Қирғизистон ва АҚШ виза режимини соддалаштириш масаласини кўриб чиқди
Икки давлат музокараларида санкциялар мавзуси ҳам кўтарилди. Чунки АҚШ ва Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатлари орқали Россияга нисбатан қўлланилган санкцияларни четлаб ўтиш ҳолатларини кузатиб бормоқда.

Қирғизистон Бош вазири Адилбек Қасималиев АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда республика Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув давомида томонлар икки томонлама кун тартибидаги кенг кўламли масалаларни, жумладан, савдо-иқтисодий ва молиявий-инвестициявий соҳалардаги ҳамкорлик, фуқаролик авиациясини ривожлантириш, санкциялар мавзуси, шунингдек, виза режимини соддалаштиришни муҳокама қилган.
Қасималиев «C5+1» форматининг аҳамиятини таъкидлаб, ўтган йили ушбу форматда ўтказилган президентлар учрашуви минтақавий ҳамкорлик учун кучли туртки бўлганини қайд этди. У Рубиога ушбу платформага Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги мулоқотнинг асосий воситаси сифатида эътибор қаратгани учун миннатдорлик билдирди.
«Биз Қўшма Штатларни нафақат энг муҳим шерик, балки илмий-технологик ривожланиш бўйича жаҳон етакчиси деб биламиз. Қирғизистон инновациялар, рақамли трансформация ва илғор технологияларни жорий этиш соҳасида шерикликни кенгайтиришдан манфаатдор», — деди бош вазир ва ташриф доирасида АҚШнинг етакчи технологик корпорациялари билан қатор учрашувлар ўтказганини қўшимча қилди.
Виза режимини соддалаштириш жараёни
2024-йил АҚШ Қирғизистон фуқаролари учун B1 ва B2 (туристик ва ишбилармонлик) визаларининг амал қилиш муддатини 5 йилдан 10 йилгача узайтирган эди. Ҳозирда икки давлат виза олиш учун консуллик тўловларини камайтириш ва жараённи янада тезлаштириш устида ишламоқда.
Санкциялар
Музокараларда санкциялар мавзуси кўтарилгани бежиз эмас. АҚШ ва Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатлари орқали Россияга нисбатан қўлланилган санкцияларни четлаб ўтиш ҳолатларини диққат билан кузатиб боради. Қирғизистон иккинчи даражали санкцияларга тушиб қолмаслик учун АҚШ ғазначилиги билан яқин ҳамкорлик қилмоқда.





