Ражаб Тоййиб Эрдўған: «Дунёдаги кўплаб можаролар Туркиясиз ҳал бўлмайди»
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таъкидлашича, мамлакатнинг халқаро майдондаги таъсири шунчалик ошдики, энди Суриядан тортиб Россия–Украина урушигача бўлган низолар Туркия иштирокисиз ҳал этилмайди.

Истанбулдаги чиқишида Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўған дунёдаги кўплаб можароларни барқарорликка олиб келишда Туркиянинг ўрни ҳал қилувчи аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мамлакат энди нафақат минтақада, балки жаҳон миқёсида ҳам тинчлик ва барқарорликни «экспорт қилувчи куч»га айланган.
«Бугун дўстлар ҳам, рақиблар ҳам музокара столида кучли Туркия борлигини тан олмоқда. Улар бунга кўникмоқда. Суриядан Ғазогача, Форс кўрфазидан Россия ва Украина можаросигача — ҳеч бир масала Туркиясиз мувозанатга келтириб бўлмайди», — деди Эрдўған Истанбулда ёшлар билан учрашувда.
Президентнинг таъкидлашича, мамлакат ташқи сиёсат, демократия, мудофаа саноати ва иқтисодиётдаги қатъий қадамлари орқали глобал кучга айланмоқда. У Туркия сўнгги йилларда ҳарбий экспорт, дипломатик фаоллик ва энергетика соҳасида ҳам муҳим ютуқларга эришганини қайд этди.
Эрдўған шунингдек, Ғарб билан муносабатлардаги танқидларга ҳам жавоб берди: «Авваллари айримлар Туркия Ғарб иттифоқидан узоқлашяпти, уни ўйиндан чиқаряпти, деб айтишган эди. Аммо ҳаёт ҳақиқатни кўрсатди — биз тўғри томонда эдик».
Туркия президенти сўзларига кўра, Туркиянинг янги ташқи сиёсати миллий манфаатлар, стратегик мувозанат ва мустақилликка таянган ҳолда қурилган. «Биз жаҳон сиёсатида фаол иштирок этиш орқали тинчлик ва адолатни мустаҳкамлаймиз», — дея хулоса қилди у.





