Logo

Президентнинг узоқ йиллик вакиллари

Bugun 20:007 daqiqa

Ўзбекистонда ҳоким бўлиш қийинми ёки ҳоким бўлиб қолиш? Ҳар йили айрим ҳокимлар ишдан олинади, айримлари узоқ ҳудудга юборилади. Баъзилари эса бир танқид, бир хато ёки битта кескин йиғилишдан кейин курсиси билан хайрлашади. Лекин шундай амалдорлар ҳам борки, улар учун ҳокимлик гўё вақтинчалик лавозим эмас. Улар бир ҳудуддан бошқасига ўтади, аммо ҳокимлик курсиси қўлдан кетмайди.

Айримлари 10 йил, айримлари 20 йил, баъзилари эса чорак асрдан буён бошқарув тизимининг энг юқори поғоналарида қолиб келмоқда. Бугун биз ана шундай ҳокимлар ҳақида гаплашамиз.

 Бу уларнинг оддий таржимаи ҳоли эмас. Бу - қандай қилиб айрим амалдорлар ўнлаб йиллар давомида ҳокимлик курсисини сақлаб қолаётгани ҳақида. Хўш, бу тажриба натижасими, сиёсий ишончми ёки тизимнинг ўзига хос қоидаларими?

Эркинжон Турдимов

Turdimov

Биласизми-йўқми, Ўзбекистонда 5 ёки 10 йил эмас, нақ чорак асрдан бери ишлаётган ҳокимлар бор. Булардан бири - Самарқанд ҳокими сифатида кўп муҳокама қилинган, ҳозирги Сирдарё ҳокими Эркинжон Турдимов.

Турдимов икки президент - Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев даврида ҳам ҳокимлик лавозимларини сақлаб қолган кам сонли амалдорлардан бири ҳисобланади. Бу эса марказий ҳокимият томонидан унга нисбатан ишонч юқори бўлиб келганини кўрсатади. Айниқса, мураккаб ҳудудларга юборилиши ва кетма-кет тўртта вилоятни бошқариши унинг тажрибали менежер сифатида кўрилаётганидан дарак беради. 

У ижтимоий тармоқларда ҳам тез-тез кўринади, ҳа деганда журналистлардан қочмайди. Турдимов кўпроқ тунги рейдлари, кутилмаган текширувлари билан танилган.

Эркинжон Турдимов чорак асрки, ҳокимлик лавозимларида фаолият юритаётган кам сонли мансабдорлардан биридир. У ҳокимлик фаолиятини 2000-2008 йилларда Навоий вилояти Хатирчи туманини бошқаришдан бошлаган.

2008–2018 йилларда Навоий ва Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаган. 2018–2024 йилларда эса Самарқанд вилояти ҳокими сифатида фаолиятини давом эттирган.

У Самарқандга ҳокимлик даврида, яъни 2022-йили ОАВда тез-тез муҳокамалар марказида бўлиб келган. Ҳоким журналист ва блогерлар томонидан тақдим этиладиган танқидий материалларни қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш механизми жорий этилиши кераклигини айтиб чиққанди ҳамда асосли ва тасдиқланган фактлар учун мукофот берилиши кераклигини таъкидлаганди.

Хуллас, Турдимовнинг кескин ва тўғридан-тўғри баёнотлари уни ОАВда доимий муҳокама қилинадиган ҳокимлардан бирига айлантирган. Бу эса унинг бошқарув услуби жамоатчилик эътиборини мунтазам жалб этиб келишини кўрсатади.

Турдимов 2025-йили Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган ва кўп вақт ўтмай ҳоким сифатида тасдиқланган. Бу умумий ҳисобда унинг тўртинчи бор вилоят ҳокими лавозимида ишлаши.

Агар Хатирчи туманидаги 8 йиллик бошқарувини ҳам ҳисобга олсак, «ҳокимбува» 25 йилдан буён ҳокимлик амалида қолмоқда.

Шуҳратбек Абдураҳмонов

Abdurahmonov

2013-йилдан буён битта вилоятга раҳбарлик қилиб келаётган, керак бўлганда Андижоннинг ҳокими эмас, хони дейиладиган Шуҳрат Абдураҳмоновни танимаган одам бўлмаса керак. Ижтимоий тармоқларда энг машҳур ҳокимлардан бири айнан Андижон вилояти ҳокими. У вилоят ҳокимлигига икки муддатдан бери бош бўлиб келмоқда. Аслида у ҳам икки даврни кўрган эскилардан ҳисобланади. 

Абдураҳмонов 2004-йили Андижон вилояти Пахтаобод туманига ҳоким этиб тайинланган ва 2011-йилгача ушбу лавозимда фаолият юритган. 2011–2013 йилларда у Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, 2013-йилдан бошлаб эса Андижон вилояти ҳокими бўлиб фаолият олиб бормоқда. Бу дегани, у ҳам қарийб 20 йиллик ҳокимлардан.

Шуҳратбек Абдураҳмонов деярли ҳар ойда ижтимоий тармоқлар юлдузи бўлади десак, нотўғри бўлмаса керак. Унинг иштирокидаги тадбирда доим бир ходиса бўлади, ёки ҳеч бўлмаганда ўша тадбирга миллион эмас миллиарлар сарфлангани ўртага чиқади.

Бундан ташқари кимнидир ҳақорат қилгани, кимлар биландир ишқий муносабати борлиги ҳақидаги хабарлар ҳам болалаб туради.

E-қарор порталига кирганингизда ҳам Абдуаҳмонов бошқаларга қараганда энг кўп маблағ ажратган ҳокимлардан эканини кўрасиз.

Ҳар қанча танқидлар, тарқаб кетган видео ёки аудиоларга қарамай, Андижон ҳокими жойидан силжимади ва икки муддатдан бери вилоятга раҳбарлик қилиб келмоқда.

Зойир Мирзаев

image_2026-07-10_15-36-36

Бош вазир ўринбосаридан оддий туман ҳокимлигигача тушиб, орадан бир йил ўтмай яна вилоят ҳокими бўлган амалдорни биласизми? Кейинги ва узоқ йиллик ҳоким бу — Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев.

 У ҳам тармоқларда энг кўп муҳокама қилинадиган ҳокимлардан саналади. Мирзаев фаолияти давомида туман, шаҳар ва бир нечта вилоятларга раҳбарлик қилган. Кўпчилик уни пиарни яхши кўрадиган, ўзини яхши пиар қила оладиган ҳокимлардан деб билади. Сайёр қабуллардан видеолар эълон қилиш, ходимларини танқид қилишда Зойир Мирзаевга етадигани йўқ.

У ҳокимлик фаолиятини 2003-йили Самарқанд вилояти Жомбой туманида бошлаган. 2008-2016 йилларда Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятига ҳокимлик қилган.

2016-йили Шавкат Мирзиёев томонидан ҳукуматга жалб этилиб, Бош вазир ўринбосари ва Қишлоқ ҳамда сув хўжалиги вазири этиб тайинланган.

Бироқ у 2018-йили суғориш ва ғалла экиш ишларидаги жиддий камчиликлар, шунингдек, фермерлар ва маҳаллий амалдорлар билан боғлиқ шов-шувли «ариқ воқеаси» ортидан лавозимидан озод этилган ва Бош вазир ўринбосари лавозимидан Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳокими этиб тайинланган.

Рисунок4

Аммо бу унинг сиёсий фаолиятидаги якун бўлмади. Орадан бир йил ҳам ўтмай, 2019-йили Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимига кўтарилди. 2021-йилдан буён эса Тошкент вилояти ҳокими сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Тошкент вилоятига ҳоким бўлганидан кейин ҳам эътибор марказидан қолмаган Мирзаев ОАВ билан очиқ бўлишга, қилган ишларини кўрсатишга уринади. Шундай бўлса-да, тажрибали ҳоким ҳамон вақт-вақти билан ижтимоий тармоқлар нишонига тушиб туради. Масалан, унинг аёллар тандирда нон ёпмай қўйгани ҳақидаги фикрлари жамоатчиликда узоқ вақт қизғин муҳокама қилинди.

Шундай қилиб, Зойир Мирзаев 2003-йилдан буён, яъни қарийб 22 йилдирки, ҳокимлик тизимида фаолият юритиб келмоқда. Бош вазир ўринбосарлигидан туман ҳокимлигигача тушганига қарамай, яна вилоят ҳокими даражасига қайта олди ва бугун Ўзбекистондаги энг тажрибали ҳокимлардан бири саналади.

Хайрулло Бозоров фаолияти

Рисунок5

Кўп йиллик ҳокимлар рўйхатида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳам бор ва у тамоман бошқа қиёфада намоён бўлади. Анчагина «босиқ» раҳбарлардан бири ҳисобланадиган Бозоров узоқ йиллар Наманганни, ҳозир эса Фарғонани бошқармоқда.

Хайрулло Бозоров ҳақида негатив видео ёки хабарлар доим ҳам оммага ёйилмайди. У қандай ҳоким эканига, албатта, фарғоналиклар баҳо бергани яхши.

