add

Январда акциялар сегменти барқарор қолди, облигациялар эса 1 трлн сўмга ўсди

Kecha 14:552 daqiqa

2026 йил январ ойида акцияларда янги капитал жалб қилиш фаоллашмади, корпоратив облигациялар эса ҳажм ва эмитентлар сони бўйича ой драйверига айланди.

Январда акциялар сегменти барқарор қолди, облигациялар эса 1 трлн сўмга ўсди

2026 йил январ ойи якунларига кўра, акциялар сегментида кескин ўзгаришлар кузатилмади. Акциядорлик жамиятлари сони 694-695 та атрофида сақланиб қолди, акциялар чиқарилишининг умумий ҳажми эса ой давомида 262-265 трлн сўм диапазонида ҳаракат қилди. Бу бозорда агрессив ўсишдан кўра, мавжуд капитални қайта тузиш устувор бўлганини кўрсатади.

Ой давомида айрим йирик эмитентлар томонидан акция ҳажмларини қисқартириш ҳолатлари қайд этилди. Бироқ бу жараённи капиталдан чиқиш сифатида баҳолаш тўғри эмас. Кўп ҳолларда гап устав капиталини оптималлаштириш, мулк таркибини аниқлаш ёки корпоратив тузилмани соддалаштириш ҳақида бормоқда. Шу билан бирга, айрим компаниялар томонидан чекланган ҳажмда қўшимча акция чиқарилиши кузатилди. Бу ўсиш бутун бозор бўйлаб эмас, алоҳида эмитентлар ҳисобидан шаклланганини кўрсатади. Умуман олганда, январ ойи акциялар бозори учун кўпайишдан кўра, эҳтиёткорлик ва ички тузатишлар ойи бўлди.

Облигациялар етакчи сегмент

Январ ойида энг фаол сегмент корпоратив облигациялар бозори бўлди. Ой бошида чиқарилишларнинг умумий ҳажми тахминан 3,9 трлн сўмни ташкил этган бўлса, ой охирига келиб бу кўрсаткич 4,9 трлн сўмгача етди. Бир ойлик ўсиш қарийб 1 трлн сўмни ташкил қилди. Ой бошида корпоратив облигациялар бозорида 32 та эмитент иштирок этган бўлса, ой охирига келиб уларнинг сони 34 тага етди. Ўсиш асосан банк сектори томонидан амалга оширилган йирик облигация чиқарилишлари ҳиссасига тўғри келади. Бу молия институтларининг қисқа ва ўрта муддатли ресурсларни фонд бозори орқали жалб қилишга тобора кўпроқ мурожаат қилаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, реал сектор ва микромолия ташкилотларининг ҳам облигация бозорида фаоллашаётгани қарз инструментларига бўлган ишонч ортганидан далолат беради.

Феврал учун кутилмалар

Январ ойида капитал бозори рекорд қувиш босқичидан ресурсларни қайта жойлаштириш босқичига ўта бошлади. Акцияларда эҳтиёткорлик сақланиб қолган бўлса, облигацияларда тезкор молия жалб қилишга қизиқиш ошди. Февраль ойида ҳам ушбу тенденция сақланиб қолиши эҳтимоли юқори. Бироқ асосий эътибор ҳажмга эмас, сифатга қаратилади. Бозор учун «қанча чиқарилди?»дан кўра, «ким чиқарди ва қандай шартларда?» деган савол ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Купон ставкалари, муддатлар, эмитентнинг молиявий ҳолати ва ахборот очиқлиги талабни белгилаб беради.

Г.Бозорова тайёрлади.

Teglar

Mavzuga oid