add

Россияда смартфон бозори 25 фоизга қулади: аҳоли тежашга ўтди

Bugun 18:392 daqiqa

2025 йилда иқтисодий босим фонида россияликларни янги смартфон харидини кечиктиришга мажбур қилди.

Россияда смартфон бозори 25 фоизга қулади: аҳоли тежашга ўтди

2025 йилда Россияда смартфонлар савдоси кескин қисқарди. «Ведомости» нашрининг дистрибуторлар Fplus ва М.Видео маълумотларига таяниб ёзишича, йиллик ҳисобда бозор ҳажми 19–25 фоизгача пасайган. Йил давомида 24,2 млнта қурилма сотилган бўлиб, умумий айланма 588 млрд рублни ташкил этди. Солиштириш учун, 2024 йилда 29,8 млн та смартфон 720 млрд рублга сотилган эди.

«ОФД платформаси» статистикасига кўра, смартфоннинг медиан нархи 25 309 рублни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 4 фоизга арзонлаган. Шу билан бирга, бозордаги етакчи брендлар сақланиб қолмоқда: дона ҳисобида Хитойнинг «Xiaomi» 22 фоизлик улуш билан биринчи ўринда, иккинчи ўринда «Samsung», учинчи ўринни эса «Tecno» ва «Realme» бўлишиб олган. Қиймат жиҳатидан эса бозорда «Apple», «Samsung» ва «Xiaomi» етакчилик қилмоқда.

«М.Видео» маълумотларига кўра, дона ҳисобида «Redmi» 18 фоиз билан биринчи ўринни эгаллади. Пул ифодасида эса «Apple» бозорнинг 27 фоизини сақлаб қолган, «Samsung» — 21 фоиз, «Redmi» ва «Tecno» эса мос равишда 11 фоиз ва 7 фоиз улушга эга.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, пасайишнинг асосий сабаби — иқтисодий шароит. Россияликлар янги смартфонни фақат зарурат туғилганда, масалан, эски қурилма ишдан чиққан ҳолда сотиб олмоқда. Шу сабаб трейд-ин хизмати оммалашди: 2025 йилда «М.Видео» тармоғида ушбу дастур орқали топширилган смартфонлар сони 292 фоизга ошган.

Шу билан бирга, иккиламчи бозор ҳам фаол ўсмоқда. «Авито» маълумотларига кўра, 2025 йилда аввал ишлатилган смартфонлар айланмаси 10 фоизга кўпайган. Қайта сотиш бозорида харидорлар янги қурилма нархининг тахминан ярмигача тежаш имконига эга бўлмоқда, бу эса умумий талабни янада қисқартиряпти.

Teglar

Mavzuga oid