Хайрулло Бозоров — туман ҳокимлигидан бошлаб вилоят даражасигача босқичма-босқич кўтарилган, узоқ йиллик бошқарув тажрибасига эга раҳбарлардан бири ҳисобланади. У ўзини имкони қадар кўздан нари тутадиган, сокин бошқарувни афзал кўрадиган раҳбардир.

Бозоров 2008–2015 йилларда Наманган вилоятида Учқўрғон, Чуст ва Мингбулоқ туманларида ҳоким сифатида ишлаган.

2015–2020 йилларда Наманган вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритган. 2020-йилдан ҳозирга қадар эса Фарғона вилояти ҳокими сифатида фаолият олиб бормоқда.

Хайрулло Бозоров Наманган вилояти ҳокими бўлган даврда, Алишер Усмонов вилоятда бир нечта йирик ижтимоий ва бизнес лойиҳаларни бошлаган. Хусусан, Наманган шаҳрини обод қилиш, чекка қишлоқларни ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион доллар маблағ ажратилгани ҳамда инвестиция жамғармаси ташкил этилгани ҳақида расмий хабарлар эълон қилинган.

Юқорида айтганимиздек, Хайрулло Бозоров ижтимоий тармоқларда трендда юрадиган ҳокимлардан эмас.

Унинг атрофидаги гап-сўзларни эслаганда, фақатгина 2021-йили «Фарғона вилояти ҳокими тадбиркордан 400 минг доллар пора олгани айтилмоқда», деб айрим ОАВларда эълон қилинган хабарларни айтиш мумкин. Аммо ўша вақтда бу ҳолатга Адлия вазирлиги муносабат билдирган ва юқоридаги гаплар асоссиз эканини маълум қилган.

Шундай қилиб, Хайрулло Бозоров қарийб 18 йил давомида туман ва вилоят даражасидаги раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб келмоқда. Бугун у Ўзбекистондаги энг узоқ муддат ишлаётган ҳокимлардан бири саналади.

 

Шавкатжон Абдураззоқов фаолияти

image_2026-07-10_15-43-47

Контейнерда яшашга ваъда берган ҳокимни эслайсизми? Бу — Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов. У айни пайтда вилоятни иккинчи муддат бошқариб келмоқда. У кўпчиликка амалий ва ноодатий қарорлари билан танилган бўлиб, сўнгги йилларда Ўзбекистондаги энг узоқ муддат ишлаётган вилоят ҳокимларидан бирига айланди.

Унинг раҳбарлик фаолияти 2015-йили Наманган тумани ҳокими сифатида бошланган. 2017-йили Вазирлар Маҳкамасида қисқа муддат департамент мудири, 2017–2020 йилларда Наманган шаҳри ҳокими ва 2020-йилдан буён Наманган вилояти ҳокими этиб тайинланган ҳамда ҳозирга қадар салкам 6 йилдан буён ҳокимлик курсисини қўлдан бой бермай келмоқда.

У вақт-вақти билан ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлиб турса-да, фаолияти атрофида бошқа айрим ҳокимлардаги каби йирик можаролар деярли кузатилмаган.

2021-йили Президент Наманганнинг «Бунёдкор» маҳалласидаги лой ва харобаликни кўриб, барча масъулларни танқид остига олгани, ўшанда вилоятга ҳоким бўлганига кўп бўлмаган Абдураззоқов Президент танқидидан сўнг ўша маҳаллага бориб, жамоатчилик кўз ўнгида жуда ноодатий қарор қабул қилган.

«Мен шу маҳаллага темир контейнер ўрнатиб, ўзим шу ерда яшайман. Ҳар куни эрталаб кўчаларни айланаман, ишлар қандай кетаётганини шахсан назорат қиламан. Токи бу маҳалланинг шароити яхшиланмагунча, мен шу контейнерда қоламан», — деган эди у.

Бу воқеа тармоқларда «Ҳоким контейнерда яшамоқда» деган сарлавҳалар билан жуда катта шов-шувга сабаб бўлган. Гарчи кўпчилик буни шунчаки «кўзбўямачилик» ёки «PR» деб атаган бўлса-да, якунда ушбу маҳалла қисқа муддатда обод қилинган ва ҳокимнинг бу юриши унинг жамоатчилик кўзида ижобий очилишига хизмат қилган эди.

Ҳокимлар фаолияти ва бу борада мутахассислар фикрини «Vaqt.uz»нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.

Teglar

Nozima Qarshiboyeva

Nozima QarshiboyevaMaqolalar soni: 56

Barchasi

Mavzuga oid