Курер ва қоровул можароси: қоровул 10 суткага «кесилди»
Ижтимоий тармоқларда курер йигит ва кўп қаватли уй қоровули ўртасидаги тортишув кенг тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан суд бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Vaqt.uz мухбири.

Ҳодиса қандай бўлганди?
Ҳолат шу йилнинг 6-сентябр куни соат таҳминан 14:30 ларда пойтахтнинг Юнусобод тумани Боғирабон кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирининг олдида содир бўлган. Пойтахт ИИББ Vaqt.uz га маълум қилишича, 52 ёшли кўп қаватли уй қоровули ва 20 ёшли етказиб бериш хизмати ходими ўртасида оғзаки тортишув юзага келган.
Мазкур ҳолат юзасидан айбланувчига нисбатан Юнусобод тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ( майда безорилик ) аломатлари билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун Жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган.
Суд қарори
Ушбу суд жараёнида иштирок этган Vaqt.uz мухбирига кўра, суд бошида аввал жабрланувчи йигит ва айбланувчи қоровулнинг сўзлари тингланди. Ҳар икки томон фикри эшитилгандан сўнг, Жиноят ишлари бо ъйича Юнусобод туман суди судяси Бобомурод Каримов суд қарорини ўқиб эшиттирди. Унга кўра, айбланувчи Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан айбдор деб топилиб, 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.





