Тошкент вилоятида спорт ва АКТга миллиардлаб маблағ ажратилди
Зойир Мирзаев фармойиши билан Тошкент вилоятида спорт ташкилотлари ва АКТ марказига 3,4 млрд сўм ажратилди. Футбол, шахмат ва киберхавфсизлик учун маблағлар тақсимоти.

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг 2026-йил 27-мартдаги фармойиши билан вилоятдаги айрим спорт ташкилотларига қарийб 17,7 млрд сўм маблағ ажратилди. VAQT.UZ маблағ ажратиш тўғрисидаги ҳужжат билан танишди.
Ҳужжатда пул ажратиш сабаби қуйидагича изоҳланган:
«Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 12, 14 ва 23-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 15-июндаги 4751-сонли, 2024-йил 19-июлдаги 274-сонли, 2023-йил 8-майдаги 150-сонли қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 3-ноябрдаги 99-сонли, 2022-йил 22-майдаги 311-сонли қарорларида белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг 2026-йил 18-мартдаги VII-30-30-10-0-К/26-сонли ҳамда 2026-йил 18-мартдаги VII-30-31-10-0-К/26-сонли қарорларига мувофиқ, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари О.Турсунов, вилоят ҳокими ўринбосари О.Султанбековларнинг билдиргиларини инобатга олиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига асосан ... маблағ ажратилсин».
Қаерга қанча пул бериляпти?
Фармойишга қўшимча қилинган иловадан вилоят Футбол ассоциацияси ишчи ходимларининг 2026-йил учун иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни амалга ошириш харажатлари учун 1 млрд 151 млн сўм, Шахмат федерацияси вилоят бўлими ишчи ходимларининг ойлик маошларига ва спортнинг шахмат тури бўйича ҳоким кубоги ўтказиш харажатлари учун 336,6 млн сўм, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси ишчи ходимларининг ноябр ва декабр ойлик иш ҳақлари ва унга тенглаштирилган тўловларини тўлаш харажатлари учун 125,3 млн сўм ажратилганини билиш мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон Волейбол федерацияси Тошкент вилояти бўлими қошидаги профессионал волейбол спорт клубини спорт жиҳоз ва анжомлар билан таъминлаш харажатлари учун 68,6 млн сўм ажратилмоқда.
АКТга 1,7 млрд сўм
Зойир Мирзаевнинг фармойишида Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» МЧЖ томонидан ахборот хавфсизлигини таъминлаш (Ягона киберхафсизлик узелига улаш), давлат органлари ва ташкилотларда «Халқ назорати» платформасининг юритилиши ҳамда 2026-йил учун АКТ маркази ишчи ходимларига иш ҳақи харажатлари учун 1 млрд 625 млн сўм, Ахборот тизимларини барқарор ишлашини таъминлаш, фойдаланувчилар маълумотларини рухсатсиз киришдан ҳимоя қилиш ҳамда киберхавфсизлик инфратузилмасини мустаҳкамлаш мақсадида амалга ошириладиган ишлар учун зарур техник воситалар ҳамда дастурий таъминот ўрнатиш харажатларига 161,8 млн сўм ажратилиши ҳам келтирилган.
Пул қаердан ажратилади?
Ҳужжатда қайд этилишича, вилоят маҳаллий бюджетининг 2026-йил бошига шаклланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан умумий ҳисобда 3 млрд 468 млн сўм маблағ ажратилади. Вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси маблағ ажратиш бўйича «Давлат молиясини бошқариш ахборот тизими»да тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминлайди. Вилоят ғазначилик бошқармаси эса ажратилган маблағ бўйича тўловларни ўз вақтида амалга оширилишини таъминлайди.
Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов зиммасига юкланган.





