«Ўзгидромет» баҳорнинг илк ойида қандай ҳарорат кузатилишини маълум қилди

26.02.2026 | 22:302 daqiqa

2025–2026 йилларнинг қиш мавсуми ҳам якунланмоқда ва баҳор фасли кириб келишига саноқли кунлар қолди.

«Ўзгидромет» баҳорнинг илк ойида қандай ҳарорат кузатилишини маълум қилди

Бу йил март ойи бошида об-ҳаво баҳорий беқарор бўлиши кутилмоқда. Баҳорнинг биринчи кунида кўпчилик вилоятларда ҳаво ҳарорати 12–17 даража илиқ бўлган қуруқ об-ҳаво бўлиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, 2 мартда Ўзбекистон ҳудудига жануби-ғарбийдан нам ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Республика бўйича ёмғир ёғади, тоғли ҳудудларда ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик кузатилади.

Кейинчалик, ойнинг биринчи ўн кунлиги охиригача ёғингарчилик даврий бўлиб, текислик ҳудудларда танаффус билан ёмғир ёғади, тоғларда ёмғир ва қор ёғади. Бу даврда ҳаво ҳарорати 10–15 даража илиқ атрофида бўлиши кутилмоқда (бу иқлим меъёрига мос), айрим кунларда 6–9 даража илиққача пасайиши мумкин.

Март ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари 3–8 даража илиқдан 8–13 даража илиққача, кундуз кунлари 12–17 даража илиқдан 23–28 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда. Ҳарорат пасайиши даврлари қисқа бўлади, исиш даврлари эса давомий бўлади.

Баҳор фаслининг биринчи ойи

Одатда Ўзбекистонда март ойида ҳаво ҳароратининг тез кўтарилиши бошланади. Бу ойда ўртача ҳаво ҳарорати феврал ойига нисбатан 5-6 даражага, шимолда эса 7-8 даражага юқори бўлади. Март ойининг энг илиқ кунларида, айниқса ойнинг иккинчи ярмида, қуёш нурлари ҳавони 23-28 даража иссиққача, жанубда эса 30-33 даража иссиққача иситади.

Метеорологик кузатувлар тарихида 2008 ва 2023 йилларнинг март ойлари энг илиқ давр сифатида қайд этилган. Ўша йиллари ҳарорат иқлим меёридан 5-8 даражагача баланд бўлган. Март ойида қайд этилган энг юқори кўрсаткичлар республика ҳудудининг катта қисмида 30-35 даража иссиқни, жанубда эса 35-37 даража иссиқни ташкил этган.

Бироқ март ойи жуда ўзгарувчандир. Бу даврда ҳаво оқими йўналишлари тез-тез алмашиб туради. Жанубдан келувчи жуда илиқ ҳаво оқими Волга бўйи, Урал ёки Ғарбий Сибирдан келадиган совуқ ҳаво билан ўрин алмашиши мумкин. Шу сабабли илиқ кунлар қисқа муддатли совуқлар билан алмашиб туради.

Тарихий маълумотларга кўра, март ойида мутлақ минимал ҳарорат ҳудудларнинг катта қисмида 15-20 даража совуқ, Қорақалпоғистон ва Қизилқум шимолида 23-25 даража совуқ бўлган. Ҳатто 1954 йилда Устюртда ҳарорат 34-37 даража совуққача пасайган эди. Аммо сўнгги 25 йил ичида бундай қаттиқ совуқлар кузатилмади. Охирги йилларда март ойидаги энг паст ҳароратлар 6-11 даража совуқ атрофида бўлмоқда.

Ўзбекистонда март ойи йилнинг энг ёғингарчилик кўп бўладиган даврларидан бири ҳисобланади. Ой давомида 10 кундан 15 кунгача ёғингарчилик кузатилиши мумкин. Сўнгги йиллардаги энг рекорд даражадаги ёғингарчилик 2022 йилнинг март ойида қайд этилган бўлиб, ўшанда Наманган вилоятида ёғин миқдори меёрдан 450 фоизгача етган. Мартда ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида бўлади, лекин ҳарорат кескин пасайганда ёмғир қорга айланиши ҳам мумкин.

Teglar

Mavzuga oid