Logo

Иссиқ ёз прогнози. Чиллада иссиқдан сақланиш учун нималар қилиш керак?

Bugun 17:254 daqiqa

25 июндан Ўзбекистонда ёзнинг энг жазирама палласи – қирқ кунлик чилла бошланди. Халқаро иқлим марказлари ва «Ўзгидромет» жорий йилги ёз мавсуми аномал иссиқ тўлқинлар ҳамда ҳароратнинг янги рекордлари билан ёдда қолишидан огоҳлантирмоқда. Хусусан, 28 июнь кунининг ўзидаёқ мамлакат бўйлаб ҳаво ҳарорати +39…+44 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Хўш, бундай экстремал шароитда жазирамадан қандай ҳимояланиш керак?

Иссиқ ёз прогнози. Чиллада иссиқдан сақланиш учун нималар қилиш керак? © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Америка иқлим прогнозлари маркази Тинч океанида сув ҳароратининг кескин кўтарилиши – Эл-Нино ҳодисаси бошланишининг биринчи аниқ белгиларини қайд этди. Ушбу ҳодиса бутун сайёрамизда глобал ҳаво ҳароратининг янада ошишига сабаб бўлади.

Ўзгидромет агентлигининг дастлабки баҳолашларига кўра, 2026 йилда ёзнинг ўртача ҳарорати кўп йиллик иқлимий меъёрдан бироз юқори бўлиши тахмин қилинмоқда.  Энг асосийси, ёзги мавсум давомида экстремал қийматларга яқин бўлган ўта иссиқ об-ҳаво даврлари кузатилиши кутилмоқда.

Мавсумий прогнозларга кўра, кутилаётган ҳарорат кўрсаткичлари ҳудудлар бўйича қуйидагича тақсимланади:

Ҳудудлар


Оддий кунлардаги ўртача ҳарорат


Энг иссиқ даврлардаги максимал ҳарорат

Республика бўйича (текисликлар)


+34...+39 даража


+42...+44 даража

Шимол, жануб ва чўл ҳудудлари


+40...+42 даража

+45...+47 даража


Ўзбекистонда сўнгги 15 йил давомида ёз фаслида ўртача ҳарорат кўтарилишининг барқарор тенденцияси кузатилмоқда. Масалан, 2021-2025 йиллар оралиғида июнь ойининг ўртача ҳарорати меъёрдан ўртача +1,3 дан +2,5 даражагача юқори бўлган.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг таъкидлашича, иқлим ўзгаришининг амалдаги шиддати сабабли яқин йилларда мамлакатимизда мутлақ рекордлар янгиланиши ва ҳароратнинг +50 даражадан ошиши билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилиши эҳтимоли катта.

Маълумот учун, Ўзбекистон метеокузатувлари тарихидаги энг юқори ҳарорат +49,8 даража бўлиб, у 1983 йил июль ойида Бухоро вилоятининг «Оёқоғитма» пунктида рўйхатга олинган.

Чилла ва «термик депрессия» хавфи

Ёз чилласи тақвим бўйича 25 июнда бошланиб, 5 августга қадар давом этади ва аномал иссиқ кунлар одатда шу давр ичида тўпланади. Кўп йиллик кузатувларга кўра, Ўзбекистоннинг текислик ҳудудларида июль ойидаги ҳаво ҳарорати июнь ва август ҳароратидан +1…+3 даража иссиқроқ бўлади.

Бироқ глобал иқлим ўзгариши сабабли аномал иссиқлик тўлқинлари эндиликда чилла давридан ташқарида ҳам тез-тез кузатилмоқда. Жазирама иссиқ кунларнинг узоқ вақт давом этиши термик депрессия (минтақа устида паст босимли иссиқ ҳаво оқимларининг узоқ вақт сақланиб қолиши) жараёнлари билан боғлиқ.

Энг хавфлиси, ёзда иссиқ кунлар кўп кузатилса, кексаларда қон босими ўзгариши билан боғлиқ асоратлар ортиб, юрак-қон томир хасталикларидан ўлим ҳолатлари ҳам кўпайиши статистик жиҳатдан тасдиқланган.

Жазирамадан қандай сақланиш керак?

Ҳаддан ташқари юқори ҳаво ҳарорати қисқа вақт ичида соғлиқ учун хавф туғдириши мумкин. Бу оғир касалликлар, шифохонага тушиш ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин. Айниқса ёши катталар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар, сурункали касалликларга чалинган инсонлар ва очиқ ҳавода меҳнат қиладиган инсонлар кўпроқ хавф остида.

