Logo

Тошкентда 3 ёшли ўғлини муттасил қийнаб келган онага нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Bugun 19:402 daqiqa

У болага ухлатувчи дори воситасини ичириб, уни доимий равишда қаровсиз ва парваришсиз қолдирган.

Тошкентда 3 ёшли ўғлини муттасил қийнаб келган онага нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида 3 ёшли ўғлини мунтазам равишда қийнаб, унга ухлатувчи дори бериб келган онага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Болага ҳимоя ордери расмийлаштирилиб, онани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича судга ҳужжатлар тайёрланмоқда. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълум қилди.

Яшнобод туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар қўшниси бўлган 1989 йилда туғилган А.Т. исмли аёлнинг ўз фарзандига нисбатан шафқатсиз муносабати устидан шикоят қилган.

Мурожаатчиларнинг билдиришича, она 2023 йилда туғилган ўғли А.И.га нисбатан мунтазам жисмоний зўравонлик ишлатиб келган. Шунингдек, у болага ухлатувчи дори воситасини ичириб, уни доимий равишда қаровсиз ва парваришсиз қолдирган.

Жиноий иш ва боланинг ҳолати

Болалар омбудсманининг расмий сўрови асосида мазкур ҳолат Ички ишлар органлари ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ўрганилди.
Текширувлар натижасида болага нисбатан содир этилган муттасил тазйиқ ва қийнаш хатти-ҳаракатлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси («Қийнаш») билан жиноят иши қўзғатилди ҳамда болага ҳимоя ордери расмийлаштирилди.

«Ҳозирда вояга етмаган А.И.нинг саломатлигини тиклаш юзасидан барча зарурий тиббий муолажалар кўрсатилиб, боланинг соғлиғи барқарор яхши ҳолатда», — дейилади расмий хабарда.

Шунингдек, туман васийлик органи томонидан боланинг қонуний манфаатларига мос равишда вақтинча васийлик таъминланган. Ҳозирда унинг онаси А.Т.ни ўз ота-оналик мажбуриятини бажармаганлиги туфайли оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича судга тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Болалар омбудсмани мазкур ҳолат юзасидан боланинг хавфсиз ва соғлом муҳитда яшашини таъминлаш мақсадида ўз кузатувини давом эттиришини маълум қилган.

Teglar

Mavzuga oid

Тошкентда 3 ёшли ўғлини муттасил қийнаб келган онага нисбатан жиноят иши қўзғатилди | Vaqt.uz