Ўзбекистон нега энг қудратли давлатлар рейтингида Қозоғистондан анча паст натижа олди?
Европага йирик табиий газ етказиб берувчилардан бири бўлган биргина Жазоир иқтисодиёти Ўзбекистонникидан жуда катта. Лекин Марказий Осиё давлати Африка мамлакатидан саккиз поғона юқорида жойлашган. Бу эса рейтинг фақат иқтисодиёт ҳажмига қараб тузилмаганини кўрсатади. Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон юзталикка кирмади.
© World Population Review«World Population Review» нашрининг 2026-йил учун тузилган дунёнинг энг қудратли давлатлари рейтингида Ўзбекистон эса 71-ўринни эгаллади.
Ана шу рўйхатда Қозоғистон 34-ўринни банд қилди. Қозоғистон Мисрдан (35-ўрин) юқорироқ жойлашди. Шунингдек, у Бирлашган Араб Амирликлари (37-ўрин), Жанубий Африка (38-ўрин), Норвегия (39-ўрин), Саудия Арабистони (40-ўрин), Покистон (42-ўрин) ва Эрондан (46-ўрин) ҳам олдинда.
Собиқ Совет Иттифоқи давлатлари орасида Россия 11-ўринни эгаллади. Украина 51-ўриндан, Беларус эса 57-ўриндан жой олди.
Ўзбекистон рейтингда Камбоджа (69-ўрин) ва Уммон (70-ўрин)дан кейин қайд этилди. Бироқ мамлакат Шри-Ланка (72-ўрин), Эстония (75-ўрин), Кения (77-ўрин), Жазоир (79-ўрин) ва Арманистондан (80-ўрин) юқорироқ ўринни эгаллади.
«World Population Review» маълумотларига кўра, рейтинг АҚШнинг «U.S. News & World Report» нашри томонидан ўтказилган «Best Countries» тадқиқотига асосланган. Унда мамлакатларнинг иқтисодий ва сиёсий таъсири, ҳарбий салоҳияти, халқаро ҳамкорлари ҳамда раҳбариятининг мавқеи ҳисобга олинган.
Қозоғистон нима учун юқори ўринда?
Қозоғистоннинг халқаро майдондаги мавқеи, аввало, энергетика ва кончилик соҳалари ривожлангани ҳамда кўплаб давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатгани билан боғлиқ.
Мамлакат уран қазиб олиш бўйича дунёда биринчи ўринда туради. 2025-йилда жаҳонда қазиб олинган ураннинг тахминан 40 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган.
Шунингдек, мамлакат 2025-йилда 78,7 миллион тонна нефт экспорт қилган. Қозоғистон нефтни халқаро бозорларга етказиб бериш учун кенг қувурлар тармоғи ва савдо ҳамкорликларидан фойдаланади.
Қозоғистон ташқи сиёсатда бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик давлат билан ҳамкорлик қилишга интилади. Масалан, Остона Россия ва Хитой билан алоқаларни сақлаб қолган ҳолда, АҚШ, Европа ва бошқа ҳамкорлар билан иқтисодий ҳамда сиёсий муносабатларни ҳам кенгайтирмоқда. Мамлакатнинг уран саноати ҳам бундай сиёсатнинг намунасидир.
Қозоғистон турли сиёсий блокларга мансуб давлатлар билан савдо ва саноат алоқаларини йўлга қўйган. Бундан ташқари, темирйўл тармоғи, Хитой билан транспорт алоқалари ва Каспий денгизидаги портлар Қозоғистоннинг Осиё ва Европа ўртасидаги савдодаги аҳамиятини оширади.
Осиё ва Европани боғловчи Транскаспий халқаро транспорт йўлаги, яъни «Ўрта йўлак» орқали 2025-йилда тахминан 4,1 миллион тонна юк ташилган. Шундан қарийб 77 мингта стандарт 20 футлик контейнерга тенг юк контейнерлар орқали ташилган.
Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам анча йирик
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2025-йилда 147 миллиард долларга етган. Бу кўрсаткич рейтингда Ўзбекистонга яқин ўринларни эгаллаган Уммон (110 миллиард доллар), Шри-Ланка (109 миллиард доллар) ва Кения (136 миллиард доллар) иқтисодиётидан катта.
Жазоир иқтисодиёти эса қарийб 287 миллиард долларга тенг. Мамлакат Европага йирик табиий газ етказиб берувчилардан бири бўлишига қарамай, рейтингда Ўзбекистондан саккиз поғона пастда жойлашган. Бу эса рейтинг фақат иқтисодиёт ҳажмига қараб тузилмаганини кўрсатади.
Ўзбекистон ҳам халқаро минерал хомашё бозорида муҳим ўринга эга. АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, мамлакат 2024-йилда уран қазиб олиш бўйича дунёда бешинчи, олтин қазиб олиш бўйича эса тўққизинчи ўринни эгаллаган. Ўзбекистон ҳиссасига жаҳонда қазиб олинган ураннинг 6,6 фоизи ва олтиннинг 3,9 фоизи тўғри келган. Бу соҳалар мамлакатнинг халқаро иқтисодий алоқаларида муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг қарийб 39 миллион кишилик ички бозори ҳам иқтисодий салоҳиятини оширади.
Дунёдаги энг қудратли 10 та давлат

Рейтингнинг биринчи ўнталигидан Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Германия, Япония, Жанубий Корея, Франция, Буюк Британия, Мексика ва Италия жой олган.
Марказий Осиёнинг қолган давлатлари — Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон эса дунёнинг энг қудратли 100 та мамлакати рўйхатига киритилмаган.





