Тошкентдаги «Изза» бозорида ёнғин содир бўлди

21.02.2026 | 10:551 daqiqa

ФВВ'га кўра, аввал бозор маъмурияти камчиликларни бартараф этиш юзасидан огоҳлантирилган. Бироқ ушбу қоидабузарликлар ўз вақтида тўлиқ бартараф этилмагани оқибатида ёнғин келиб чиққан

Тошкентдаги «Изза» бозорида ёнғин содир бўлди

Тошкент шаҳри Учтепа туманида жойлашган «Изза» қурилиш маҳсулотлари бозорида ёнғин содир бўлиб, 200 квадрат метр майдондаги ром ва эшик маҳсулотлари ёниб кетди. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот берди.

Вазирлик хабарида айтилишича, ёнғин ҳақида Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига 21 феврал куни соат 05:09 да хабар келиб тушган. Қутқарув бўлинмалари соат 05:18 да воқеа жойига етиб борган ва ёнғин 05:38 да ўраб олинган. Соат 06:00 га келиб ёнғин тўлиқ бартараф этилган.

Ҳодиса натижасида бозор ҳудудида жойлашган 200 квадрат метр майдондаги қурилиш маҳсулотлари, хусусан, ром ва эшиклар зарар кўрган. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғиннинг тарқалишига ёнғин хавфсизлиги талабларига амал қилинмагани сабаб бўлган.

ФВВ таъкидлашича, 16 феврал куни мазкур бозор Давлат ёнғин назорати органи томонидан текширилган. Текширув давомида ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бир қатор бузилиш ҳолатлари аниқланган ва камчиликлар бартараф этилгунга қадар бозор фаолияти тўхтатилиб, уч кунга электр таъминотидан узилган.

Бозор маъмурияти туман Фавқулодда вазиятлар бўлимига камчиликларни бартараф этиш бўйича кафолат хати тақдим этган. Бироқ вазирликка кўра, қоидабузарликлар ўз вақтида тўлиқ бартараф этилмагани оқибатида ёнғин келиб чиққан. Ҳозирда ҳодиса юзасидан қўшимча ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Яшнободдаги «Авиатор» савдо мажмуасида ёнғин юз бериб, оқибатида 3 яшар қизча ҳалок бўлган эди.

Teglar

Mavzuga oid