Миллий кутубхонада сунъий интеллект асосида янги тизимлар жорий этилади

Bugun 20:491 daqiqa

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида сунъий интеллект технологиялари асосида китобхонларга хизмат кўрсатиш, ахборот ресурсларини рақамлаштириш ва автоматик таҳлил қилиш тизимларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Миллий кутубхонада сунъий интеллект асосида янги тизимлар жорий этилади © sun'iy intelekt

Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фаолиятини рақамли трансформация қилиш ва интерактив хизматларни кенгайтиришга қаратилган қатор янги вазифалар белгиланган. Асосий эътибор сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда китобхонларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилмоқда.

Ҳужжатга кўра, сунъий интеллект ёрдамида китобхонлар эҳтиёжларини таҳлил қилиш, уларга мос тавсиялар бериш ҳамда ахборот қидириш жараёнларини тезлаштирувчи дастурий ечимлар ишлаб чиқилади. Бу орқали фойдаланувчилар учун керакли маълумотларни топиш ва манбалардан фойдаланиш жараёни соддалаштирилиши кутилмоқда.

Шунингдек, 2027 йил 1 августга қадар ахборот ресурсларини кенг кўламда рақамлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Лойиҳада автоматик таниб олиш тизимларини жорий этиш, нашрларни электрон каталоглаштириш ва таснифлаш жараёнларини такомиллаштириш ҳам кўзда тутилган.

«Китобхонлар хиёбони»ни ташкил этилади

Қарор лойиҳаси доирасида интерактив хизматлар сонини кўпайтириш ва халқаро ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳам белгиланган. Бу кутубхона фаолиятини халқаро ахборот маконига интеграция қилишга хизмат қилиши айтилмоқда.

Бундан ташқари, «Маърифат маркази» биносининг бир қисмини китобхонларга хизмат кўрсатиш учун Миллий кутубхонага ажратиш таклиф қилинган. Шу билан бирга, «Очиқ осмон остидаги кутубхона» форматида «Китобхонлар хиёбони»ни ташкил этиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid