Тошкентдаги «Мовий гумбазлар» ўзининг дастлабки қиёфасига қайтарилади
Объектни реставрация қилиш мақсадида Екатерина Головатюк, Борис Чухович ва Фотима Абдураҳмонова каби маҳаллий ва халқаро экспертлардан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилмоқда.
© gov.uzТошкентдаги модернизм меъморчилигининг энг ёрқин намуналаридан бири бўлган «Мовий гумбазлар» илмий тадқиқотлар ҳамда меъморий асрашнинг халқаро тамойиллари асосида тўлиқ реставрация қилинади ва қайта тикланади. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги маълум қилди.
Агентлик раҳбарининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов мажмуа муаллифи, таниқли меъмор Вил Муратов билан биргаликда маданий мерос объектини кўздан кечирди ҳамда бинонинг дастлабки қиёфасини илмий ўрганиш ва қайта тиклаш ишлари бошланганини билдирди.
Махсус ишчи гуруҳ тузилади
Хабарга кўра, лойиҳани амалга ошириш учун халқаро ва маҳаллий мутахассислардан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилади. Ишчи гуруҳ таркибига модернизм меъморчилиги соҳасидаги етакчи халқаро экспертлар, шунингдек, маҳаллий меъморлар, санъатшунослар ва реставрация мутахассислари жалб этилади. Лойиҳа устида олиб бориладиган ишларда Екатерина Головатюк, Борис Чухович ва Фотима Абдураҳмонова ҳам иштирок этади.
«Лойиҳанинг асосий мақсади — «Мовий гумбазлармнинг тарихий, меъморий ва бадиий қадр- асраб қолиш, унинг дастлабки элементларини қайта тиклаш ҳамда ушбу ноёб ёдгорликни келажак авлодларга етказишдир. Миллий меъморчилик анъаналари ва модернизмнинг ифодавий тамойиллари уйғунлашган объектнинг ноёб меъморий ечими Ўзбекистон меъморчилиги тарихида муҳим аҳамиятга эга. «Мовий гумбазлар» ни реставрация қилиш ишларининг бошланиши шунчаки алоҳида тарихий бинони қайта тиклашдан иборат эмас. Бу Ўзбекистоннинг XX аср меъморий асраш, ўрганиш ва оммалаштириш, шунингдек, уни халқаро миқёсда намойиш этиш йўлидаги муҳим қадамдир», - дейилади расмий баёнотда.
Олиб ташланган безаклар асл мозаика эмасди
Қўшимча маълумотларга кўра, куни кеча гумбазлардан олиб ташланган мозаика безаклари аслида тарихий эмас, балки кейинчалик қилинган янги қоплама бўлган. Гумбазларнинг оригинал безаклари 1980 йилларнинг охиридаёқ нурашни бошлаган эди. Ушбу тарихий мозаика 2006 йилда, мулкдор ўзгарганидан сўнг кафени ресторанга айлантириш мақсадида қилинган реконструкция вақтида бутунлай олиб ташланган ва ўрнига замонавий декоратив орнамент ўрнатилган. 2026 йилга келиб эса мазкур 2006 йилги қопламанинг ўзи ҳам бузилиб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди.
Маълумот учун, 1968–1970 йилларда барпо этилган «Мовий гумбазлар» нафақат модернизм меъморчилигининг ноёб ёдгорлиги, балки Тошкент шаҳрининг рамзларидан бири ҳам ҳисобланади. Ушбу мажмуа 2019 йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан кўчмас моддий маданий мерос объектларининг Миллий рўйхатига киритилган. Ҳужжатга кўра, Шароф Рашидов шоҳкўчасида жойлашган «Мовий гумбазлар» кафеси давлат мулки ҳисобланади, унга нисбатан мулк ҳуқуқи «Трастбанк» хусусий акциядорлик банкининг Яккасарой филиалига тегишли.





