Ўзбекистон маҳбуслар сони бўйича дунёда 166-ўринни олди
Бу Марказий Осиёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлди.
© Ijtimoiy tarmoqlarЖиноятчилик ва адолат сиёсати тадқиқотлари институтининг 2025-йил учун маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 85 нафар қамоқда сақланаётган шахс тўғри келади. Бу ҳақда ташкилот ҳисоботида сўз боради.
Бу Марказий Осиёдаги энг паст кўрсаткичлардан биридир. Таққослаш учун, Туркманистон дунёда тўртинчи ўринда (576 маҳбус), Қозоғистон 103-ўринда (163), Тожикистон 112-ўринда (145) ва Қирғизистон 145-ўринда (112). Бошқа давлатлар қаторида Россия 35-ўринда (ҳар 100 минг кишига 300 маҳбус) ва Туркия 10-ўринда (468).
Дунёда энг юқори кўрсаткич Сальвадорда (1659 маҳбус), энг паст кўрсаткич эса Яманда (14).
Ривожланган давлатлар орасида АҚШ юқори кўрсаткичлардан бирини эгаллаган — ҳар 100 минг аҳолига 542 маҳбус тўғри келади. Шунингдек, Австралияда бу кўрсаткич 170, Буюк Британияда 138, Францияда 126, Германияда 71, Канадада 90, Японияда эса 33 нафарни ташкил этган.
Ҳисоботда жиноят ишлари бўйича тергов остида бўлган ёки суд ҳукми билан жазони ўтаётган шахслар ҳисобга олинган. Маъмурий тартибда ҳибсда сақланаётганлар статистикага киритилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиядаги ўзбекистонлик маҳбуслар жазони ватанда ўташни сўраганди.





