Солиқ қўмитаси бизнес учун сунъий интеллект аудитини ишга туширди
Бу орқали тадбиркорлар солиқ тўловлари ва ҳисоботлар ҳолатини текшириб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар олиши мумкин.
© govuzСолиқ қўмитаси корхоналарнинг солиқ мажбуриятларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилувчи «Экспресс-аудит» модулини ишга туширди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Хизмат тадбиркорларга солиқ соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар олиш имконини беради.
Янги модул тадбиркорлар учун мўлжалланган «AI Soliq» платформасида жойлаштирилган. У корхона ҳақидаги асосий маълумотларни, жумладан, қўлланилаётган солиқ режими ва барқарорлик рейтингидаги баҳосини кўрсатади.
Экспресс-аудит орқали солиқ ҳисоботларининг ўз вақтида топширилгани, солиқлар тўлангани ва қарздорлик мавжудлиги текширилади.
Шунингдек, тизим аниқланган камчиликларни таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар беради. Бу тадбиркорларга солиқ мажбуриятларини назорат қилиш ва мавжуд муаммоларни эртароқ аниқлашда ёрдам бериши мумкин.
Модул нималарни аниқлайди?
Экспресс-аудит икки асосий бўлимдан иборат. Биринчи бўлим — «Солиқ мажбуриятлари» — корхонанинг солиқ ҳисоботлари, тўловлари ва қарздорлиги ҳақидаги маълумотларни жамлайди. Бу орқали тадбиркор солиқ мажбуриятларининг бажарилиш ҳолатини кўриши мумкин.
Иккинчи бўлим — «Камчиликлар ва тавсиялар» — аниқланган муаммоларни кўрсатади. Улар қаторига банк ҳисобварағи бўйича операциялар тўхтатилгани, солиқ мажбуриятлари билан амалга оширилган тўловлар ўртасидаги тафовутлар ва бошқа камчиликлар киради.
Таҳлилни бошлаш учун экспресс-аудит панелидаги «Бошлаш» тугмасини босиш керак. Шундан сўнг тизим чат шаклида асосий муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича тавсияларни тақдим этади.
Тадбиркор муайян йўналишни танлаб, алоҳида таҳлил ҳам ўтказиши мумкин. Масалан, солиқ қарзи мавжуд бўлса, унинг миқдори солиқ турлари ва тўланмаганлик учун ҳисобланган пенялар кесимида жадвалда акс эттирилади.
Қўшимча имкониятлар
Модулда таҳлил даври ва суммаларни ҳисоблаш валютасини танлаш имконияти мавжуд. Фойдаланувчилар чатботга матн шаклида савол бериши ёки овозли сўров юбориши мумкин.
Тизим шрифт ўлчамини ўзгартириш ва жавобларни автоматик равишда овоз чиқариб ўқиш функцияларини ҳам қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, аввалги сўровлар сақланади ва уларга қайта мурожаат қилиш мумкин.
Янги хизмат тадбиркорларга солиқ ҳисоб-китобларидаги тафовутлар ва қарздорликни аниқлашни енгиллаштиришга қаратилган. Бироқ модуль тақдим этадиган тавсиялар солиқ мажбуриятларини бажариш заруратини бекор қилмайди. Корхоналар солиқ ҳисоботлари ва тўловларининг тўғрилигини назорат қилиши лозим.





