Тошкентда улкан парк қурилади: креатив иқтисодиётга янги суръат
Президент Шавкат Мирзиёев креатив иқтисодиётни ривожлантириш ва янги маданият масканлари барпо этиш бўйича йирик лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Президент Шавкат Мирзиёев креатив иқтисодиётни ривожлантириш, маданият муассасалари инфратузилмасини янгилаш ҳамда янги креатив майдонлар ташкил этиш юзасидан тақдимот билан танишиб чиқди.
Тақдимотда маълум қилинишича, 2024 йилда креатив иқтисодиётнинг ЯИМдаги улуши 3,7 фоизни ёки 56,8 трлн сўмни ташкил этган. Экспорт ҳажми 770,6 млн долларга етган, соҳада 319 минг нафардан ортиқ аҳоли банд.
2024 йилда «Креатив иқтисодиёт тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, «Креатив индустрия парки» ташкил этилди. Резидентлар учун махсус солиқ режими жорий этилди: даромад ва ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 6 фоизга туширилди. 2030 йилга қадар соҳанинг ЯИМдаги улушини 5 фоизга ёки 145 трлн сўмга етказиш, экспортни 1 млрд долларга чиқариш ва бандликни 500 минг нафардан ошириш мақсад қилинган.
Йирик лойиҳалар режаси
Тақдимотда Тошкент шаҳрида барпо этиладиган «Креатив индустрия парки» концепцияси кўриб чиқилди. Унда яшил боғ, арт-объектлар, дастурлаш мактаби, китоб кафеси, спорт майдонлари, ижодий павильонлар, коворкинг ва офислар, кино ишлаб чиқариш майдонлари, овоз ёзиш студияси, креатив кампус ҳамда ёшлар учун меҳмонхона барпо этилади. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади.
Янги Тошкент ҳудуди ва Нукус шаҳрида ҳам креатив парклар ташкил этиш режалаштирилган. Нукусдаги паркда Ўзбекистоннинг «ЭКСПО-2025» миллий павилйони жойлаштирилиб, замонавий кутубхона барпо этилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида Буюк Британия Қироллик жамғармаси мактаби тажрибаси асосида Анъанавий санъат олий мактабини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Таълим инглиз тилида олиб борилади, икки йиллик дастур асосида мутахассислар тайёрланади.
Маданият марказлари ислоҳоти
Республикадаги 800 дан ортиқ маданият марказининг ярмидан кўпи таъмирталаб экани қайд этилди. Кўпчилиги фаолияти байрам тадбирлари билан чекланиб қолган. Шу боис, Тошкент, Қўқон, Бухоро ва Самарқандда пилот лойиҳа ишга туширилди. Биринчи марказ Тошкент шаҳридаги «Гулшан» маданият маркази негизида ташкил этилмоқда.
Шунингдек, Миллий реставрация институтини ташкил этиш, Самарқанддаги Бибихоним масжидини реставрация қилиш ва «Туркистон» ёзги амфитеатрини таъмирлаш лойиҳалари кўриб чиқилди. Лойиҳаларни UNESCO билан келишилган ҳолда амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Давлат раҳбари креатив иқтисодиёт нафақат маданий, балки иқтисодий жиҳатдан стратегик аҳамиятга эга эканини қайд этиб, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.





