Марказий банк финтех хаби, венчур фонд ва рақамли валюта бўйича режаларни эълон қилди
Марказий банк раиси Тимур Ишметов Ўзбекистонда финтех учун инновацион хаб ва венчур фонд ташкил этилгани, рақамли валюта бўйича экспериментларга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди
© vaqt.uzМарказий банк финтех стартаплар учун Инновацион хаб ва махсус венчур фонд ташкил этди. Шунингдек, мамлакатда Марказий банк рақамли валютаси бўйича экспериментлар бошланиши мумкин.
Бу ҳақда Марказий банк раиси Тимур Ишметов 24 август куни Тошкентда бўлиб ўтган «Silk Road Finance and Technology Forum»даги чиқишида маълум қилди, деб хабар бермоқда Vaqt.uz журналисти.
Ишметовнинг айтишича, Ўзбекистонда финтех соҳасини ривожлантириш бўйича янги босқич бошланмоқда. Марказий банк бунинг учун 2026−2030 йилларга мўлжалланган миллий стратегияни жорий этмоқда.
«У секторни инновациялар, мутаносиб тартибга солиш, замонавий молиявий инфратузилма, кадрлар ва капиталдан фойдаланиш имкониятлари атрофида ягона миллий тизимга бирлаштиради», — деди Ишметов.
Стратегиянинг мақсадларидан бири Ўзбекистонни бутун Марказий Осиёда финтех соҳаси ўсиши учун дарвоза сифатида шакллантиришдан иборат.
Финтех лойиҳалари учун янги хаб
Марказий банк Инновацион хаб ташкил этган. Жорий йилнинг тўртинчи чорагидан бошлаб у ерга резидентларнинг биринчи гуруҳи қабул қилинади.
Ишметовнинг сўзларига кўра, хаб стартаплар учун ғоядан бозорга чиқишгача бўлган тўлиқ жараённи қамраб олади.
«Инкубация ва акселерациядан тортиб, регулятор кўмаги ва бозорга чиқиш учун пилот синовларигача бўлган тўлиқ йўлни таъминлаймиз», — деди Марказий банк раиси.
Шу билан бирга, Марказий банк махсус венчур фонд ҳам ташкил этган. Ҳозирда уни бошқариш учун тажрибали халқаро фонд бошқарувчилари билан музокаралар олиб борилмоқда.
Марказий банк Инновацион хабдаги лойиҳаларни халқаро бозорга олиб чиқиш учун ҳам алоҳида механизм яратмоқчи. Бу стартапларнинг инвестиция чекларини ошириш ва халқаро ҳаминвесторларни жалб қилишга қаратилган.
Рақамли валюта бўйича экспериментлар
Форум доирасида Марказий банкнинг рақамли валютаси — CBDC бўйича «Оқ китоб» эълон қилиниши айтилди.
Унда рақамли валютанинг эҳтимолий қўлланиш соҳалари, техник архитектураси, асосий ечимлар ва уларнинг молия тизими учун оқибатлари кўриб чиқилади.
«Унинг хулосалари энг мақбул ёндашувни синовдан ўтказиш ва рақамли валюта Ўзбекистонда инновациялар ҳамда рақамли иқтисодиётни қандай қўллаб-қувватлаши мумкинлигини баҳолаш учун экспериментлар босқичини бошлашга хизмат қилади», — деди Ишметов.
Марказий банк раиси рақамли активлар ва пулнинг янги шакллари соҳасида ҳозирча тадқиқот ва ишланмалар босқичида эканини ҳам таъкидлади.
«Бизнинг ёндашувимиз вазмин ва далилларга асосланган бўлади», — деди у.
2030 йилгача 5000 нафар ёш тайёрланади
Марказий банк 2030 йилгача финтех соҳасида 5000 нафар ёшни тайёрлашни мақсад қилган. Дастлабки гуруҳ жорий йил охиригача Сингапур университетлари ва «GFTN» иштирокида ишлаб чиқилган дастур асосида таълим олишни бошлайди.
«Дастур академик асос ва амалий финтех кўникмаларини бирлаштиради», — деди Ишметов.
2030 йилгача финтех соҳасига 1 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилиш ҳам белгиланган.
Ишметовнинг айтишича, Ўзбекистонда финтех учун зарур асос шаклланиб бормоқда. Ҳозирда мамлакатдаги тўловларнинг 57 фоизи нақд пулсиз амалга оширилади ва бу кўрсаткич йил сайин ўсмоқда.
Шу билан бирга, аёлларнинг банк ҳисобварақларига эгалик қилиш даражаси 39 фоиздан 61 фоизга ошган.
«Биз аниқлаган бўшлиқлар шунчаки муаммолар эмас. Улар масъулиятли инновациялар энг катта иқтисодий қиймат яратиши мумкин бўлган соҳаларни ҳам белгилаб беради», — деди Марказий банк раиси.
Ишметов Ўзбекистон инвестициялар, технологиялар, экспертиза ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун очиқ эканини таъкидлади.
«Маҳсулотларни шу ерда яратинг, янги ечимларни шу ерда синовдан ўтказинг, шу ерга инвестиция киритинг, шу ерда кадрларни ривожлантиринг», — деди у.
Марказий банк раиси тўғри ҳамкорлик йўлга қўйилса, Марказий Осиё янада боғланган, рақобатбардош ва халқаро молия тизимига интеграциялашган минтақага айланиши мумкинлигини билдирди.





