Қозоғистондаги ЙТҲда ҳалок бўлган уч нафар ўзбекистонликнинг жасади ватанга қайтарилди
Йўл-транспорт ҳодисаси 22 август куни Қизилўрда шаҳри ҳудудидан ўтувчи Шимкент–Самара автомобил йўлида содир бўлган.
© Foto: dunyo.info22 август куни Қизилўрда шаҳридан ўтувчи Шимкент–Самара автомобил йўлининг Ақсай ҳудудида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида уч нафар Ўзбекистон фуқароси воқеа жойида ҳалок бўлган. Маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг дастлабки маълумотларига кўра, ҳодиса ҳайдовчининг рул бошқарувида ухлаб қолиши натижасида юк автомобили билан тўқнашиши сабабли содир бўлган бўлиши мумкин.
Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги бош консулхонаси Миграция агентлиги билан ҳамкорликда ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанга қайтариш бўйича зарур чораларни кўрган.
«Жумладан, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда ҳалок бўлган уч нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасадларини доимий яшаш жойи – Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрига ўз вақтида етказиш масаласи Қозоғистоннинг ваколатли идоралари билан тезкорлик билан ҳал этилди», — дейилади хабарда.





