Уйларни «рассрочка»га сотиб олиш тақиқланмайди — Адлия вазирлиги
Вазирлик ижтимоий тармоқларда тарқалган уй-жойни бўлиб-бўлиб тўлаш орқали сотиб олиш чекланиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaПрезидентнинг 2026-йил 14-августдаги ПҚ-294-сон қарори билан 2027-йил 1-январдан муддатли тўлов хизматлари операторлари фаолиятини тартибга солиш тартиби белгиланган эди.
Шундан сўнг, ижтимоий тармоқларда «Энди уйларни «рассрочка»га олиб бўлмайди» мазмунидаги хабарлар тарқалиб, жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Адлия вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга расмий муносабат билдирди.
Вазирликка кўра, янги талаблар фуқароларнинг қурувчидан бевосита «рассрочка» асосида уй сотиб олиш ҳуқуқини бекор қилмайди. Фақат 2027-йилдан бошлаб бундай уйни воситачи бўлган муддатли тўлов операторлари орқали рассрочкага сотиб олиб бўлмайди.
Қарорга кўра, муддатли тўлов операторлари истеъмолчиларга бўлиб-бўлиб тўлаш хизматини кўрсатувчи юридик шахслар ҳисобланади. Бироқ кўчмас мулк бундай операторлар кўрсатадиган муддатли тўлов хизматининг обекти бўла олмайди.
Уйни қурувчидан бевосита сотиб олиш мумкин
Адлия вазирлиги қарорда сотувчи томонидан истеъмолчига товар ёки хизматни тўғридан тўғри сотиш ҳолатлари муддатли тўлов хизмати тушунчасидан мустасно қилинганини таъкидлади.
Шунинг учун қурувчи ўзи барпо этган уй-жойни харидорга бевосита бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотишда давом этиши мумкин. Яъни фуқаролар 2027-йилдан кейин ҳам қурувчининг ўзи билан шартнома тузиб, уй-жойни «рассрочка»га сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.





