Logo

Рақобат қўмитаси мобил алоқа операторлари устидан ўрганиш бошланди

Bugun 13:232 daqiqa

Ўзбекистонда айрим мобил алоқа операторлари яқин кунларда тарифлари нархини оширишни эълон қилди. Бу эса истеъмолчилар орасида эътирозларга сабаб бўлмоқда. Қўмита ушбу қарорларнинг асослилигини ўрганишни бошлади.

Рақобат қўмитаси мобил алоқа операторлари устидан ўрганиш бошланди © Gazeta.uz

Ўзбекистонда айрим мобил алоқа операторлари тариф нархларини оширишни режалаштираётгани ортидан Рақобат қўмитаси ушбу қарорларнинг асослилигини ўрганишни бошлади. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Қўмита маълумотига кўра, истеъмолчилар интернет трафик ҳажми оширилганига қарамай, алоқа сифати етарли даражада таъминланмаётганидан норози.

Шунингдек, фойдаланилмаган интернет трафикнинг кейинги ойга ўтказилмаслиги ва тариф нархларининг ошиши интернет ҳажмидаги ўзгаришларга мутаносиб эмаслиги ҳам эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Операторларга қандай талаблар бор?

Қўмита ўрганиш давомида операторлар томонидан рақобат қоидаларига зид ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини камситувчи ҳаракатлар аниқланса, белгиланган тартибда текширув ўтказилишини билдирди. Қоидабузарликлар тасдиқланган тақдирда, амалдаги қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилади.

Аввалги ўрганишлар натижалари

Қўмита маълумотларига кўра, 2025-йил ва 2026-йилнинг дастлабки-тўққиз ойида мобил алоқа операторлари фаолиятидаги бир қатор камчиликлар бартараф этилган.

Жумладан, «Beeline» компаниясида ойлик абонент тўловини ечиш учун ҳисобда маблағ етарли бўлмаганда, абонентни огоҳлантирмасдан автоматик равишда кунлик тарифга ўтказиш амалиёти бекор қилинган.

Бундан ташқари, давлат органларининг 100 дан ортиқ қисқа рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилиш бепул қилинган.

«Mobiuz» компаниясида айрим тариф режаларига ўтиш билан боғлиқ техник чекловлар бартараф этилган. Шунингдек, тариф шартлари ҳақида истеъмолчиларга тўлиқ маълумот бериш таъминланган.

«Ucell» компаниясининг уяли алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича оммавий офертаси ҳам қайта кўриб чиқилган. Унга моддий ва маънавий зарар учун жавобгарликни назарда тутувчи талаблар киритилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси кредит тўловлари бўйича Марказий банкка таклиф юборганди. Қўмита маълумотига кўра, айрим банкларда ойлик кредит тўловидан ортиқча ўтказилган маблағлар асосий қарзни сўндиришга йўналтирилмай, транзит ҳисобварақларда қолиб кетмоқда. Бунинг оқибатида асосий қарз камаймай, унга фоиз ҳисобланиши давом этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid

Рақобат қўмитаси мобил алоқа операторлари устидан ўрганиш бошланди | Vaqt.uz