Logo

Мирзиёев йирик давлат корхоналаридаги камчиликларни очиқлади

Bugun 17:102 daqiqa

Президент стратегик корхоналарда таннархнинг ошиб бориши, энергетикадаги катта йўқотишлар ва бошқарувдаги камчиликларни танқид қилди. Айрим компанияларда эса бозор қийматини бир неча баробар ошириш имконияти мавжудлиги қайд этилди.

Мирзиёев йирик давлат корхоналаридаги камчиликларни очиқлади © Foto: Наманган вилоят ҳокимлиги

21-июл куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудуд ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича биринчи ярим йиллик якунлари ҳамда йил охиригача амалга ошириладиган устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда стратегик давлат корхоналари фаолияти самарадорлиги алоҳида таҳлил қилинди. Қайд этилишича, олдин тармоқлар умумий харажатларни фоизда қисқартириб, таннарх камайгани ҳақида ҳисобот берилган. Бир бирлик маҳсулот таннархи бўйича таҳлил эса ҳақиқий ҳолатни очиб бергани таъкидланди.

Хусусан, «Navoiy kon-metallurgiya kombinati»да бир унция олтин ишлаб чиқариш таннархи 8,2 фоизга ошган. Корхонанинг умумий харажатлари эса ўтган йилга нисбатан 6,2 триллион сўмга ёки 22 фоизга кўпайган.

Шунингдек, «O‘zbekiston metallurgiya kombinati»да пўлат шарлар таннархи 5,4 фоизга, «O‘zkimyosanoat»да карбамид ишлаб чиқариш таннархи 11,1 фоизга, аммиакли селитра таннархи эса 8,3 фоизга ошгани маълум қилинди.

Бозор қиймати имконияти

Йиғилишда «Franklin Templeton» компанияси ИПОга чиқиши режалаштирилган 13 та йирик давлат компаниясини таҳлил қилгани маълум қилинди.

Таҳлилларга кўра, «Uzbekistan Airways»да маршрутларнинг самарасиз режалаштирилиши, рейслар орасидаги узоқ танаффуслар, парвозларнинг кечикиши ҳамда кейтеринг ва техник хизмат кўрсатишда рақобатнинг йўқлиги сабаб йилига 120 миллион доллар даромад бой берилмоқда.

Шу билан бирга, «Franklin Templeton» ҳисоб-китобларига кўра, «Hududiy elektr tarmoqlari»нинг бозор қийматини икки баробарга, «Uzbekistan Airways»никини 40 фоизга ва «O‘zbektelekom»никини эса 50 фоизга ошириш имконияти мавжуд.

Энергетика муаммоси

Президент йиғилишда энергетика инфратузилмасини ривожлантириш учун келгуси ўн йилда 8 миллиард доллар инвестиция талаб этилишини қайд этди. Бироқ мавжуд тармоқларда йўқотишларни қисқартириш бўйича ишлар етарли даражада эмаслиги танқид қилинди.

Маълум қилинишича, йилнинг биринчи ярмида электр энергиясидаги йўқотишлар 17,2 фоизни ёки 4,8 миллиард киловатт-соатни ташкил этган. Газ тармоғидаги йўқотишлар эса 7,6 фоизга, яъни 797 миллион куб метрга етган.

Шунингдек, ҳудудий газ тармоқлари корхоналарида меҳнат унумдорлиги қўшни давлатларга нисбатан 1,5–2 баробар пастлиги қайд этилди.

Teglar

Mavzuga oid