Жазирама кунларда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) қуйидагиларни тавсия қилади:

Иссиқдан сақланинг

– Куннинг энг иссиқ пайтида ичкарида қолинг ва оғир жисмоний фаолликдан сақланинг.

– Имкон қадар сояда бўлинг. Тўғридан-тўғри қуёш нури остида ҳаво ҳарорати +10…+15 даражага иссиқроқ сезилиши мумкин.

– Ҳар куни камида 2–3 соатни салқин жойда ўтказинг.

– Ҳеч қачон йирик сув ҳавзаларида ёлғиз сузманг.

– Иссиқ ҳаво бўйича расмий огоҳлантириш ва тавсияларга риоя қилинг.

Уйингизни салқин тутинг

– Уйда ҳавони алмаштириш учун, деразаларни кечаси ва эрта тонгда очиб тоза ҳавони ичкарига киритинг.

– Кундузи дераза, парда, жалюзиларни ёпиб, қуёш нурларини чекланг.

– Иложи борича фойдаланмаётган электр жиҳозларини токдан ўчириб қўйинг.

– Электр вентиляторлардан фақат +40 даражадан паст ҳароратда фойдаланинг. +40 даражадан юқори ҳароратда вентилятор танани янада қиздиради.

Агар кондиционердан фойдалансангиз, уни тахминан +27 даражага созлаб, бир вақтни ўзида вентилаторни ишлатсангиз, бу хонани -4 даражагача салқинроқ ҳис қилишга ёрдам беради ва электр энергияси сарфини камайтиради.

– Ташқаридаги сояли жойлар баъзан бино ичидан салқинроқ бўлиши мумкинлигини унутманг.

Танангизни салқин тутинг ва тез-тез сув ичинг

– Кун давомида мунтазам равишда сув ичиб туринг. Шифокор бошқа тавсия бермаган бўлса, ҳар соатда бир стакан сув ичишга ва кунига 2–3 литр сув истеъмол қилишга ҳаракат қилинг.

– Чанқашни кутманг.

– Таркибида шакар, кофеин бўлган ва алкоголли ичимликларни чекланг.

– Енгил, кенг бичимли кийим кийинг ва ҳаво ўтказадиган чойшаблардан фойдаланинг.

– Салқин душ ёки ванна қабул қилинг.

– Терингизни нам мато, пуркагич (спрей) ёки озгина намланган кийим ёрдамида совутинг.

Яқинларингиздан ва ёрдамга муҳтож инсонлардан хабар олинг

– Катта ёшдагилар, айниқса, 65 ёшдан ошган кишилар билан мунтазам боғланиб туринг.

– Юрак, ўпка ёки буйрак касалликлари инсонлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз яшовчилар ҳолидан хабар олинг.

– Уларнинг ичимлик суви ва дам олиш учун салқин жойи борлигига ишонч ҳосил қилинг.

Чақалоқлар ва болаларни ҳимоя қилинг

– Болалар ёки уй ҳайвонларини тўхтаб турган машина ичида, ҳатто бир неча дақиқага ҳам, ҳеч қачон қолдирманг. Автомобиль ичидаги ҳарорат жуда тез ҳаёт учун хавфли даражага кўтарилиши мумкин.

– Болаларни куннинг энг иссиқ вақтида тўғридан-тўғри қуёш остида қолдирманг.

– Уларни сояда ёки бино ичида бўлишга унданг. Сояда ҳарорат +10 даража салқинроқ ҳис этилиши мумкин.

– Болалар аравачасини ҳеч қачон қуруқ адёл ёки мато билан ёпманг, чунки бу иссиқликни ичкарида ушлаб қолиши мумкин. Бунинг ўрнига енгил нам матодан фойдаланинг ва керак бўлганда уни қайта намлаб туринг.

– Болаларга терини ёпиб турадиган енгил, кенг бичимли кийим кийдиринг. Кенг соябонли бош кийим, қуёшдан сақловчи кўзойнак ва қуёшдан ҳимоя кремидан фойдаланинг.

– Уй ичини салқин сақлаш бўйича тавсияларга амал қилинг.

Нега бу муҳим?

Иқлим ўзгариши туфайли жазирама тўлқинлари тобора тез-тез кузатилмоқда, давомийлиги узунлашмоқда ва даражаси кучаймоқда. Шу сабабли кўплаб мамлакатлар аҳолини жазирамадан ҳимоя қилиш учун “Жазирама вақтида саломатлик бўйича ҳаракат режалари”ни ишлаб чиқмоқда. Бундай чоралар фавқулодда вазиятларга тайёргарликни кучайтиради, соғлиқни сақлаш тизимларига тушадиган юкни камайтиради ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолади.

Teglar

Mavzuga oid