Маданият вазирлиги санъаткорларни солиққа тортишда енгилликлар беришни сўради
Таъкидланишича, вазирлик лойиҳа юзасидан енгилликлар киритиш, солиқ ставкаларини тоифалар кесимида адолатли белгилаш, соҳа вакиллари учун табақалаштирилган ёндашувни жорий этиш ҳамда нормаларни аниқлаштириш бўйича таклифлар билдирган.

Ўзбекистонда 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб тўй, концерт ва кўнгилочар масканларда хизмат кўрсатувчи барча ижрочилар (хонанда, бошловчи, созанда ва б.) учун «бир хизмат — бир тўлов» тамойили асосида янги солиқ тизими жорий этилмоқда.
Ушбу қарор лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. 2029-йилгача амал қилувчи таклиф этилаётган тартибга кўра, даромад миқдоридан қатъи назар — ҳатто хизмат бепул кўрсатилган тақдирда ҳам — ҳар бир чиқиш учун белгиланган миқдорда солиқ ундирилади, фақат давлат тадбирлари бундан мустасно ҳисобланади. Маданият вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Вазирлик ушбу ҳужжатни кўриб чиқиб, айрим бандлари юзасидан эътирозлар киритилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Президентнинг 2022-йил 13-июлдаги «Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан давлат божини ундириш ҳамда уларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ–168-сон Фармонига асосан мазкур тоифадаги шахслар учун даромад солиғини декларация асосида ёки қатъий белгиланган тартибда тўлаш механизми жорий этилган.
Ушбу тартибга асосан санъаткорлар ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда ижтимоий солиқ тўлаб келмоқда. Бугунги ҳисоб-китобларга кўра, ушбу миқдор 412 минг сўмни ташкил этади. Шунингдек, улар алоҳида йиллик даромадидан декларация асосида 12 фоиз миқдорида даромад солиғи ҳам тўлайди.
«Демак, амалдаги тартибга кўра, концерт-томоша соҳасида фаолият юритувчи шахслар солиқ тўлаш тизимидан ташқарида эмас. Улар учун қонуний солиқ механизми амалда мавжуд ва қўлланилмоқда. Шу нуқтаи назардан, бугунги муҳокамаларда айрим ҳолатларда учраётган «санъаткорлар умуман солиқ тўламайди» деган талқинлар ҳақиқатга тўлиқ мос келмайди», - дейилади вазирлик баёнотида.
Давлат тадбирларига текинга бормайди
Бундан ташқари Маданият вазирлигининг таъкидлашича, вазирлик ва бошқа давлат органлари томонидан ташкил этилган давлат тадбирлари ҳамда бошқа тадбирларга жалб этиладиган ижодкорлар ва ижрочиларнинг хизмат ҳақлари, гонорарлари қонуний тартибда тўлаб берилиши бўйича ҳам аниқ механизмлар белгиланган.
«Маданият вазирлиги томонидан қарор лойиҳасининг айрим бандларига енгилликлар киритиш, амалий қўллаш механизмларини қайта кўриб чиқиш, солиқ миқдорларини тоифалар кесимида адолатли белгилаш, соҳанинг турли иштирокчилари учун табақалаштирилган ёндашувни жорий этиш ҳамда қатор нормаларни янада аниқлаштириш бўйича таклиф ва эътирозлар билдирилган. Вазирлик ушбу масалада жамоатчилик фикри, ижодкорлар ва соҳа вакилларининг таклифлари муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблайди. Чунки қабул қилинадиган ҳар қандай қарор, аввало, қонунийлик, адолат ва амалий самарадорлик тамойилларига асосланиши керак. Маданият вазирлиги мазкур лойиҳа юзасидан муҳокамаларда конструктив ёндашув тарафдори эканини маълум қилади», - дейилади баёнотда.
Солиқ қанча бўлади?
Санъат вакиллари томонидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш тартиби қолганларникидек 12 фоиз кўринишида бўлмайди. Ҳукумат бу учун ҳам тизим таклиф қилмоқда.

Унга кўра, 2026-йил 1-сентябрдан 2029-йил 1-январга қадар «бир хизмат – бир тўлов» миқдорлари ҳудудларга қараб фарқ қилади ва санъаткорлар рейтинг тоифаларига бўлинади.
I рейтинг гуруҳи санъаткорлар қишлоқ жойларда базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 баробари — 412 минг сўм солиқ тўласа, шаҳар жойларда БҲМнинг 3 баробари миқдорида — 1 млн 236 минг сўм бюджетга тўлов қилади. Бу чет эл валютасида 100 долларга ҳам бормайди.
III рейтинг гуруҳи вакиллари эса қишлоқ жойларда БҲМнинг 0,25 баробарида, 103 минг сўм миқдорида солиқ тўлаши керак бўлади.
Бунда тўловлар бепул асосда хизмат кўрсатилган тақдирда ҳам ундирилади. Бироқ, Маданият вазирлиги томонидан давлат тадбирларига бепул жалб қилинган ҳоллар бундан мустасно.
Таклиф қилинаётган тизимда ҳудудлардаги иқтисодий ҳолат ва санъат вакилларининг рейтинги, бу орқали топадиган даромади инобатга олинган.
Ҳамма каби 12 фоизли даромад солиғи 2029-йил 1-январдан бошлаб кучга киради. Унгача санъат вакилларида мослашиш учун бир неча йил вақт бўлади.





