
Макрон образи кўзойнак ишлаб чиқарувчи компания акцияларини «портлатди»
Франция президентининг Давосдаги чиқиши кутилмаган тарзда бир оптика компанияси акцияларига кучли таъсир қилди ва бозорда кескин реакцияни келтириб чиқарди.

Франция президенти Эммануэл Макроннинг Давосда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида қуёшдан ҳимояловчи кўзойнакда пайдо бўлиши фонд бозорида кутилмаган «вау-эффект»ни келтириб чиқарди.
Ушбу чиқишдан сўнг кўзойнакни ишлаб чиқарувчи Италиянинг «iVision Tech» компанияси акциялари бир кун ичида қарийб 28 фоизга ўсди, деб хабар бермоқда Reuters. Макрон таққан аксессуар ижтимоий тармоқларда тезда вирусли образга айланиб, инвесторлар диққатини компанияга қаратди.
«iVision Tech» компаниясининг расман тасдиқлашича, Франция президенти компанияга қарашли, француз премиум бренди «Henry Jullien» ишлаб чиқарган «Pacific S 01» модели бўлган. Компания раҳбариятига кўра, айнан ушбу визуал эффект бозордаги шиддатли талабни шакллантирган.
Франция раҳбарининг кўзойнакда чиқиши ортидан инвесторлар орасидаги қизиқиш кескин ортгани акциялар нархида дарҳол акс этди.
Бозордаги кескин реакция
«iVision Tech» бош директори Стефано Фулчир бу ҳолатни «акциялар учун тўлиқ вау-эффект» дея баҳолади. Унинг айтишича, ушбу кўзойнак Макронга 2024 йилда шахсан юборилган бўлиб, бренд маҳсулоти дарҳол таниб олинган. Компания сайтида мазкур модел нархи 659 евро этиб белгиланган.
Акциялар қимматлашуви натижасида «iVision Tech»нинг бозор қиймати тахминан 3,5 млн еврога ошган. Милан биржасида савдолар ҳатто қисқа муддатга тўхтатилган, сабаби нарх ўзгариши меъёрдан ошиб кетган. Аввалги савдо кунида акциялар қарийб 6 фоизга ўсган бўлса, кейинги кун рекорд даражада сакраш кузатилган.
Мутахассислар бу ҳолатни бренд учун бепул реклама сифатида баҳоламоқда.
Вирусли образ таъсири
Макроннинг ёпиқ бинода кўзойнак тақиб чиқиши ижтимоий тармоқларда мэмлар тўлқинини келтириб чиқарди. Кўплаб фойдаланувчилар уни Том Круз иштирок этган «Top Gun» филми қаҳрамони билан қиёслади. Бу эса образнинг оммалашувини янада тезлаштирди.
Франция президенти маъмурияти кўзойнак тиббий сабабларга кўра тақилганини билдириб, брендни расман тасдиқламади. Аммо ишлаб чиқарувчи баёноти бозор учун етарли бўлди. Ҳодиса сиёсий образ, ижтимоий тармоқлар ва бизнес манфаатлари қандай кесишиши мумкинлигини яна бир бор намоён қилди.





