Logo

Ўзбекистонда Google Pay хизмати ишга тушди

Bugun 12:322 daqiqa

Бу ҳақда Самарқандда ўтказилаётган C5+1 форматидаги тадбирлар доирасидаги панел сессиясида  Google Cloud'нинг Давлат сиёсати ва давлат ташкилотлари билан алоқалар йўналиши бўйича раҳбари Марчин Красуски эълон қилди.

Ўзбекистонда Google Pay хизмати ишга тушди

Ўзбекистонда Google Pay халқаро тўлов хизмати ишга туширилди. Бу ҳақда 19-октябр куни Самарқандда C5+1 форматидаги тадбирлар доирасида ўтказилган панель сессиясида маълум қилинди. 

Google Cloud компаниясининг Марказий ва Шарқий Европа бўйича ҳукумат билан алоқалар ва давлат сиёсати масалалари раҳбари Марчин Красуски хизмат Ўзбекистонда иш бошлаганини эълон қилди.

«Менимча, Ўзбекистон илғор рақамли тартибга солиш бўйича етакчилардан бири. Шу сабабли бугун Google Ўзбекистонда GPay — Google Pay хизматини ишга тушираётганини мамнуният билан эълон қиламан», — деди у.

Сессия Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ давлат идоралари вакиллари, шунингдек, йирик компаниялар иштирокидаги бизнес дастур доирасида ўтказилмоқда. 

Ҳозирча хизматнинг барча банклар карталарида ишлаши, маҳаллий тўлов тизимлари билан интеграцияси ва фойдаланиш шартлари бўйича қўшимча маълумот берилмаган.

Қонунчиликдаги ўзгаришлар

Google Pay ва Apple Pay каби халқаро тўлов хизматларини Ўзбекистонда ишга тушириш масаласи аввал ҳам муҳокама қилинган. 2026-йил 26-март куни президент «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолаган эди.

Ўзгартишлар билан шахсий маълумотларни фақат Ўзбекистон ҳудудидаги серверларда сақлаш талаби қисқартирилди. Биометрик ва генетик маълумотлар, шунингдек, телекоммуникация операторлари абонентларига тегишли маълумотлар учун маҳаллий сақлаш талаби сақланиб қолди. Бошқа шахсий маълумотларни эса белгиланган шартларга риоя қилган ҳолда хорижда қайта ишлаш мумкин бўлди.

Июл ойида халқаро тўлов хизматларини ишга тушириш учун техник ишлар олиб борилаётгани маълум қилинган эди. Марказий банк сентябрда музокаралар ўтказишни режалаштирган, бироқ хизматлар айнан шу ойда ишга тушишини билдирмаган.

Банклар билан интеграция

Марказий банкнинг Тўлов тизимларини ривожлантириш департаменти раҳбари Жамшид Усманов аввалроқ Apple Pay ва Google Pay яқин ойларда ишга тушиши мумкинлигини айтган эди.

Унинг маълум қилишича, тижорат банклари, «Humo» ва «Uzcard» билан биргаликда техник интеграция ишлари олиб борилган. Режалар халқаро «Visa» ва «Mastercard» карталаридан ташқари, маҳаллий тўлов карталарини ҳам хизматларга улашни назарда тутган.

Дастлаб бир ёки бир нечта банк ёхуд миллий тўлов операторларидан бири хизматни ишга тушириши мумкинлиги айтилган эди. Google Pay ишга туширилгани эълон қилинган бўлса-да, маҳаллий карталарни улаш имконияти ва хизматдан фойдаланиш бошланадиган банклар рўйхати бўйича аниқ маълумот ҳали тақдим этилмаган.

Teglar

Mavzuga oid