Европанинг энг бой одами ўзининг люкс империяси акцияларини қайта сотиб оляпти
Бернар Арно LVMH устидан тўлиқ назоратни қўлга киритиш йўлида қадам ташламоқда. 2025 йил учун эълон қилинган заиф молиявий ҳисобот компания қийматининг кескин тушиб кетишига олиб келганидан сўнг, бизнесмен ўз конгломерати акцияларини оммавий равишда сотиб олишни бошлади. Бир ҳафта ичида у бунга 400 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлади.

Франциялик миллиардер Бернар Арно январ ойи охирида инвесторларни қониқтирмаган молиявий ҳисобот эълон қилиниб, акциялар нархи тушиб кетганидан сўнг дунёдаги энг йирик люкс холдинги – LVMH акцияларини фаол равишда сотиб олишни бошлади. Арно акциялар хариди учун аллақачон 400 миллион евродан ортиқ маблағ йўналтирган. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.
Январ ойи охирида молиявий натижалар тақдимоти чоғида бизнесмен унинг оилавий гуруҳи 2026 йилда LVMH’даги улушини 50 фоиздан юқори даражага етказишни истаётганини билдирган эди. 11 феврал куни Париж биржасидаги савдоларда LVMH акциялари 1,6 фоизга тушди. Йил бошидан буён эса улар 18 фоизга арзонлашган.
«Катта харид» хроникаси
Париж фонд биржаси маълумотларига кўра, Арно инвесторларни олдинда қийин йил кутаётгани ҳақида огоҳлантирганидан бир кун ўтиб, 28 январда миллиардер тахминан 100 миллион евро қийматида акциялар сотиб олган.
Бернар Арно бу билан тўхтаб қолмаган ва ўз холдинг компаниялари орқали улушини оширишда давом этган. 4 феврал ҳолатига кўра, умумий харид ҳажми тахминан 757 минг акцияни ташкил этган, бу эса 407 миллион еврога тенг.
Мақсад – мутлақ кўпчилик
Арно компания капиталидаги улушини психологик муҳим бўлган 50% чегарасидан ошириш режасини очиқ айтиб келмоқда (ҳозирда унинг оиласи акцияларнинг 49 фоизини ва овозларнинг қарийб 65 фоизини назорат қилади).
Бу қадам классик «buy the dip» (пасайишда сотиб олиш) стратегиясига ўхшайди. Арно 2026 йил учун пессимистик прогнозини эълон қилганидан сўнг, LVMH акциялари арзонлашди ва бизнесмен бир кунда 15 миллиард долларлик «қоғоздаги» бойлигини йўқотди. Аммо у учун бу активларни арзон нархда сотиб олиш имкониятига айланди.
Тўлиқ назорат стратегияси
Арнонинг ҳаракатлари активларни консолидация қилишга қаратилган узоқ муддатли стратегиясига мос келади. У фақат она компаниядаги улушини оширибгина қолмай, айрим брендлар устидан назоратни ҳам кучайтирмоқда.
Ўтган ой маълум бўлишича, LVMH элита кашмир (иссиқ жунли мато) ишлаб чиқарувчиси «Loro Piana»даги улушини 85 фоиздан 94 фоизга ошириш учун 1 миллиард евро сарфлаган. Бу шуни кўрсатадики, иқтисодий беқарорлик даврларида «кашмирдаги бўри» (Арнонинг лақаби) рискларни диверсификация қилишдан кўра, аксинча, ҳокимиятни оила қўлида жамлашни ва ташқи акциядорлар таъсирини камайтиришни афзал кўради.
Таҳлилчилар нима дейди?
Шусиз ҳам LVMH акцияларининг 49 фоизини ва овозларнинг қарийб 65 фоизини назорат қиладиган Арнога 50% чегарасидан ошиш нега кераклиги ноаниқлигича қолмоқда.
«Бу торт устидаги гилос каби рамзий аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Шу билан бирга, бу оптимизмни намоён этиш усули ҳамдир», – дейди «AlphaValue» таҳлилчиси Фредерик Женевре.
«Marketscreener» маълумотларига кўра, LVMH акцияларини кузатаётган 27 нафар таҳлилчидан 14 нафари уларни сотиб олишни тавсия этади, 12 нафари портфелда сақлашни, фақат биттаси сотишни маслаҳат беради. Таҳлилчиларнинг ўртача мақсадли нархи 10 феврал ёпилиш нархига нисбатан холдинг котировкалари қарийб 20 фоизга ўсишини назарда тутади.
Бойлар рейтингидаги пасайиш
Лукс секторидаги инқироз Арнонинг дунёдаги энг бой одамлар рўйхатидаги ўрнига ҳам салбий таъсир қилди. Агар у 2022 йилда рейтингни бошқарган бўлса, ҳозир «Bloomberg Billionaires Index» маълумотларига кўра, 7-ўринга тушиб қолган.
Унинг капитали 2024 йил март ойидаги рекорд 231 миллиард доллардан ҳозирги 181 миллиард долларгача қисқарди. Бунинг асосий сабаблари асосий бозорларда, хусусан Хитойда, люкс товарларга («Louis Vuitton» сумкалари, «Hennessy» коняги, «Dior» кийимлари) талабнинг пасайиши ва Илон Маск каби технологик магнатлар бойлигининг ўсишидир.





