Logo

«Uzbekistan Airways» IPO'си 2027 йилга қолдирилиши мумкин

Bugun 10:253 daqiqa

«Uzbekistan Airways» ва «Ўзбектелеком»нинг халқаро IPO'си 2027 йилга қолдирилиши мумкин. Аввалроқ авиакомпания акцияларини 2026 йил охиригача жойлаштириш режалаштирилган эди.

«Uzbekistan Airways» IPO'си 2027 йилга қолдирилиши мумкин © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистон ҳукумати «Uzbekistan Airways» ва «Ўзбектелеком» акцияларини халқаро фонд бозорларида жойлаштиришни 2027-йилда амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров минтақавий ҳамкорлик, хусусий инвестициялар ва очиқ савдони ривожлантиришга бағишланган семинарда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, транспорт, авиация ва телекоммуникация соҳаларида инвестицияларни кўпайтириш учун мазкур тармоқларда фаолият юритаётган давлат компанияларини чуқур трансформация қилиш талаб этилади.

Шу муносабат билан Жамшид Қўчқоров 2027 йилда «Uzbekistan Airways» ва «Ўзбектелеком»нинг IPO'сини ўтказиш режалаштирилаётганини билдирди.

Унинг таъкидлашича, 2028–2029 йилларга келиб ўзаро боғлиқлик соҳаларидаги бошқа давлат компаниялари ҳам оммавий акциялар жойлаштириш жараёнига чиқиши мумкин.

Ислоҳотлар давом этади

Бош вазир ўринбосари давлат иштирокидаги компанияларни ислоҳ қилмасдан туриб транспорт, рақамли инфратузилма ва авиация соҳаларида самарали ривожланишга эришиб бўлмаслигини қайд этди.

Унинг фикрича, темирйўл соҳасини ривожлантириш учун темирйўл компанияларини, рақамли хизматларни такомиллаштириш учун телекоммуникация операторларини, авиацияни ривожлантириш учун эса авиакомпанияларни трансформация қилиш зарур.
Шу боис ҳукумат тартибга солинадиган стратегик тармоқларда фаолият юритаётган давлат компанияларини босқичма-босқич ислоҳ қилиш сиёсатини давом эттирмоқда.

Аввалги режа ўзгариши мумкин

Июнь ойи ўрталарида Президентга тақдим этилган «Uzbekistan Airways» акциядорлик жамиятини трансформация қилиш ва IPO'га тайёрлаш ишларини жадаллаштиришга оид тақдимотда миллий авиакомпания акцияларининг 15–20 фоизини 2026 йил якунига қадар халқаро IPO орқали жойлаштириш режалаштирилгани маълум қилинган эди.

Тақдимотга кўра, IPO'дан олдин «Uzbekistan Airways» фаолиятини мустақил баҳолаш, компаниянинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, махсус ҳаво кемаларини балансдан чиқариш ва давлат буюртмалари бўйича кўрсатилган хизматлар учун компенсация механизмини жорий этиш режалаштирилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 25 февралда қабул қилинган ПҚ–74-сонли қарорга мувофиқ, 2026 йил якунига қадар «Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармаси» АЖ устав капиталидаги 30 фоизгача акциялар халқаро ва маҳаллий фонд бозорларида бирламчи оммавий таклиф орқали сотилиши маълум қилинган эди. 29 апрел куни эса Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) 30 фоиз улуши учун IPO бошланганини эълон қилди. Акцияларнинг илк марта оммавий чиқарилиши London Stock Exchang ва Тошкентда икки томонлама, «дуал листинг» кўринишида ўтказилди.

IPO доирасида оддий акциялар ва глобал депозитар тилхатлар (GDR) таклиф этилди. Таклиф қилинган барча қимматли қоғозлар жамғарманинг ягона акциядори ҳисобланган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан сотувга чиқарилди. Жами 1,56 трлн дона акция таклиф қилинди, бу жамғарма акциядорлик капиталидаги 31 фоиз улушга тўғри келади. Битта глобал депозитар тилхат 64 700 та акцияга тенг қилиб белгиланди. Тошкент фонд биржасида қарийб 47,9 млрд дона акция сотилди.

Жисмоний шахслар учун акция нархи 4,65 сўм қилиб белгиланган бўлиб, 12 млрд сўмгача буюртма берган инвесторларга 5 фоизлик чегирма қўлланилди. Натижада улар акцияларни 4,41 сўмдан харид қилди.

London Stock Exchang биржасида эса 1,5 трлн донага яқин акция 23,4 млн дона глобал депозитар тилхат — GDR шаклида жойлаштирилди. Ҳар бир GDR нархи 25 доллар қилиб белгиланди. Жалб қилинган маблағларнинг умумий суммаси қарийб 603,6 млн долларни ташкил этди. Барча қимматли қоғозларни амалдаги акциядор — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги сотгани сабабли, компаниянинг ўзи IPO маблағларини олмайди.

Шунингдек, келгуси 30 кун ичида қўшимча жойлаштириш опциони доирасида яна 3,5 млн донагача GDR сотилиши мумкин. Агар ушбу механизм тўлиқ ишга туширилса, IPO доирасида сотилган улуш 35 фоизгача, жалб қилинган маблағ ҳажми эса 692 млн долларгача етади. Бирламчи жойлаштириш нархидан келиб чиқиб, Миллий инвестиция жамғармасининг бозор капитализацияси 1,95 млрд долларга баҳоланди.

Teglar

Mavzuga oid