«Ўзбекконцерт»дан шедевр шартнома: тугалланган тадбирга бир йил ўтиб пул ажратилди
Қизиғи шундаки, 2025 йилда ўтказилган «Туркманистон маданият кунлари» тадбирига гулдаста сотиб олиш учун шартномалар 2026 йилда имзоланди.
© ijtimoiy tarmoqlarМаданият вазирлиги ҳузуридаги «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ўтган кузда ўз якунига етган «Туркманистон маданият кунлари» тадбирига тирик гуллардан гулдаста харид қилиш учун жорий йил қишда 2 та шартнома имзолади.
Гап шундаки, тадбир 2025 йил 21–24 октябрь кунлари Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳрида ўтказилган. Аммо пул ажратиш учун етказиб берувчи якка тартибдаги тадбиркор «ЯТТ НИҒМАТОВ ЗИКРИЛЛА САЪДУЛЛА ЎҒЛИ» билан имзоланган ҳужжат санасида 2026 йилнинг 17 февраль қайд этилган.


Буюртмачи сифатида «Ўзбекконцерт» ҳар иккала шартномани ҳам айнан битта тадбиркор билан тузган. Кўрсатиладиган хизматлар учун биринчи шартнома суммаси 195 миллион сўм қилиб кўрсатилган.
Масалан, донаси 25 минг сўмлик 1400 та Голландия пушти атиргули 35 миллион сўмга, донаси 22 минг сўмдан яна шунча қизил атиргул 30,8 миллион сўмга тушган. Умумий ҳисобда 43,4 миллион сўмлик спрей атиргулдан 1550 та сотиб олинган, унинг 1 таси 28 минг сўмдан пулланган.

Энг қимматга туширгани ҳам айнан шу. Қолган гуллар ҳам арзон эмас. Уларни олишга эса 5,3 миллиондан 23,9 миллион сўмгача маблағ кетган.
Иккинчи шартнома эса 395 млн сўмга тузилган.

Бунда харид суммаси кўрсатилганларнинг донаси 19 минг сўмдан 55 минг сўмгача баҳоланган. Улар орасида донаси 600 минг сўмлиги ҳам йўқ эмас. Гулларнинг ҳар биридан кўпи билан 4900 донагача олинган. Бунинг учун давлат бюджетидан 1,2 миллион сўмдан 93,1 миллион сўмгача, умумий ҳисобда юқорида айтилган 395 миллион сўм сарфланган.

Бундан олдин Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро Фестиваллар дирекцияси билан «ЯТТ НИҒМАТОВ ЗИКРИЛЛА САЪДУЛЛА ЎҒЛИ» билан 1 дона тирик гуллардан гулдаста учун 227 миллион сўмдан 257 миллион сўмгача шартнома тузилган. Шартнома жами суммаси 550 млн сўм эди.





