Logo

20 дан ортиқ банк ва микромолия ташкилотлари жаримага тортилди

Бугун 10:102 дақиқа

Рақобат қўмитаси молиявий хизматлар рекламасида қонун талабларини бузган 20 дан ортиқ тижорат банки ва микромолия ташкилотига молиявий жарима қўллади.

20 дан ортиқ банк ва микромолия ташкилотлари жаримага тортилди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Рақобат қўмитаси оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган молиявий хизматлар рекламалари юзасидан ўтказилган мониторинглар натижасида қонунчилик талабларини бузиш ҳолатлари аниқланганини маълум қилди.

Қайд этилишича, ўрганишлар давомида реклама материалларида истеъмолчиларни чалғитувчи ёки тўлиқ бўлмаган маълумотлар кенг тарқалгани кузатилган. Шу муносабат билан 20 дан ортиқ тижорат банки ва микромолия ташкилотига белгиланган тартибда молиявий жарималар қўлланилган.

Қўмитага кўра, қонунбузилишларнинг асосий қисми айнан молиявий хизматлар рекламаси ҳиссасига тўғри келган.

«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 43-моддасига мувофиқ, молиявий хизматлар рекламаси бошқа ахборотдан аниқ ажралиб туриши, истеъмолчиларни чалғитмаслиги, шартнома тузиш учун муҳим бўлган барча шартларни тўлиқ очиб бериши лозим.

Бироқ текширувлар давомида айрим рекламаларда кредит ва омонатлар бўйича фоиз ставкалари, амал қилиш муддати, минимал талаблар, қўшимча тўловлар, микроқарз шартлари, воситачилик ёки суғурта тўловлари ҳақидаги муҳим маълумотлар умуман келтирилмаган ёки жуда майда ва тушуниш қийин шаклда берилгани аниқланган.

Шунингдек, рекламада икки маъноли иборалардан фойдаланиш, хизмат шартларини бўрттириб кўрсатиш ёки бошқа ташкилотларнинг номи ва товар белгиларига тегишли калит сўзлардан фойдаланиш орқали истеъмолчиларни чалғитиш ҳолатлари ҳам қайд этилган.

Қўмита огоҳлантирди

Рақобат қўмитаси молиявий хизматларга оид рекламаларда барча маълумотлар аниқ, тўлиқ ва истеъмолчилар учун осон ўқиладиган шаклда тақдим этилиши шартлигини эслатди.

Шунингдек, молиявий хизматлар рекламаларида нотўғри ёки чалғитувчи маълумотлар тарқатилгани аниқланган тақдирда, қонунчиликка мувофиқ тегишли молиявий санкциялар қўлланиши яна бир бор таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси «Анор Банк»ни молиявий жаримага тортган эди.

Теглар

Мавзуга оид