Logo

Ўзбекистонда эркаклар сони аёллардан кўпроқ экани маълум қилинди

16.05.2026 | 16:001 daqiqa

2026 йил бошида эркаклар сони бўйича энг юқори кўрсаткич Наманган вилоятида қайд этилган бўлса, Тошкент шаҳрида аёллар сони устунлиги кузатилган.

Ўзбекистонда эркаклар сони аёллардан кўпроқ экани маълум қилинди © Ijtimoiy tarmoqlar

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 январ ҳолатида Ўзбекистонда гендер нисбати эркаклар фойдасига шаклланган. Мамлакат бўйича ҳар минг нафар аёлга ўртача 1 015 нафар эркак тўғри келган.

Ҳудудлар кесимидаги кўрсаткич

Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Наманган вилоятида қайд этилган. Вилоятда ҳар минг нафар аёл ҳисобига 1 034 нафар эркак тўғри келади. Қашқадарё вилоятида бу кўрсаткич 1 029 нафарни, Андижонда 1 027 нафарни, Навоийда 1 026 нафарни ташкил этган.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятида ҳар 1 минг нафар аёлга 1 025 нафар эркак тўғри келган. Жиззах ва Фарғона вилоятларида бу кўрсаткич 1 019 нафардан бўлган. Самарқанд вилоятида эса ҳар 1 минг нафар аёл ҳисобига 1 016 нафар эркак қайд этилган.

Қорақалпоғистон Республикасида мазкур нисбат 1 010 нафарни ташкил қилган. Сирдарё вилоятида 1 009 нафар, Тошкент вилоятида 1 008 нафар, Бухоро вилоятида 1 006 нафар ва Хоразм вилоятида 1 004 нафар эркак қайд этилган.

Пойтахт Тошкент шаҳрида эса аксинча ҳолат кузатилган. Статистикага кўра, шаҳарда ҳар 1 минг нафар аёлга 966 нафар эркак тўғри келган. Бу аёллар сони эркакларга нисбатан юқорилигини англатади.

Шу билан бирга, 2026 йил 7 апрел ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 38 миллион 401 минг 654 нафарга етган. Умумий ҳисобда эркаклар сони аёлларга нисбатан 276,4 минг нафарга кўп экани қайд этилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid