Logo

Ўзбекистонда 2030 йилгача 15 та олийгоҳ дунёнинг топ-500 лигига киритилади

Bugun 19:512 daqiqa

Ўзбекистон олий таълим тизимида «1+3», «2+2» ва «3+1» каби интеграциялашган таълим дастурлари кенг жорий этилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган янги стратегияга кўра, мамлакатда нуфузли хорижий университетлар билан академик ҳамкорлик янги даражага олиб чиқилади.

Ўзбекистонда 2030 йилгача 15 та олийгоҳ дунёнинг топ-500 лигига киритилади

Президент Шавкат Мирзиёев халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этиш, нуфузли хорижий университетлар билан академик ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Қайд этилишича, сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 44 фоизга ошган. Талабалар сони эса 270 минг нафардан 1,7 миллион нафарга етган.

2030 йилга қадар камида 5 та олийгоҳни умумий рейтинг бўйича, яна 10 тасини фан йўналишлари кесимида дунёнинг энг яхши 500 та университети қаторига киритиш мақсад қилинган.

Шунингдек, 100 та олийгоҳ дастурини халқаро аккредитациядан ўтказиш, камида 150 та техникумда халқаро таълим дастурларини жорий қилиш режалаштирилган.

Олий таълим муассасалари битирувчилари ва педагогларининг камида 30 фоизини хорижий тил, касб ва мутахассислик бўйича халқаро сертификатлар билан таъминлаш, техникумларнинг 2,5 минг нафар ҳамда олийгоҳларнинг 20 минг нафар педагогини хорижда малака оширишга юбориш вазифалари белгиланган.

Интеграциялашган таълим дастурлари кенгаяди

Тақдимотда интеграциялашган таълим дастурларини кенг жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Таъкидланишича, бундай тизим талабаларга ўқиш давомида бир нечта университетда таълим олиш, турли мамлакатлар академик стандартларидан фойдаланиш имконини беради.

Ҳозирда Тошкентдаги «Inha» университети ва Тошкент архитектура-қурилиш университетида Британиянинг 10 дан ортиқ олийгоҳи билан ҳамкорликда «1+3», «2+2» ва «3+1» моделлари йўлга қўйилган. 371 нафар талаба ушбу дастурлар орқали Британия стандартларига мос диплом олиш имкониятига эга бўлмоқда.

Янги олий мактаб ташкил этилади

Шу муносабат билан Тошкент архитектура-қурилиш университети таркибида Интеграциялашган дастурлар олий мактабини ташкил этиш таклиф қилинган.

Олий мактабда таълим жараёни Буюк Британиянинг Норзамбрия ва Ҳартфордшир университетлари дастурлари асосида йўлга қўйилади. Кейинги босқичда Сапиенца, Саутгемптон, Глазго каби дунёнинг нуфузли олийгоҳлари академик талабларига мослаштирилган таълим дастурларини жорий этиш кўзда тутилган.

Teglar

Mavzuga oid