Logo

Жаҳон банки Ўзбекистон каби давлатларнинг иқтисодиётини сунъий интеллект орқали тезлаштириш йўлини айтди

Bugun 10:256 daqiqa

Сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланиш учун миллиардлаб доллар сарфлаш, улкан маълумотлар марказларини қуриш ёки йирик технологик компаниялар билан рақобатлашиш шарт эмас. Жаҳон банкининг таъкидлашича, ривожланаётган мамлакатлар оддий смартфонларда ишлайдиган, маҳаллий тилларни тушунадиган ва аниқ вазифаларга ихтисослашган кичик сунъий интеллект воситалари ёрдамида иқтисодий ўсишни тезлаштириши мумкин. Ҳиндистонда фермерларга экинларни парваришлаш бўйича маслаҳат бераётган технологиялар бунга яққол мисол бўла олади.

Жаҳон банки Ўзбекистон каби давлатларнинг иқтисодиётини сунъий интеллект орқали тезлаштириш йўлини айтди © Ijtimoiy tarmoqlar

Кичик сунъий интеллект нима ва у нима учун керак?

Глобал миқёсда сунъий интеллект саноати ривожланиб борар экан, йирик IT компаниялари тобора мураккаб моделларни ишлаб чиқмоқда. Бироқ бундай тизимларни яратиш ва ишлатиш катта ҳисоблаш қуввати, улкан маълумотлар базаси ҳамда кучли инфратузилмани талаб этади. Ҳамма давлатларда ҳам бундай имконият мавжуд эмас. Шу сабабли, Жаҳон банки ривожланаётган давлатларга муқобил ёндашувни — аниқ вазифаларга йўналтирилган, арзон ва маҳаллий шароитга мослашган сунъий интеллект воситаларидан фойдаланишни таклиф қилмоқда.

«The Guardian» нашрининг ёзишича, Жаҳон банкининг билимлар бўйича раҳбари Паскал Доноҳю бундай ёндашувни ривожланаётган мамлакатлар эҳтиёжига тўла мос келувчи технологик имконият сифатида баҳолаган.

«Кичик СИ» деб аталувчи бу усулда моделлар чекланган маълумотлар асосида аниқ бир вазифага мослаштирилади. Улар фойдаланувчига керакли ахборотни содда шаклда етказади, интернет тезлиги паст ҳудудларда ҳам ишлай олади ва маҳаллий тилларда хизмат кўрсатади.

Таъкидланишича, бу восита барча саволларга жавоб берадиган универсал тизим бўлиши шарт эмас. У шунчаки деҳқонга экин касаллигини аниқлашда, шифокорга тиббий кўрсаткичларни таҳлил қилишда ёки фуқароларга давлат хизматлари ҳақида ахборот беришда кўмаклашишга ихтисослашиши мумкин. Бу ерда асосий мақсад — энг қудратли моделни яратиш эмас, балки мавжуд технологиялар ёрдамида аниқ бир муаммога ечим топишдир.

Ҳиндистонда фермерларга ёрдам бераётган сунъий интеллект

Жаҳон банки кичик СИнинг амалий аҳамиятини Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги мисолида тушунтирмоқда. Мамлакатнинг қатор ҳудудларида фермерлар экинларни парваришлаш, касалликларни аниқлаш, об-ҳаво ва бозордаги вазият ҳақида маълумот олиш учун мобил иловалардан фаол фойдаланмоқда.

Муаммо шундаки, мутахассислар маслаҳатига муҳтож бўлган миллионлаб фермерларни анъанавий усуллар билан тўлиқ қамраб олиш имконсиз. Қолаверса, маълумотлар турли манбаларда тарқоқ ҳолда бўлади ва тавсиялар доим ҳам фермер тушунадиган маҳаллий тилда берилмайди. Кичик сунъий интеллект айнан мана шу бўшлиқни тўлдиради. Фермер оддий телефон орқали савол бериши ёки экиннинг суратини юбориб, дарҳол керакли маслаҳатни олиши мумкин.

