Санъаткорларга ипотека кредити бўйича янги имтиёзлар берилади

Bugun 17:552 daqiqa

Ўзбекистонда ҳар йили 1 минг нафар шоир, ёзувчи, маданият ва санъат вакиллари, музей ходимлари ҳамда рассомларга уй-жой хариди учун ипотека кредити бошланғич тўловининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.

Санъаткорларга ипотека кредити бўйича янги имтиёзлар берилади

Ҳар йили 1 минг нафар шоир, ёзувчи, маданият ва санъат вакиллари, музей ходимлари ҳамда рассомларга уй-жой хариди учун ипотека кредити дастлабки тўловининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан ўтказилган учрашувда маълум қилди.

Президент таъкидлашича, бошқа ҳудуддан келиб ишлаётган маданият ва санъат ходимлари учун ҳам янги имкониятлар яратилади. Энди уларнинг уй-жой ижараси харажатлари Тошкент шаҳрида ойига 2,5 миллион сўмгача, вилоятларда эса 1,6 миллион сўмгача давлат томонидан қопланади.

Учрашувда соҳа ходимларининг саломатлиги ва ижтимоий муҳофазасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳар йили юқори натижа кўрсатган 1 минг нафар маданият ва санъат вакили давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан бепул даволанади. Шунингдек, яна 2 минг нафар ижодкорга тиббий суғурта пакети тақдим этилади. Камида 10 йил меҳнат қилган ходимларга санаторийларга бепул йўлланмалар ажратилади.

Янги имкониятлар

15 июндан бошлаб халқ артисти, халқ шоири ва халқ ёзувчиси каби юксак фахрий унвон соҳиблари аэропорт ва вокзаллардаги VIP заллардан бепул фойдаланиши мумкин бўлади. Бу ташаббус миллий маданият ривожига ҳисса қўшган ижодкорларни рағбатлантиришга қаратилган.

Шунингдек, ашула ва рақс ансамбллари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 сентябрдан мазкур жамоалардаги барча ходимларнинг иш ҳақи икки баравар оширилади. Рақс усталари учун пенсияга чиқишда талаб этиладиган махсус стаж 20 йилдан 15 йилга қисқартирилади. Қолган беш йиллик меҳнат фаолиятини эса балетмейстер, репетитор ёки педагог сифатида давом эттириш имконияти яратилади.

Рақс ва мусиқага эътибор

Давлат раҳбари Янги Тошкент шаҳрида қурилаётган Мақом маркази ёнида замонавий Рақс саройини барпо этишни таклиф қилди. Шу билан бирга, рақс санъатини ривожлантириш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Композитор ва бастакорларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳам қайта кўриб чиқилади. Энди ҳар йили опера, симфония ва бошқа мумтоз ҳамда замонавий жанрларда камида 20 та янги асар яратиш учун давлат буюртмалари берилади. Шунингдек, аэропортлар, вокзаллар, метро бекатлари, парклар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, кафе ҳамда ресторанларда миллий куй-қўшиқларни мунтазам янгратиш зарурлиги таъкидланди.

Teglar

Mavzuga oid

Санъаткорларга ипотека кредити бўйича янги имтиёзлар берилади | Vaqt.uz