Уй-жой харидида алданиб қолмаслик учун нималарга эътибор бериш керак?
Янги уй харид қилишдан олдин унинг қонунийлиги, қурувчи компаниянинг ишончлилиги ва рухсат ҳужжатларини бир неча дақиқада текшириш мумкин. Бунинг учун давлатнинг расмий платформаларида қандай маълумотлар мавжуд ва улардан қандай фойдаланиш мумкин?
© vaqt.uzУй харид қилиш кўпчилик учун ҳаётдаги энг муҳим қарорлардан бири. Бироқ рекламадаги ваъдалар ёки арзон нарх ҳар доим ҳам уйнинг қонуний ва ишончли эканини англатмайди. Шунинг учун шартнома имзолашдан олдин қурилиш объекти ва қурувчи компания ҳақидаги маълумотларни текшириб чиқиш лозим.
Хусусан, 2025 йилда мамлакат бўйлаб қонунчилик талабларини бузиб қурилган қарийб 2 мингта объект аниқланган. Фақатгина Тошкентнинг ўзида ўтган йили 60 дан ортиқ қурилиш лойиҳаси вақтинча тўхтатилган. Улар орасида Sergeli City, Uchtepa City ва Strong Cities каби турар жой мажмуалари ҳам бор.
Қурилишнинг қонунийлигини қандай текшириш мумкин?
Бунинг учун Республика урбанизация ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш маркази яратган интерактив харитадан фойдаланиш мумкин. Платформада Ўзбекистон бўйлаб қурилаётган ҳамда фойдаланишга топширилган объектлар жамланган.
Ҳар бир объект аниқ манзилга боғланган бўлиб, унда қурилишга оид асосий маълумотлар ва расмий ҳужжатлар мавжуд. Шунингдек, уйни кадастр маълумотлари орқали қидириш, қайси ҳудудда жойлашгани ва сейсмик хавф даражасини ҳам кўриш мумкин.
Харитада объектлар ранглар орқали ажратилган. Кўк ранг қурилиши давом этаётган, қизил ранг қурилиши тўхтатилган, қора ранг музлатилган, яшил ранг эса фойдаланишга топширилган объектларни англатади.

Қизиқтирган объект устига босилганда унинг қурилиш босқичи, буюртмачи ва қурувчи компания, режалаштирилган топшириш муддати, қаватлар сони, блоклар ва хонадонлар сони ҳақида батафсил маълумот очилади.
Шунингдек, объект карточкасига архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши хулосаси, экспертиза ҳужжатлари ҳамда давлат рўйхатидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган бўлади.

QR-паспортдан нималарни аниқлаш мумкин?
Ҳар бир қурилиш объекти учун алоҳида QR-паспорт шакллантирилган. Унда қурилишга рухсат берилган сана, лойиҳа ташкилоти ва пудратчи ҳақидаги маълумотлар, объект зарур экспертизалардан ўтган-ўтмагани, архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши қарорлари ҳамда қурилишнинг якунланиш муддати келтирилади.

Қурувчи компания ҳам текшириладими?
Қурувчи компаниянинг ишончлилигини ҳам давлат платформаси орқали баҳолаш мумкин. 2021 йилдан буён Қурилиш вазирлиги ҳузурида reyting.mc.uz онлайн рейтинг тизими фаолият юритмоқда.
Тизим компанияларни бозордаги тажрибаси, молиявий ҳолати, фойдаланишга топширган объектлари сифати ҳамда техник базаси асосида баҳолайди. Натижада қурувчига рейтинг берилади. Энг юқори даража — AAA, бу компаниянинг ишончлилиги юқори ва хавф даражаси пастлигини билдиради. Энг паст кўрсаткич — DDD бўлиб, юқори хавф ва энг паст ишончлилик даражасини англатади.
Рейтинг интерактив харитадаги объект карточкасида ҳам акс эттирилади. Шу боис уй танлашда нафақат лойиҳанинг, балки уни қураётган компаниянинг ҳам ишончлилигини бир жойнинг ўзида текшириш мумкин.
Маълумотларга қанчалик ишониш мумкин?
Интерактив харита ҳам, қурувчилар рейтинги ҳам Қурилиш вазирлиги томонидан юритиладиган расмий платформалар ҳисобланади. Уларда объектларга оид тасдиқланган маълумотлар, рухсат ҳужжатлари ва қурилиш майдончасининг долзарб суратлари эълон қилиб борилади.
Албатта, бу платформалар уй харид қилиш бўйича якуний қарор қабул қилиш учун ягона мезон эмас.Бироқ улар уй харидидан олдин эҳтимолий хатарларни баҳолаш ва асосли қарор қабул қилишда муҳим манба ҳисобланади.

