Тожикистон президенти Бухородаги тарихий обидаларни зиёрат қилди
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон давлат ташрифи доирасида Шавкат Мирзиёев билан бирга Бухородаги тарихий ва муқаддас обидаларни зиёрат қилди.

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистонга амалга ошираётган давлат ташрифи доирасида Шавкат Мирзиёев билан бирга Бухоро шаҳридаги тарихий ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилмоқда.
Бухоро ўзининг бой тарихий ва маданий мероси билан машҳур бўлиб, 2,5 минг йиллик тарихга эга. Шаҳарнинг тарихий маркази 1993 йилда UNESCOнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Асосий ташриф
Дастлаб давлат раҳбарлари Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди. Бу мажмуа ислом оламининг энг улуғ қадамжоларидан бири ҳисобланади. У ерда Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган.
Мажмуа таркибига мақбара, хонақоҳ, масжидлар ва сўфийлик тарихи музейи киради. Таълимотнинг асосий шиори «Дил ба ёру, даст ба кор» инсонни меҳнатсеварлик ва руҳий покликка ундайди.
Сомонийлар мақбарасига ташриф
Сомонийлар мақбарасига Марказий Осиёда пишиқ ғиштдан қурилган энг қадимий обидалардан бири бўлиб, IX–X асрларга тааллуқли. Мақбара Сомонийлар давлати асосчиси ва биринчи ҳукмдори Исмоил Сомоний томонидан сулолавий мақбара сифатида қурилган.
Унинг меъморий кўринишида ислом ва исломдан аввалги анъаналар уйғунлашган. Қуёш нурларига қараб ўзгарувчан нақшлар ҳамда куб ва гумбаз шакли Ер ва Осмон уйғунлигини англатади.
Зиёрат давомида Қуръон тиловат қилиниб, ўтганларга раҳмат, юртимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб дуо қилинди.





