Мобил операторларга интернетсиз тариф таклиф қилиш мажбурий бўлиши мумкин

Bugun 11:252 daqiqa

Адлия вазирлиги янги қарор лойиҳасини эълон қилди: унга кўра мобил операторлар интернетсиз тарифларни ҳам жорий этиши шарт бўлиши мумкин.

Мобил операторларга интернетсиз тариф таклиф қилиш мажбурий бўлиши мумкин

Ўзбекистонда мобил алоқа хизматлари бозорида истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган янги ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ташаббус Адлия вазирлиги томонидан илгари сурилган бўлиб, у абонентлар учун тариф танловини кенгайтиришни мақсад қилади.

Қонун ҳақида

Лойиҳага мувофиқ, мобил операторлар фақат қўнғироқ дақиқалари ва SMS хабарлардан иборат интернетсиз тариф режаларини ҳам мажбурий тарзда таклиф қилиши керак бўлади. Бу орқали интернетдан фойдаланмайдиган фуқаролар учун қулай ва арзон вариантлар яратилиши кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, лойиҳада тариф номланишига ҳам ўзгартиш киритиш таклиф қилинган. Унга кўра, операторлар тарифларни абонент тўлови ёки хизмат ҳажмига боғлаб номламаслиги керак. Чунки бундай амалиёт истеъмолчиларни чалғитиб, кейинчалик нарх оширилиши орқали ортиқча харажатларга олиб келиши мумкин.

Қарор лойиҳаси 2026 йил 31 март куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Фуқаролар ва мутахассислар ўз фикр ва таклифларини билдириш имкониятига эга. Ҳужжат қабул қилинган тақдирда, бозордаги тариф сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ўзгаришлар кутилмоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда ҳеч бир мобил алоқа оператори бундай тариф режаларини таклиф этмайди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур қонун лойиҳасига муносабат билдириб, сўнгги йилларда мобил операторлар тариф сиёсатини танқид қилди. Унинг таъкидлашича, компаниялар кўп ҳолларда истеъмолчилар амалда фойдаланмайдиган ёки фойдаланишга улгурмайдиган интернет трафик ҳажмини сунъий равишда ошириб, шу орқали тарифларни мунтазам қимматлаштириш амалиётини йўлга қўйган.

Бакировнинг фикрича, бу ҳолат аллақачон уяли алоқа бозорида «одатий механизм»га айланган бўлиб, унга қарши на Рақобат қўмитаси, на ҳукумат томонидан етарли таъсирчан чоралар кўрилмаган. Натижада, истеъмолчилар манфаатлари етарли даражада ҳимоя қилинмай қолмоқда.

«Очиғи, Адлия вазирлиги таклиф этаётган лойиҳа маъқулланиб кучга кириши эҳтимолини юқори деб бўлмайди. Лекин истеъмолчилар, жамоатчилик, ОАВ жим турмай, бу таклифни фаол қўллаб-қувватлаши керак», — дейди Бакиров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилда мобил операторлар ва бошқа хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан тўланган солиқлар, товар айланмаси ва уларга берилган имтиёзлар миқдори ҳақида маълумот берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid