Logo

Ёруғлик билан мияни бошқаришдан муз остидаги зарраларгача: 2026 йилги Нобел мукофотлари кимларга берилди?

Bugun 11:0010 daqiqa

2026 йилги Нобел ҳафталиги якунланиб, тиббиёт, физика, кимё, адабиёт, тинчлик ҳамда иқтисодиёт бўйича йилнинг энг муҳим кашфиётлари муаллифлари маълум бўлди.

Ёруғлик билан мияни бошқаришдан муз остидаги зарраларгача: 2026 йилги Нобел мукофотлари кимларга берилди? © Reuters

Нобел қўмитаси 5 октябрдан 9 октябрга қадар энг нуфузли мукофот лауреатлари номини эълон қилган бўлса, 12 октябрда Швеция Давлат банки томонидан Алфред Нобел хотирасига таъсис этилган иқтисодиёт бўйича мукофот соҳиблари ҳам маълум бўлди. Тақдирлаш маросими анъанага кўра 10 декабрда — Нобел вафот этган кунда бўлиб ўтади. Мукофотнинг 125 йиллиги муносабати билан унинг миқдори 1 миллион швед кронасига оширилиб, жами 12 миллион кронага (тахминан 1,2 миллион доллар) етди.

Жорий йилги Нобел мукофоти соҳиблари ёруғлик ёрдамида мияни бошқариш, Антарктида музликларида нейтриноларни тутиш, органик молекулалар геометриясини ўзгартириш, антик давр меросини қайта кашф қилиш, инсониятга қарши жиноятларни тергов қилиш ва макроиқтисодий инқирозларни жиловлаш каби мураккаб вазифаларни уддалашди.

Физиология ва тиббиёт

Физиология ва тиббиёт йўналишидаги мукофот «ёруғликни сезувчи ион каналлари ҳамда оптогенетика соҳасидаги кашфиётлари учун» америкалик Карл Дейссерот (Говард Хюз тиббиёт институти ва Стенфорд университети) ҳамда германиялик олимлар — Петер Хегеманн (Гумболдт номидаги Берлин университети) ва Георг Нагелга (Вюрцбург университети) топширилди.

Мияни ўрганишда оптогенетика усулларидан қарийб 20 йилдан бери фойдаланиб келинади. Бу усуллар ёруғлик сигналлари орқали маълум бир нейронлар фаолиятини бошқариш имконини беради. Бундай тажрибалар асосан лаборатория сичқонларида ўтказилади. Масалан, олимлар уйғоқлик учун жавобгар нейронлар гуруҳини фаоллаштирганда, ухлаб ётган сичқонлар дарҳол уйғонади. Шунингдек, дофамин нейронларига таъсир кўрсатиш орқали жониворлардаги ҳузур-ҳаловат ҳиссини сусайтириш ёки, аксинча, уларни тушкунликдан чиқариш мумкин. Бундан ташқари, олимлар сичқонларнинг ижтимоий хулқ-атворини ўзгартириш, хотираси ва атроф-муҳитни қабул қилишига таъсир ўтказишга ҳам эришишган.

Нейронларни ёруғлик ёрдамида бошқаришдек инқилобий ғояни ҳали 1970 йиллардаёқ ДНК кашфиётчиларидан бири Френсис Крик илгари сурган эди. Аммо бу ғояни амалга оширишда бир ҳужайрали организмлар устида олиб борилган тадқиқотлар асқотди. 1990 йилларда Петер Хегеманн фотосинтез учун ёруғликка эҳтиёж сезадиган ва доим ёруғлик томон интиладиган «хламидомонада» номли бир ҳужайрали сувўтларининг ёруғликка реакциясини ўрганди. Аниқланишича, бу сувўтларининг ёруғликка таъсирчанлиги ўта юқори бўлиб, электрокимёвий сигнал миллисониянинг бир неча улушидаёқ юзага келар экан. Хегеманн ёруғликни сезувчи оқсилларни кодлайдиган сувўти генларини аниқлашга муваффақ бўлди. Бу оқсилларнинг (каналородопсинларнинг) қандай ишлашини тушунишда эса Георг Нагелнинг тажрибалари қўл келди. Шундан сўнг Хегеманн ва Нагел ген муҳандислиги ёрдамида сут эмизувчилар ҳужайраларини ҳам ёруғликни сезадиган ҳолатга келтириш мумкинлигини исботлаб беришди. Ушбу тадқиқот натижалари 2003 йилда эълон қилинган.

Орадан бир неча йил ўтгач, шифокор-психиатр ва нейробиолог Карл Дейссерот мазкур технологияни айрим нейронлар фаоллигини бошқариш мақсадида қўллади. Тез орада Дейссерот ва унинг ҳамкасблари «каналородопсин-2» генини тирик сичқон миясидаги муайян нейронларга киритиш ҳамда уларга ингичка оптик толали кабел орқали лазер нури билан таъсир кўрсатишни ўзлаштиришди. Энг оддий тажрибада ёруғлик импулсининг таъсири сичқонларнинг мўйлови қимирлашига олиб келган эди. Шундан буён мазкур йўналишдаги илмий изланишлар жадал давом эттирилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу усулларни тиббиётда қўллаш ҳақида ҳозирча фақат эҳтиёткорлик билан гапириш мумкин. Шундай бўлса-да, оптогенетика ёрдамида 40 йил давомида кўзи ожиз бўлган беморнинг кўриш қобилиятини қисман тиклашга аллақачон эришилган.

Физика

Физика бўйича мукофот «IceCube» нейтрино обсерваторияси фаолиятига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда юқори энергияли астрофизик нейтриноларни кашф этгани учун америкалик олим Френсис Халзенга (Медисондаги Висконсин университети) топширилди.

Халзен дунёнинг 14 мамлакатидан келган 450 га яқин олимни бирлаштирган кенг кўламли лойиҳа ташаббускори ва раҳбари ҳисобланади. Мазкур лойиҳа коинотдан келувчи улкан энергияга эга заррачаларни — нейтриноларни излашга қаратилган. Шу мақсадда Антарктидада 2,5 километргача чуқур қудуқлар қазилиб, уларга оптик детекторлар ўрнатилган ўта мустаҳкам трослар туширилган. Нейтрино обсерваториясининг қурилиши 2005 йилда бошланиб, 2010 йилда якунланган.

Лойиҳа жами бир куб километрга яқин муз қатламини қамраб олган. Бу эса нейтринонинг модда билан таъсирлашиш эҳтимолини оширади ҳамда коинот қаъридан учиб келиб, Ерни тешиб ўтадиган нейтриноларни атмосферамизда пайдо бўладиганларидан ажратиб олиш имконини беради. Нейтринолар муз атомлари билан ўзаро таъсирга киришиб, улкан тезликда ҳаракатланадиган мюонларни ҳосил қилади. Улар эса ўз навбатида «Черенков нурланиши» деб аталувчи ёғду таратади. Музнинг шаффофлиги туфайли олимлар бу нурланишни аниқроқ қайд этишга муваффақ бўлишмоқда.

Юқори энергияли астрофизик нейтриноларни излаш ускунаси ғояси ҳали 1960 йилларнинг бошларидаёқ совет олими Моисей Марков томонидан илгари сурилган эди. Дастлаб бундай қурилмаларни сув остига жойлаштириш кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунда иккита сув ости нейтрино телескопи ишлаб турибди. Булар — Россиянинг «Baikal-GVD» ва Ўрта Ер денгизида жойлашган Франция-Италия ҳамкорлигидаги «KM3NeT» телескопларидир.

Кимё

Кимё бўйича мукофот «асимметрик органик синтездаги ночизиқли эффектлар ва автокатализни кашф этгани учун» франциялик Анри Каган (Париж-Жануб университети) ва япониялик Кенсо Соаига (Токио табиий фанлар университети) топширилди.

Айрим органик моддалар молекулалари фазода бир-бирининг кўзгудаги акси бўлган изомерлар — энантиомерлар кўринишида мавжуд бўлиши мумкин. Ушбу хусусият хираллик деб аталади. Кимёгарлар бундай моддаларни синтез қилганда, иккала энантиомернинг тенг миқдордаги аралашмаси ҳосил бўлади. Бироқ тирик организмларда кўпинча бу икки энантиомернинг фақат биттаси учрайди. Шу сабабли, моддани айнан керакли шаклда синтез қилиш тиббиёт учун ўта муҳимдир. Чунки энантиомерлардан бири шифобахш хусусиятга эга бўлса, иккинчиси умуман таъсир қилмаслиги ёки ҳатто заҳарга айланиши ҳам мумкин.

2021 йилда ҳам Нобел мукофоти айнан органик асимметрик катализни ишлаб чиққанлик учун берилган эди. Ўшанда олимлар органик молекула-катализаторларни қўллаш орқали шундай энантиомерлар аралашмасини олишга эришишгандики, унда энантиомерлардан бирининг улуши яққол устунлик (100 фоизга яқин) қилган. Жорий йилги лауреатлар эса катализатор ва маҳсулот хираллиги ўртасидаги узвий боғлиқликни ўрганишди.

1986 йилда Анри Каган бошчилигидаги тадқиқотчилар гуруҳи катализатор ва реакция маҳсулоти таркиби ўртасида ночизиқли боғлиқлик мавжуд бўлиши мумкинлигини кўрсатиб берган эди. Маълум шароитларда катализаторнинг керакли энантиомери бироз устунлик қилса, бу ҳолат маҳсулотнинг зарур энантиомерини синтез қилишда анча юқори танловчанликни таъминлаб бера олади.

1995 йилда эса Соаи ва унинг ҳамкасблари асимметрияни нафақат кучайтириш, балки уни ўз-ўзини давом эттирадиган ҳолатга келтириш мумкинлигини исботлашди. Шу тариқа, дастлабки арзимас симметрия бузилишини кимёвий йўл билан кучайтириш имконияти пайдо бўлди. Бу эса фармацевтика саноати учун улкан фойда келтирди.

Адабиёт

Адабиёт йўналишидаги мукофот «мумтоз анъаналар билан теран мулоқотга киришиб, замонавий адабиёт учун янги шаклларни яратувчи дадил ва новаторлик ижоди учун» канадалик ёзувчи, шоира ва эссенавис Энн Карсонга топширилди.

Энн Карсон 1950 йилда Канадада туғилган. У Торонто университетида мумтоз филологияни ўрганган, кўп йиллар давомида Америка университетларида дарс берган. Шунингдек, Софокл, Эсхил ва Эврипид трагедияларини ҳамда Сапфо шеърларини инглиз тилига таржима қилган.

Адиба ўзининг «Аччиқ-чучук эрос» номли илк китобини 1986 йилда «Odi et amo ergo sum» (лотинчадан таржимаси: «Нафратланаман ва севаман — демак, мавжудман») номли диссертацияси асосида ёзган. Мазкур асар мумтоз даврнинг муҳаббат ҳақидаги қарашларини қуруқ академизмдан йироқ тарзда, ўта нозик таҳлил қилиб беради. Карсоннинг таъкидлашича, у учун «стереоскопик нигоҳ» жуда муҳим. Шу сабабли, ўз эсселарида у қадимги ва замонавий муаллифларни, масалан, Фукидид ва Виржиния Вулфни ўзаро таққослайди.

Адиба ижодининг чўққиси сифатида кўпинча 1998 йилда ёзилган «Қизилнинг автобиографияси» шеърий романи эътироф этилади. Асардаги воқеалар Ҳеракл томонидан ўлдирилган мифологик қанотли махлуқ — Герион тилидан ҳикоя қилинади. Милоддан аввалги VI асрга оид достонни қайта ишлаш орқали Карсон воқеаларни замонамизга кўчиради. Унинг талқинидаги Герион эса таъсирчан ва ошиқ ўсмирга айланади.

2010 йилда Карсон марҳум акаси Майкл хотирасига бағишлаб «Нокс» китобини яратди. Акаси 1970 йилларда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғуллангани учун ҳибсга олинган, кейинчалик Канададан қочиб кетган ва оқибатда Карсон у билан ўнлаб йиллар давомида алоқани узган эди. Вафотидан олдин акаси Копенгагендан синглисига қўнғироқ қилишга улгурган, бироқ уларнинг дийдорлашиши барибир насиб этмади.

Чуқур қайғуга ботган Карсон, худди шундай мусофирчиликда вафот этган акаси хотирасига бағишлаб қадимги римлик шоир Катулл ўз акасига атаб ёзган шеърни таржима қилди ва унга шарҳ битди. Ушбу шеър, шунингдек, оилавий архивдаги бошқа матнлар, хотиралар, суратлар ва хатлар жамланиб, гармошка шаклида букланган ва қутичага жойланган узун қоғоз тасмаси кўринишидаги ғайриоддий китоб сифатида нашр этилди.

Яқинда ёзган эсселаридан бирида Карсон Паркинсон касаллигига чалинганини ва муолажа сифатида ҳафтасига уч марта бокс машғулотларига қатнашаётганини маълум қилди. У Принстон университетида Конфуцийнинг «Ёзуви қамишдек тебранадиган одамдан эҳтиёт бўл» деган ибораси билан кинояли тарзда номланган очиқ маърузасида нутқ сўзлаётган вақтдаёқ бокс қўлқопларини кийиб олди. Қўлқопларни кийишда эса унга турмуш ўртоғи — ҳозирда адиба билан бирга Исландияда яшаётган рассом Роберт Карри ёрдамлашди.

Тинчлик мукофоти

Тинчлик мукофоти «тинчлик ва халқаро ҳуқуқни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун» жанубий африкалик ҳуқуқшунос, ҳозирда БМТ Халқаро судининг судяси бўлиб ишлаётган Нави Пиллейга насиб этди.

Пиллей 1941 йилда Жанубий Африка Республикасида (ЖАР), тамиллар оиласида дунёга келган. Унинг бобо-бувиси 1890 йилларда Ҳиндистондан Африкага кўчиб ўтган ва шакарқамиш плантацияларида ишлаган. Отаси автобус ҳайдовчиси, онаси эса уй бекаси бўлган. Оиласи қашшоқ яшаганига қарамай, Нави Натал университетида олий маълумот олишга муваффақ бўлди. У 1967 йилда ўз юридик фирмасини очди ва қарийб 30 йил давомида апартеидга қарши курашганларни, жумладан, қийноқларга солинган маҳбусларни судларда ҳимоя қилди. Судларда ғалаба қозониш камдан-кам кузатиларди, мижозларнинг эса кўпинча хизмат ҳақини тўлашга қурби етмасди. Аммо Пиллейнинг сўзларига кўра, у «бўйсунмасликнинг ҳар қандай кўриниши аҳамиятга эга» эканига қаттиқ ишонарди. 1980 йилларда у Гарвард университетида таҳсил олиб, ҳуқуқшунослик бўйича докторлик даражасини ёқлади.

1992 йилда Пиллей икки ҳамкасби билан биргаликда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонунчиликда тенг ҳуқуқлиликка эришишни мақсад қилган «Equality Now» («Ҳозироқ тенглик») халқаро ташкилотига асос солди. Бугунги кунда ушбу ташкилот дунёнинг 85 та давлатида фаолият юритмоқда.

1995 йилда апартеид бекор қилинганидан сўнг, ЖАР президенти этиб сайланган Нелсон Мандела Пиллейни мамлакат Олий суди судяси этиб тайинлади. Ўша йили у Руанда бўйича Халқаро трибунал судяси этиб сайланди, бир неча йил ўтгач эса шу трибунал раисига айланди. Мазкур трибунал тутси халқига нисбатан оммавий қотилликлар ва зўравонлик ҳаракатларини тергов қилган эди.

2003–2008 йилларда Пиллей Халқаро жиноий суд судяси бўлди, 2008 йилдан 2014 йилга қадар эса БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари лавозимида ишлади. 2021 йилдан 2025 йилгача у БМТнинг ишғол қилинган Фаластин ҳудудларидаги воқеаларни тергов қилувчи Мустақил халқаро комиссиясига раҳбарлик қилди. Ушбу комиссия хулосалари қизғин баҳс-мунозара ва танқидларга сабаб бўлди.

Ҳозирги кунда Нави Пиллей Мянма ҳукумати роҳинжа мусулмонларига нисбатан геноцидда айбланаётган иш бўйича БМТ Халқаро суди судяси сифатида фаолият юритмоқда.

Иқтисодиёт

Швеция Давлат банки томонидан таъсис этилган, Алфред Нобел хотирасига бағишланган иқтисодиёт бўйича мукофотни «макроиқтисодий барқарорлашувнинг микроиқтисодий асосларини ишлаб чиққанлиги учун» америкалик олимлар — Роберт Холл (Стенфорд университети) ва Майкл Вудфорд (Колумбия университети) қўлга киритди.

Лауреатлар неокейнсчилик парадигмасига асос солишган. Бу ёндашув доирасида иқтисодий моделлар «пастдан юқорига» тамойили, яъни микродаражада — алоҳида уй хўжаликлари ва корхоналар қабул қиладиган қарорларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

Кейнсчилик парадигмасига кўра, асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар (инфляция, истеъмол, ишсизлик, ишлаб чиқариш ҳажми) ўртасида барқарор ўзаро боғлиқлик мавжуд бўлиб, одатда юқори ишсизлик кузатилган даврда инфляция паст бўлади ёки аксинча. Бироқ 1970 йиллардаги нефт инқирози даврида бу боғлиқликни олдиндан айтиб бериш мураккаблашиб қолди: ишсизлик ортишига қарамай, инфляция ўсишда давом этди. Даромад ва истеъмол ўртасидаги алоқадорлик ҳам аввалгидек ишончли эмаслиги аён бўлди.

1970 йилларнинг охири ва 1980 йилларнинг бошларида Роберт Холл уй хўжаликларининг қанча қисми келажакдаги даромадлар ҳамда бошқа иқтисодий омиллар бўйича кутилмаларга таяниб узоқ муддатли қарорлар қабул қилишини ва бу ҳолат истеъмолга қандай таъсир кўрсатишини ўрганиш методикасини таклиф қилди.

Майкл Вудфорд эса ўз неокейнсчилик моделини 2003 йилда нашр этилган китобида тақдим этди. У ишлаб чиқаришнинг амалдаги ҳажми ҳамда табиий ҳажми (талаб ва таклиф мукаммал даражада мос келганда вужудга келадиган ишлаб чиқариш даражаси) ўртасидаги тафовутни ҳисобга олишни таклиф қилди. Бундан ташқари, Вудфорд назоратдан чиққан инфляцияни жиловлаш чораларини тавсия қилди.

Бугунги кунда лауреатларнинг моделларидан дунё бўйлаб молия вазирликлари ва марказий банклар фойдаланмоқда. Ушбу моделлар барқарорлаштириш сиёсати доирасида асосли қарорлар қабул қилишга хизмат қилмоқда. Холл ва Вудфорднинг тадқиқотлари йирик макроиқтисодий инқирозларни аввалгига нисбатан анча самарали бартараф этиш имконини беради. Бу эса сўнгги йилларда кузатилган пандемия ва энергетика инқирози шароитида ҳам ўз самарасини кўрсатди. Иқтисодий пасайиш ва юқори инфляция даврлари бутунлай йўқолиб кетгани йўқ, бироқ уларнинг давомийлиги сезиларли даражада қисқарди.

Teglar

Mavzuga oid