Жаҳон банки материалларида Уттар-Прадеш штатидаги Бханпур қишлоғида яшовчи фермер аёл Урмила Девининг тажрибаси келтирилган. Унинг сўзларига кўра, илгари экинларида бирор касаллик пайдо бўлса, бошқалардан ёрдам сўрашга мажбур бўлган. Энди эса у рақамли воситалар ёрдамида экиннинг суратини жўнатиб, тезкор тавсия олмоқда. Ушбу мисол сунъий интеллектдан фойдаланиш учун мураккаб техник билимлар талаб этилмаслигини кўрсатади.

Фермерларнинг саволларига маҳаллий тилларда жавоб берадиган хизматлар

Ҳиндистоннинг турли штатларида бу каби бир нечта ташаббуслар амалга оширилмоқда. Хусусан, Керала штатида «KATHIR» номли рақамли қишлоқ хўжалиги платформаси яратилмоқда. Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа сунъий йўлдош тасвирлари, масофадан зондлаш ва СИ таҳлилини ўз ичига олади.

Платформа орқали фермерларга об-ҳаво бўйича маҳаллий огоҳлантиришлар, экиш муддатлари ва касалликларни аниқлаш имконияти тақдим этилади. Деҳқонлар зарар кўрган экин суратини тизимга юклаб, касаллик тури ва уни даволаш усуллари бўйича аниқ тавсиялар олади. Бундан ташқари, платформа орқали давлат субсидиялари ва қишлоқ хўжалиги бозорларидаги ҳолат ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.

Бугунги кунда «KATHIR» тизимида штатдаги 3 миллиондан ортиқ фермер ҳақидаги маълумотлар жамланган ва 1,1 миллион гектардан зиёд экин майдонлари харитага туширилган.

Маҳараштра штатида эса генератив сунъий интеллектга асосланган «MahaVISTAAR-AI» чатботи синовдан ўтказилмоқда. Унда фермерлар ўз она тилида овозли ёки матнли саволлар бериши мумкин. Тизим саволни таржима қилиб, тадқиқот институтлари ва давлат идоралари базасидан керакли маълумотларни излайди ҳамда фойдаланувчига қисқа, лўнда жавоб қайтаради.

Зараркунандалар, ўсимлик касалликлари, бозор нархлари ва об-ҳаво маълумотларига ихтисослашган мазкур илова бир неча ой ичида 3 миллион мартадан ортиқ юклаб олинган. Бундай лойиҳалар СИ технологиялари фақатгина йирик корпорациялар ёки IT-марказлар учунгина эмаслигини исботлайди. Аниқ бир вазифага йўналтирилган хизматни фойдаланувчининг тили ва ҳудудий эҳтиёжларига мослаштириш орқали унинг амалий фойдасини неча чандон ошириш мумкин.

Жаҳон банки: Тараққиётни асрлардан ўн йилликларга қисқартириш имконияти бор

Жаҳон банкининг 2026 йил 4 августда эълон қилинган «World Development Report 2026: The Promise of Artificial Intelligence» ҳисоботида СИ ривожланаётган мамлакатлар учун бетакрор иқтисодий имкониятлар эшигини очиши мумкинлиги таъкидланади.

Ҳужжатда қайд этилишича, агар тегишли чоралар кўрилса, илгари асрлар талаб қилинган тараққиёт марраларига бор-йўғи ўн йилликлар ичида эришиш мумкин. Аммо бу ўз-ўзидан юз бермайди: бунинг учун барқарор электр таъминоти, тезкор интернет, малакали мутахассислар ва самарали бошқарув институтлари зарур.

