Жамшид Қўчқоров: Геосиёсий зиддиятларга қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиётида барқарор ўсиш сақланиб қолди
Ҳукумат 2025 йил учун давлат бюджети ижроси ҳисоботини тақдим этди. Ҳужжатда иқтисодий ўсиш, инвестициялар ва ижтимоий харажатлар очиқланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди.
Ҳисоботни бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров тақдим этди. Унинг таъкидлашича, глобал иқтисодиётдаги ноаниқликлар ва геосиёсий зиддиятларга қарамасдан, мамлакат иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари сақлаб қолинган.
Якунланган йил натижаларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2024 йилга нисбатан 7,7 фоизга ошган. Иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари хизматлар, қурилиш ва саноат соҳалари бўлган. Хизматлар соҳаси 14,7 фоизга, қурилиш тармоғи 14,2 фоизга, саноат ишлаб чиқариши эса 6,8 фоизга ўсган.
Инвестициялар ва савдо
Ҳисоботда қайд этилишича, 2025 йилда мамлакатда йиллик инфляция 7,3 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард долларга етган.
Иқтисодиётда амалга оширилган таркибий ислоҳотлар натижасида асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажми ҳам ўсишда давом этган.
Йил якунига кўра, иқтисодиётга жами 591,1 триллион сўмлик инвестициялар ўзлаштирилган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 10,5 фоизга кўпдир.
Бюджетнинг ярми ижтимоий соҳага йўналтирилган
Молия вазирига кўра, Давлат бюджети даромадлари режага нисбатан 116,6 фоизга бажарилган. Бюджет харажатлари эса 99,3 фоиз даражасида ижро этилган.
Давлат бюджети маблағларининг 47 фоизи ёки 180,4 триллион сўми ижтимоий соҳа харажатларини молиялаштиришга йўналтирилган.
Ушбу харажатларнинг 86,5 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек уй-жой билан таъминлаш дастурларини молиялаштиришга йўналтирилган.





