гўшти нархи ўзгаришсиз қолди. Ўтган ҳафта йил бошидан бери биринчи марта гўшт маҳсулотлари нархи пасайган эди. Сабзавот ва мевалар сегментида эса мавсумий арзонлашув кучайди.
Айниқса, помидор ва бодринг нархининг кескин пасайиши бозорда янги ҳосиллар кириб келаётганлигини кўрсатади. Аксарият истеъмол маҳсулотларининг нархлари эса барқарор сақланиб қолмоқда.
Ҳудудлар кесимида тафовутлар қандай?
24 июнь ҳолатига кўра, мол гўшти нархлари ҳудудлар кесимида сезиларли даржада фарқ қилмоқда. Республика кесимида ўртача нарх 123 минг сўм атрофида бўлса-да, айрим вилоятларда бу кўрсаткич сезиларли даражада юқори, айрим ҳудудларда эса нисбатан паст сақланмоқда.
Viloyat nomi | 17.06.2026 | 24.06.2026 | O'zgarish (%) |
Navoiy viloyati | 118 375 | 119 439 | +0,90% |
Buxoro viloyati | 117 294 | 118 267 | +0,83% |
Jizzax viloyati | 127 684 | 128 293 | +0,48% |
Samarqand viloyati | 125 798 | 126 289 | +0,39% |
Qashqadaryo viloyati | 120 980 | 121 362 | +0,32% |
Qoraqalpog'iston | 109 136 | 109 403 | +0,24% |
Sirdaryo viloyati | 123 226 | 123 447 | +0,18% |
Xorazm viloyati | 116 726 | 116 842 | +0,10% |
Andijon viloyati | 126 426 | 126 544 | +0,09% |
Farg'ona viloyati | 123 988 | 124 034 | +0,04% |
Namangan viloyati | 126 439 | 126 378 | -0,05% |
Surxondaryo viloyati | 126 093 | 126 030 | -0,05% |
Toshkent viloyati | 123 492 | 123 400 | -0,07% |
Toshkent shahri | 132 411 | 131 725 | -0,52% |
Хусусан, энг қиммат нарх Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятида қайд этилди. Тошкент шаҳрида 1 кг мол гўштининг ўртача нархи 131 минг 725 сўмни, Жиззах вилоятида эса 128 минг 293 сўмни ташкил қилди.
Энг арзон мол гўшти Қорақалпоғистон Республикасида сотилмоқда. Бу ерда 1 кг гўштнинг ўртача нархи 109 минг 403 сўмни ташкил этган. Шунингдек, Навоий вилоятида 119 минг 439 сўм ва Бухоро вилоятида 118 минг 267 сўм билан республикадаги ўртача кўрсаткичидан паст бўлиб қолмоқда.
Шундай қилиб, энг қиммат ва энг арзон ҳудудлар ўртасидаги фарқ қарийб 22 минг 300 сўмни ташкил этмоқда. Бу эса битта маҳсулот нархида ҳудудлар бўйича сезиларли тафовут борлигини кўрсатади.
Ҳафталик ўзагаришлар бўйича ҳудудлар кесимидаги фарқлар ҳам турлича. Хусусан, Тошкент шаҳри мол гўшти нархи энг катта пасайишни қайд этиб, бир ҳафта ичида 0,52 фоизга арзонлашган. Ушбу ҳудудда 1 кг мол гўшти нархи 131 минг 725 сўмни ташкил қилган.
Қизиғи, Тошкент шаҳри ҳудудлар кесимида мол гўшти нархи бўйича энг юқори ўринни эгаллаган. Ушбу кўрсаткич бошқа ҳудудларга нисбатан анча юқори бўлиб, Тошкент вилоятидаги 0,07 фоиз, Наманган ва Сурхондарё вилоятларидаги 0,5 фоиз пасайишлардан бир неча баробар юқори бўлди.
Ҳафта давомида мол гўшти нархи Навоий вилоятида 0,9 фоизга ошиб, бошқа ҳудудларга нисбатан энг юқори кўрсаткични қайд этган. Бу ерда 1 кг мол гўшти нархи 119 минг 439 сўмни ташкил қилади.
Туманлар кесимида мол гўштининг кескин арзонлашуви Сирғали туманида кузатилди. Хусусан, бу ерда мол гўшти нархи 136 минг 750 сўмдан 131 минг 562 сўмга тушди. Нархи энг кўп ошган туман эса Мирзачўлда кузатилиб, нархлар 3,9 фоизга кўтарилган.
Умуман олганда, энг қиммат ва энг арзон ҳудудлар ўртасидаги фарқ 22 минг сўмдан ошмоқда. Бу эса мамлакат бўйича гўшт бозорида ҳудудий нархлар тафовути ҳали ҳам юқори даражада сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 10-17 июнь ҳолатидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгаришини ҳам таҳлил қилган эдик.


