Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ЖЧ йўлланмасини муддатидан олдин қўлга киритди

Bugun 11:191 daqiqa

Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Осиё Кубогида Ҳиндистонни йирик ҳисобда мағлуб этиб, 2026 йилги Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ЖЧ йўлланмасини муддатидан олдин қўлга киритди © UFA

Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Осиё Кубогидаги навбатдаги ғалабаси орқали 2026 йилги Жаҳон чемпионати иштирокчисига айланди.

Жамоа 2-тур доирасида Ҳиндистон U-17 термасини 3:0 ҳисобида таслим қилди. Учрашувда ҳисоб 32-дақиқада Лазиз Абдураимов томонидан пенальтидан очилди. Иккинчи бўлимда ҳиндистонлик футболчи ўз дарвозасига гол киритди. 77-дақиқада эса Аҳрорбек Равшанбеков учинчи голни киритиб, баҳсга нуқта қўйди.

Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон бир гуруҳдан Австралия, Ҳиндистон ва КХДР билан жой олган эди. Аммо КХДР U-17 терма жамоаси мусобақада иштирок этмагани сабабли “оқ бўрилар” биринчи турни ўтказиб юборди. Шу тариқа, Ҳиндистон устидан қозонилган ғалаба жамоага муддатидан олдин Жаҳон чемпионати йўлланмасини тақдим этди.

Ўзбекистоннинг кейинги учрашуви 13 май куни Австралияга қарши бўлиб ўтади. Австралия ҳам биринчи турда Ҳиндистонни мағлуб этгани учун Жаҳон чемпионати иштирокчисига айланди.

Мусобақа низомига кўра, гуруҳ босқичида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар плей-офф босқичига ҳамда 2026 йил Қатарда ўтадиган U-17 Жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини қўлга киритади.

Маълумот учун, Ўзбекистон U-17 терма жамоаси мусобақанинг амалдаги чемпиони ҳисобланади. Жамоа 2025 йил Саудия Арабистонида ўтказилган Осиё чемпионатида барча олти учрашувда ғалаба қозониб, бош совринни қўлга киритган эди.

Teglar

Mavzuga oid