Олий таълим вазирлиги ходими 100 минг доллар пора билан қўлга тушди

06.03.2026 | 11:551 daqiqa

Вазирлик мутахассиси университет филиали учун лицензия масаласини тез ҳал қилиш эвазига 100 минг АҚШ доллари талаб қилгани айтилмоқда.

Олий таълим вазирлиги ходими 100 минг доллар пора билан қўлга тушди

Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Таълим ташкилотларини лицензиялаш бўлими етакчи мутахассиси 100 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, вазирлик ходими Қарши шаҳрида фаолият юритаётган нодавлат олий таълим муассасасининг Сурхондарё вилоятида филиал очиши учун лицензия бериш масаласини қисқа муддатда ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилган.

Шунинг эвазига у мазкур университетнинг мансабдор шахсидан 100 минг АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилган. Пул маблағлари лицензия олиш жараёнини тезлаштириш учун талаб қилингани айтилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган махсус тезкор тадбир давомида вазирлик ходими сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Жиноят иши

Ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-қисми «а» банди — фирибгарлик моддаси бўйича айблов қўйилди.

Тергов органлари томонидан гумонланувчига нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланди. Айни пайтда ушбу ҳолат бўйича қўшимча тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни бундай қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда 1520 қисқа рақами орқали мурожаат қилишга чақирди. Идорага кўра, мурожаат қилган шахсларнинг шахсияти сир сақланиши кафолатланади.

Teglar

Mavzuga oid