2025 йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хизмат сафарларига қанча маблағ сарфлангани очиқланди
Вазирлик ўтган йилда 120 марта хорижий ва 383 марта маҳаллий хизмат сафарлари уюштирган.
© Мактабгача таълим вазирлигиМактабгача ва мактаб таълими вазирлиги раҳбарлари 2025 йилда хорижий ва маҳаллий хизмат сафарлари учун жами 3,3 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган. Бу ҳақда вазирлик эълон қилган маълумотларда кўриш мумкин.
Вазирлик маълумотларига кўра, хизмат сафарлари учун сарфланган маблағларнинг асосий қисми хорижий ташрифларга тўғри келади. Хусусан, йил давомида 120 марта чет элга хизмат сафари амалга оширилган. Бу сафарлар учун эса жами 2 млрд 447 млн сўм сарфланган. Ўтган йили хорижий сафарлар 24 та давлатга амалга оширилган бўлиб, ҳар бир ташриф ўртача 20,4 млн сўмга тушган.
Энг кўп маблағ Францияга амалга оширилган 15 та сафар учун сарфланган — 427 млн сўмдан ортиқ. Шунингдек, Хитойга 18 марта, Туркияга 12 марта, Буюк Британияга 5 марта, Саудия Арабистони ва Филиппинга 4 марталаб хизмат сафарлари ташкил этилган.
Энг қиммат ташриф собиқ вазир, ҳозирда вазир ўринбосари бўлган Ҳилола Умарованинг Лондонга қилган хизмат сафари бўлган — 78,6 миллион сўм. Шунингдек, вазирлик эълон қилган ҳисоботларда барча хорижий сафарлар бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига амалга оширилгани келтирилиб ўтилган.
Шу билан бирга, 2025 йил давомида вазирлик 383 та маҳаллий хизмат сафарларини амалга оширган ва улар учун 875,8 млн сўм сарфланган. Энг кўп сафарлар Самарқанд вилоятига (105 та), энг ками эса Қашқадарё вилоятига (14 та) тўғри келган.