Ҳисоботда СИнинг меҳнат бозорига таъсири ҳам таҳлил қилинган. Ҳисоб-китобларга кўра, генератив СИ сабабли автоматлаштириш хавфи остида қоладиган иш ўринларининг улуши бой давлатларда 14,2 фоизни, қуйи ва ўрта даромадли мамлакатларда эса 4,5 фоизни ташкил қилади. Шу билан бирга, ривожланаётган давлатлардаги мавжуд иш ўринларининг 16,2 фоизида СИ ёрдамида меҳнат унумдорлигини кескин ошириш имконияти мавжуд (юқори даромадли давлатларда бу кўрсаткич 18,7 фоиз).

Бироқ сунъий интеллектнинг ўзигина етарли эмас

Гарчи Жаҳон банки кичик СИни энг истиқболли восита сифатида эътироф этса-да, унинг самарадорлиги зарур инфратузилма ва шароитларга бевосита боғлиқлигини эслатади. Бунинг учун учта асосий шарт мавжуд:

1.      Барқарор электр таъминоти ва рақамли алоқа. Фойдаланувчи тармоққа улана олмаса, энг мукаммал дастур ҳам фойдасиз ҳисобланади.

2.      Маҳаллий маълумотлар ва тиллар. Бошқа ҳудуд ёки тил учун яратилган тизим маҳаллий шароитга тушмаслиги табиий. Масалан, қишлоқ хўжалигида бериладиган тавсиялар маҳаллий иқлимга, экин турларига ва ҳудудий касалликларга тўла мос келиши шарт.

3.      Малака ва институционал имкониятлар. Ҳукумат ва хусусий сектор қайси технология реал фойда бераётганини аниқлаши, уларни синовдан ўтказиб, энг самарали ечимларни кенгайтириши лозим.

Жаҳон банки ҳисоботида бу борада уч босқичли ёндашув таклиф қилинган: аввал мавжуд воситаларни жорий қилиш, уларни маҳаллий муҳитга мослаштириш, сўнгра янада илғор тизимларни ишлаб чиқиш салоҳиятини шакллантириш. Бундай кетма-кетлик ривожланаётган давлатларга етарли тажриба ва инфратузилма йўқ шароитда энг сўнгги моделларни нолдан яратишга улкан маблағ сарфлаш ўрнига, тайёр технологиялардан оқилона фойдаланиш имконини беради.

Ўзбекистон учун қандай хулосалар бор?

Ҳиндистон тажрибаси ва Жаҳон банки хулосалари Ўзбекистон каби ривожланаётган давлатлар олдига ҳам муҳим саволларни қўяди: СИни аҳолининг кундалик эҳтиёжларига қандай мослаштириш керак? Маҳаллий тилдаги сифатли маълумотлар базасини қандай яратиш мумкин ва бу жараённи айнан қайси соҳалардан бошлаган маъқул?

Бу саволларга жавоб излашда энг катта ва мураккаб моделни яратиш бош мақсад бўлиши шарт эмас. Масалан, ўзбек тилида эркин ишлайдиган, деҳқонларга ҳудуд иқлимига мос тавсиялар берадиган ёки фуқароларга давлат хизматлари бўйича тўғри йўналиш кўрсатадиган иловалар аниқ бир амалий муаммони ҳал қилишга қаратилган бўлади.

Аммо шуни унутмаслик керакки, технологиянинг шунчаки мавжудлиги унинг автоматик равишда фойда келтиришини кафолатламайди. Тизим таянадиган маълумотларнинг ишончлилиги, жавобларнинг аниқлиги ва шахсий маълумотлар дахлсизлиги ғоят муҳим. Жаҳон банки маълумотлар махфийлигининг бузилиши ва давлатлар ўртасидаги технологик тафовутнинг кескинлашувини СИ билан боғлиқ асосий хавфлар қаторида санаб ўтган.

Teglar

Mavzuga oid

Жаҳон банки Ўзбекистон каби давлатларнинг иқтисодиётини сунъий интеллект орқали тезлаштириш йўлини айтди | Vaqt.uz